OLMALIQ HAYOTI
Image default
Саломатлик

ОИВ/ОИТС КАСАЛЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШВА УНИНГ ИЖТИМОИЙ ЖИҲАТЛАРИ

Бугунги кунда ОИВ/ОИТС (одамнинг иммунитет танқислиги вируси/орттирилган иммунитет танқислиги синдроми) кенг қамровли чораларни кўришни талаб қиладиган глобал муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, 1983 йилдан бошлаб дунёда 85,6 млн га яқин одам ОИВ/ОИТС билан касалланган ва улардан 40,4 млн га яқин ушбу вирус келтириб чиқарадиган касалликлардан вафот этган.
Афсуски, бу касаллик мамлакатимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Охирги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 50 мингга яқин ОИВ инфекцияси билан касалланганлар аниқланган (55% – эркаклар, 45% – аёллар). Уларнинг аксарияти 30-49 ёшдаги инсонлардан иборат (51% дан ортиқ).
ОИВ/ОИТС ҳақида жамоатчилик миқёсида муҳокамани кучайтириш ижтимоий стигма ва ахборот етишмаслигидан халос бўлиш йўлидаги муҳим қадамдир. Одамлар ОИВ инфекциясининг хавф-хатарлари ва унинг олдини олиш усулларидан хабардор бўлса, унга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чораларнинг самарадорлиги ошади. Таълим дастурлари, соғлиқни сақлаш кампаниялари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик ушбу маълумотни тарқатишга ёрдам беради.
ОИВ/ОИТС – бу
ҳаёт тугади дегани эмас
ОИВ/ОИТС нафақат тиббий, балки ижтимоий муаммодир. Жамиятда бағрикенгликни ривожлантириш ва ОИВ аниқланган одамларнинг тегишли тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш жуда муҳимдир. Ушбу хатти-ҳаракатлар одамлар дуч келадиган стигма ва камситишларни камайтиришга ёрдам беради ва уларга қониқарли ҳаёт кечириш имконини беради. Касалликнинг олдини олиш ва жамиятда ушбу муаммодан хабардорликни оширишга қаратилган таълим дастурларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимизда ушбу муаммога алоҳида эътибор қаратилмоқда ва бу кўп сабабларга кўра муҳим:
– одамлар ижтимоий норозиликдан қўрқиб, тиббий ёрдамга мурожаат қилиш ёки ОИВ учун тестдан ўтишдан қўрқишса, бу инфекция тарқалишини самарали назорат қилишга тўсқинлик қилади;
– самарали таълим дастурлари ОИВ инфекциясининг олдини олишга ёрдам беради, касалликнинг юқиши ва олдини олиш ҳақида тўғри билим беради, қўрқув ва бошқа салбий ижтимоий жиҳатларни камайтиради.
Демак, мамлакатимизда ОИВ/ОИТС муаммосига зарур эътибор қаратилиши нафақат миллат саломатлигини таъминлашдаги муҳим қадам, балки жамиятимиз асосини ташкил этувчи инсонпарварлик ва бағрикенглик туйғуларининг намоён бўлишидир.
Бу борада республикамизда ОИВ/ОИТС касаллигига қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январдаги “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-14-сонли қарори қабул қилиниб, ижросини таъминлаш мақсадида соҳада бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди.
БМТнинг ОИВ инфекцияси эпидемиясига барҳам беришни кўзда тутувчи “95-95-95” стратегияси доирасида ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахсларнинг 95 % ўз мақомини билиши мақсадида маъмурий ҳудудлардаги маҳаллий бюджет маблағларидан 280 минг нафардан ортиқ аҳоли экспресс тест таҳлилидан ўтказилди.
Республика бюджет маблағидан экспресс тестлар харид қилиниб, туман ва шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаларга етказилиб, 1 млн дан ортиқ аҳоли ОИВ инфекциясига текширилди.
ОИВ билан яшовчи шахсларни даволаш билан қамраб олиш даражасини 95 % етказиш мақсадида Давлат бюджети, ОИТС, безгак ва силга қарши кураш бўйича Глобал жамғарма ҳисобидан ретровирусга қарши дори воситалари, даволаш жараёнини мониторинг қилишда қўлланиладиган реагентлар, ОИВга текширувлар ўтказиш учун тасдиқловчи тест-системалар харид қилинди. Натижада қарийб 42 минг нафар бемор ретровирусга қарши терапия билан қамраб олинди.

Ҳайитбой Латипов,
Тошкент вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази бўлим мутахассиси.

МАВЗУГА ОИД

КАМҚОНЛИК БИЛАН ҚАНДАЙ КУРАШИШ МУМКИН: САБАБЛАРИ, АЛОМАТЛАРИ, ДАРАЖАЛАРИ ВА ДАВОЛАШ УСУЛЛАРИ

admin

ҚАНДЛИ ДИАБЕТ КАСАЛЛИГИГА ҚАРШИ ДАВО БОРМИ?

admin

ЁЗ БОШЛАНДИ: ЎТКИР ДИАРЕЯДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!

admin

ИНСОННИ ЁШИГА ҚАРАБ ЭМАС, САЛОҲИЯТИГА ҚАРАБ БАҲОЛАШ КЕРАК

admin