Саримсоқни помидор, бақлажон, бодринг каби сабзавотлардан кейин экиш тавсия қилинади, чунки улар экилиб, йиғиштирилган тупроқда саримсоқ ривожланиши учун фойдали микроэлементлар етарли бўлади.
Ҳеч қачон уни пиёз, картошка, сабзи сингари илдизмева гуруҳига кирувчи сабзавотлардан бўшаган ерларга экманг. Сабаби, у тупроқлар таркибида саримсоқ учун энг керакли бўлган Калий умуман бўлмайди.
Иккинчи сабаби, илдизмевалар ҳар хил зараркунанда ҳашоратларни ўзига чақирувчилар ҳисобланади.
Кузги навлар серҳосил ҳисобланади. Саримсоқ кузда, сентябрь-октябрнинг бошларида экилади. Бундан кечиктириб экилса, кузда яхши илдиз олишга улгура олмайди. Шу сабабдан қишки совуқлардан ва касалликлардан шикастланиб, ҳосили камаяди.
Саримсоқпиёз асосан палласидан экилади. Экишдан 3-4 кун олдин паллаларга ажратилади, сараланади, касалланган, эзилган ҳамда майдалари ажратиб ташланади. Саримсоқни ўртача ва ўртачадан каттароқ, яъни оғирлиги 2-6 граммдан кам бўлмаган паллалари экилади. Шуни айтиш керакки, қанча йирик паллалар экилса, ҳосил шунча юқори бўлиши тажрибаларда исботланган.
Саримсоқни экиш учун сараланган, касалланмаган, эзилмаган 2-6 граммли паллалари икки-уч қаторли лентасимон усулда экилади. Ленталараро масофа (эгат кенглиги) 70 см бўлиб, лентадаги қўш қатор оралиғи 20 см, уч қаторли экишда оралари 15 см, қаторчаларда пиёз паллачалари ораси 7-8 см ли ҳолда экилади.
Шундай қилиб, саримсоқнинг экиш схемаси: 5-6 см х 7-8 см кўринишда, гектарига 450-600 минг дона ва ўсимлик жойлашади. Экиш чуқурлиги 5-8 см ни ташкил қилади. Экиш меъёри, яъни бир гектар майдонга саримсоқ паллаларидан 1000-1200 кг сарфланади.
У.С.Умаров,
Ш.У.Шораҳимов.
Тошкент вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси «Олмалиқ ТИФ» инспектори.