SHAHAR TARIXI

admin

ОЛМАЛИҚ: ЎТМИШ ВА БУГУН

Олмалиқ шаҳрининг ташкил топганига 66 йил бўлди. Не бахтки, бугун бу шаҳарни билмаган, у ҳақда эшитмаган инсоннинг ўзи йўқ юртимизда. Зеро, Олмалиқ деганда, ҳар қандай кишининг кўз ўнгидан азим тоғлар бағридаги навқирон ва замонавий ҳар томонлама салоҳиятли бўлган саноат шаҳри гавдаланади.

Тарих

Техника фанлари доктори, академик, Абдурашид Ҳасановнинг “Кўҳна ва навқирон Олмалиқ” китоби шаҳримиз тарихи ҳақидаги энг ишончли манба ҳисобланади. Ушбу китобда ёзилишича, Олмалиқнинг асл ўрни кўҳна Имлоқ вилоятининг пойтахти бўлмиш Тункент ва Тўқкент бўлиб, у Қалмоққир чўққиси ёнидаги Қорамозор қишлоғи ўрнида мавжуд бўлган. Илмий адабиётларда XIII асрдан Олмалиқ номи жуда кўп маротаба қайд этилган. 1951 йили Тошкент вилояти ижроия қўмитасининг №19/855-сонли қарорига асосан 1951 йил 10 июлда Олмалиқ посёлкаси (қўрғони)га вилоят таркибидаги шаҳар мақоми берилди. Майдони 10,767 километрга тенг, дастлабки даврларда турар жой майдони 800 минг метр квадратни, аҳолиси 8700 кишини ташкил этган. Олмалиқ Тошкентдан 60 километр жанубий-шарқда, денгиз сатҳидан 600-650 метр баландликда жойлашган. Шимолий-шарқда Қураматоғ тизмалари, шимол ва жанубий- шарқда Чотқол тоғлари, Оҳангарон дарёсининг сўл ирмоғида қад ростлаган.

Олмалиқсой билан Қорақиясой, Накпайсой эса Совуқбулоқсой билан қўшилиб, ирмоқлари шаҳардан ўтиб 230 километр узунликда жўшиб оқаётган Оҳангарон дарёсининг шаҳар ўртасидан оқиб ўтадиган сўл ирмоғига қўшилади. Тупроғи қумли, тўқ бўз тупроқ. Шаҳарнинг пастки қисми (янги шаҳар) асосан кўҳна Оҳангарон дарёси ўрнида қум, шағал устига жойлашган. Ер усти суви заҳираси бой бўлиб, ўртача динамик сув заҳираси 146 километр квадратни ташкил этади.

Аҳолиси асосан, ўзбек, тожик, татар, корейс, қирғиз, рус ва украин ҳамда бошқа миллатлардан иборат. Аҳолисининг ўртача зичлиги бир квадрат километрга 10643 кишига тўғри келади.

Яна шуниси ҳам маълумки, Олмалиқ Қураматоғ тизмаси бағрида жойлашган бўлиб, бу тоғларда Менделеев даврий жадвалидаги кимёвий элементларнинг 50дан ортиқ тури мавжуд. Шулардан мис, молибден, рух, қўрғошин, олтин, кумуш, олтингургут, кадмий, индий, селен, теллур, рений бирикма ҳолида олинмоқда. Маъданга бой хомашё 30 км.кв майдонга эга. Иккита катта ва 10га яқин кичик конлар мавжуд.

ОЛМАЛИҚ  ОЛМАЗОРМИ ?

Олмалиқ  шаҳри номининг келиб чиқиши хусусида бир қанча фикрлар мавжуд. Шуларда асосийси, албатта, жой номининг мевали дарахт – олмага нисбатан номланиши ҳисобланади: Олмалиқ – олма дарахти кўп ўсадиган жой. Дунё халқларида жойларни ўсимликлар билан боғлиқ ҳолда номлаш кўп учрайди. Ўзбек халқи, жумладан, Қурама воҳаси аҳолиси ҳам жойларни аташда шу усулдан кенг фойдаланиб келган: Олмазор, Жийдали, Теракли, Ирғайли, Бурганли, Жилғинчи, Нокпайсой … Номдан айни шу жойда ўсимликнинг кўп, ғуж  бўлиб ўсиши англашилади. Тошкентда Чилонзор, Ўрикзор; Наманган вилоятида Олмалибулоқ, Олмасой каби жой номлари ҳам худди шу усулга кўра номланган.

Олмалиқ номи иккинчи фикрга кўра, “ололмадик” сўзидан келиб чиққан. Душманлар қайта-қайта ҳужум қилиб, шаҳарни қўлга киритолмай, охири “ололмадик, ололмадик” деб қочган ва кейинчалик “ололмадик” сўзи қисқариб,  “олмадик”, сўнг  “олмалиқ” шаклида шаҳар номига айланган. Албатта, бу халқ талқини, халқнинг ўз қаҳрамонона тарихига бўлган чексиз ҳурмати нишонаси. “Кўҳна ва навқирон Олмалиқ” китобида қайд этилишича, Қурама   тоғи этагида мисли кўрилмаган  олмазор бўлганлиги  халқ   оғзаки  ижодидан маълум (10-бет).

Қурама тоғи маъданларида кумушнинг кўплиги табиий равишда сувнинг таркибида ҳам акс этган. Бундай сув билан суғорилган экинлар, мевали дарахтлар, жумладан, олма дарахтлари ҳам кўп ҳосил берган, меваларга турли қурт-ҳашаротлар  зарар етказа олмаган.

