Олмалиқ шаҳрида халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг навбатдаги 52-сессияси бўлиб ўтди. Унда шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи, ободонлаштириш ишларини янада яхшилаш ҳамда аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган бир қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.
Сессия ишида халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутатлари, Эксперт гуруҳи аъзолари, шаҳар молия бўлими ва Ободонлаштириш бошқармаси мутасаддилари, шунингдек, тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Йиғилиш кун тартибидан учта муҳим масала ўрин олди.
Жумладан, биринчи масала — шаҳримизда 2026 йилнинг 2-мавсуми доирасида ўтказилган “Ташаббусли бюджет” жараёнлари якунларини кўриб чиқиш ҳамда ғолиб деб топилган лойиҳаларни тасдиқлаш масаласи бўлди. Мазкур жараён доирасида аҳолининг таклиф ва ташаббуслари инобатга олиниб, ҳудудларни янада обод қилиш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар саралаб олинди.
Шунингдек, сессиядашаҳар Ободонлаштириш бошқармаси тасарруфидаги ички ва марказий кўчаларнинг якуний манзилли рўйхатини тасдиқлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Бу борада шаҳар кўчаларини ободонлаштириш, уларнинг ҳолатини яхшилаш ва аҳоли учун қулай муҳит яратиш бўйича амалга ошириладиган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Кун тартибидаги учинчи масала эса халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг 2023 йил 20 июлдаги қарорларига ўзгартириш киритиш билан боғлиқ бўлди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2023 йил 25 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламент ва одоб комиссияси фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш масаласи кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги ҳар бир масала депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилиниб, доимий комиссия раисларининг хулосалари эшитилди. Билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида тегишли қарорлар лойиҳалари кўриб чиқилди.