ТУҒИЛГАНЛИК ҲАҚИДА ГУВОҲНОМА:  УНИ БЕРИШ ТАРТИБИ ВА АҲАМИЯТИ

ТУҒИЛГАНЛИК ҲАҚИДА ГУВОҲНОМА: УНИ БЕРИШ ТАРТИБИ ВА АҲАМИЯТИ


ТУҒИЛГАНЛИК ҲАҚИДА ГУВОҲНОМА: УНИ БЕРИШ ТАРТИБИ ВА АҲАМИЯТИ

- Яқин дугонам шу кунларда фарзандли бўлишга тайёргарлик кўраяпти. Лекин, афсуски, боланинг отаси билан муносабатлари бузилиб кетган. Чақалоққа туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома олиш тартиби қандай бўлади?

С.ИСТАМОВА.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 206-моддасига асосан боланинг туғилганлигини қайд этиш учун бола туғилганлиги ҳақидаги тиббий маълумотнома, ота-онанинг оилавий аҳволи ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади.

Боланинг туғилишини бир ойлик муддат ичида қайд этиш зарур. Чунки боланинг фуқароликка эга бўлиши ва унинг ота-онаси ким эканлигини тасдиқловчи шаксиз далил бу боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ҳисобланади.

Бола қонуний никоҳда турган ота-онадан туғилганда унинг туғилишини расмийлаштириш ортиқча муаммолар келтириб чиқармайди. Лекин бу ҳаёт, унда турли хил муаммолар ҳам мавжуд бўлиши мумкин. Бола қонуний никоҳда турмаган ота-онадан туғилган ҳолатлар ҳам учраб туради. Бундай вазиятда унинг туғилишини расмийлаштириш қуйидагича амалга оширилади:

Агар аёл қонуний никоҳда турмаган бўлса, шунингдек, отанинг болани тан олган ҳолати мавжуд бўлмаса, фарзандининг туғилганлик ҳолатини расмийлаштириш ёлғиз она тартибида расмийлаштирилади.

Бунда тегишли ФҲДЁ бўлимига онанинг шахсни тасдиқловчи ҳужжати ва ёзма аризаси тақдим этилади. Бундай ҳолларда болага онанинг фамилияси бўйича, боланинг ота исми онанинг оғзаки кўрсатмасига асосан, отанинг фамилияси ҳам онанинг фамилияси бўйича кўрсатилади, яъни Оила кодексига асосан боланинг туғилганлик ҳолати ёлғиз она сифатида расмийлаштирилган ҳолларда ҳам ота ҳақидаги маълумотлар очиқ қолдирилмаслиги кўрсатиб ўтилган. Лекин шуни назарда тутиш керакки, бундай ҳолларда бола фақат она ва унинг қариндошларига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва бурчларга эга бўлади. Отага нисбатан боланинг ҳеч қандай ҳуқуқлари мавжуд бўлмайди. Лекин бола қонуний никоҳда турмаган ота-онадан туғилган ҳолларда боланинг онаси тўғрисидаги ёзув онанинг аризасига кўра, отаси тўғрисидаги ёзув эса боланинг отаси ва онанинг биргаликдаги аризаси бўйича ёзилади, яъни оталикни белгилаш ҳақидаги аризасига асосан ота ҳақидаги маълумотлар ёзилиши қонунда кўзда тутилган. Оталикни белгилашда бола манфаатлари инобатга олинган ҳолда, эрнинг қонуний никоҳдаги хотинининг розилиги талаб этилмайди. Оталикни белгилаш ҳолларида оталик белгиланган бола қонуний никоҳда туғилган бола билан бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлади. Мерос ва мулк ҳуқуқларида оталик белгиланган болалар билан қонуний никоҳда туғилган болаларнинг ҳуқуқлари тенгдир. Оталикни белгилашни – бу бола манфаатлари учун, шунингдек, боланинг онаси сифатида аёл манфаатларини ҳам ҳимоя қиладиган механизм сифатида тушуниш мақсадга мувофиқдир.

Ота-оналар боланинг биринчи ҳуқуқий ҳужжати бўлган туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини ўз вақтида олиш масаласига алоҳида эътибор қаратишлари ва бу фарзанднинг келажагига қўйилган тамал тоши эканлигини билишлари лозим.

Саволга Олмалиқ шаҳар ФҲДЁ бўлими инспектори Раъно МАСИДИҚОВА жавоб берди.