Учинчи фикрга кўра, Олмалиқ номи ХII асрнинг ўрталари —  XIII асрнинг бошларидан, аниқроғи, мўғуллар истилосидан кейин пайдо бўлган. Маълумки, мўғуллар қўшини таркибида кўплаб туркий қабила ва уруғлар ҳам хизмат қилганлар.

Мирзо Бобур Фарғона вилояти ҳақида ёзар экан, унинг шимолида жойлашган шаҳарларни ҳам қайд этади: “Шимолида агарчи бурун шаҳрлар бор экандур, мисли: Олмолиқ ва Олмоту ва Янги ким, кутубларда Тарозкент битирлар, мўғул ва ўзбек жиҳатдин бу тарихда бузулубтур, асло маъмура қолмабдур” (“Бобурнома”, Тошкент, 1989, 5-бет.).

Мўғуллар таркибида келган қабилалардан бири – жалойирлар асли туркий қабилалардан бўлган ва улар Оҳангарон водийсида ҳукмронликни қўлга киритадилар. XIV асрда яшаган машҳур тарихчи Рашидиддин “Жомеъат-таворих” китобида жалойирларнинг туркий элат бўлганлигини, лекин мўғулларнинг сиёсий бирлашмасига қўшилганликлари учунгина “мўғул” деб аталганликларини таъкидлаб, уларнинг кўп сонли эканлигини, бу қабила ўн бўлакдан иборатлигини кўрсатади. Жалойирлардан Чингизхон даври ва ундан кейин ҳам амир ва беклар чиққан.

Жой номлари бўйича таниқли олим, Қарши давлат университети профессори Т.Нафасовнинг ёзишича, жалойирлар XII аср охири — XIII аср бошларида Марказий Осиёдан Ўрта Осиёга келиб ўрнашганлар. Улар “Қашқа – Сурхон воҳасида ўзларини хўжа деб аташадилар. Хўжа – уларга нисбатан берилган кейинги ном. Улар чиғатой хўжалар билан яқин муносабатда бўлганликлари учун қишлоқ ва ерларини қадимги уруғ номи билан аташган”.

Минтақада мўғул – туркларнинг дастлабки, асосий қишланадиган жойлари Хонобод (Оҳангарон) атрофлари бўлган, чунки бу ерлар кунгай, тошлоқ жойлардир. Уларнинг ёзлик – яйлов жойлари Олмалиқ ва унинг атрофидаги ўт – ўланларга бой ерлар бўлиб, терскай томонида жойлашган. Турк қабилаларининг қадимги манзили – Или дарёси қирғоғидаги Олмалиқ номи улар учун янги маскан – Қурамадаги жойга биркитилган бўлса, ажаб эмас. Бу усул ҳам жой номлари аталишида кўп учрайди ва бир қабила, уруғ, халқ ўз номи аввалги яшаш жойи номи, қаердан келиб чиққанлиги унутилиб кетмаслиги учун янги келган ерга ном беради.

Профессор И.Ёрматовнинг фикрича, Илоқ водийсининг Оҳангарон деб атала бошлаши ва бу ерда ўзбек-қурамаларнинг пайдо бўлиши мўғуллар истилоси даврига тўғри келади. У давом этиб, “Чиғатой ўзбеклари деган тушунчанинг юзага келишига сабабчи бўлган Муборакшоҳ (Чингизхоннинг невараси, Чиғатойнинг ўғли) 1226 йили ҳозирги Оҳангарон шаҳри яқинидаги Шавкат (қадимий номи Сакокат) деган шаҳарчада қароргоҳ қуриб, мўғул ҳукмдорлари орасида биринчи бўлиб мусулмонликни қабул қилади ва маҳаллий аҳоли билан жуда яқин қавм-қариндошлик алоқасига киришади. У ҳатто ўзи мансуб бўлган олмалиқ уруғи вакилларининг катта қисмини Мўғулистондан кўчириб келтириб, Шавкатнинг қаршисидаги – дарёнинг сўл соҳилидаги серўт адирларга жойлаштиради. Ўша қавм туфайли Олмалиқ деган шаҳар ҳозир Мўғулистонда ҳам, Ўзбекистонда ҳам мавжуд”(И.Ёрматов “Илоқ тарихи”,Тошкент,2005,82-бет). Ушбу фикр сўнгида олим В.В.Бартольд каби олимларнинг ишларига ҳавола беради. Бу фикрга биноан, Олмалиқ номи мўғул уруғларининг янги жойга кўчиб келиши билан боғлиқ.

Олмалиқ шаҳри номланишидаги учинчи фикр ҳам маълум даражада асосли бўлиши мумкин, лекин у зарур далиллар билан янада асослангандагина эътирофга сазовор бўлади. Аммо бундай далиллар қанчалик кўп бўлмасин, улар  Олмалиқ шаҳрининг мевали дарахт (олма) билан тарихий боғланишини акс эттирувчи халқ дунёқарашини ўзгартира олмайди.

Демак, шаҳримизнинг номланиш тарихи ҳам унинг ўзи каби сирли, шукуҳли, долғали ҳамда воқеаларга бой бўлиб, кўҳна тарих қаъридан келаётган жозибали садо ҳам сокинлик, ҳам жўшқинлик бахш этаётгандек туюлади.