Шаҳримиздаги “Металлург” маданият саройида маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва мавжуд масалаларга амалий ечим топишга қаратилган очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиев, “Халқ банки” бошқаруви раиси Шуҳрат Атабаев ҳамда Олмалиқ шаҳар ҳокими Барҳаёт Мелиев иштирок этиб, тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилдилар.
Мулоқот давомида тадбиркорларнинг таклиф ва мурожаатлари тингланиб, айниқса, яқинда “Ойдин” деҳқон бозорида юз берган нохуш ҳодиса оқибатида жабр кўрган тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлган тадбиркорлар учун шаҳардаги хавфсиз ва қулай муқобил савдо майдонларидан вақтинчалик жой ажратиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, тадбиркорларнинг молиявий эҳтиёжлари ҳам эътибордан четда қолмади. Банк маблағларига эҳтиёж билдирган тадбиркорларга зарур молиявий ресурсларни ажратиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилиб, тегишли ечимлар белгиланди.
Учрашувда ҳар бир мурожаатни умумий ёндашув асосида эмас, балки тадбиркорнинг аниқ ҳолатидан келиб чиққан ҳолда ўрганиш зарурлиги таъкидланди. Билдирилган таклиф ва мурожаатлар тегишли мутасаддиларга бириктирилиб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича вазифалар белгиланди.
Бундай очиқ мулоқотлар тадбиркорларнинг муаммоларини жойида ўрганиш, уларга тезкор ва амалий ёрдам кўрсатиш, шунингдек, шаҳарда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этади.


