Бугунги кунда мавжуд энергоресурслардан тежамкорлик билан фойдаланиш – давр талаби. Бунинг учун фойдаланилмаётган электр жиҳозлари ва ёритиш ускуналарини тармоқдан узиб қўйиш, яъни, офис ёки яшаш хоналаридан чиқаётганингизда электр жиҳозларини кутиш режимида қолдирмасдан, уларни ўчириб, тармоқдан узиш орқали тежамкорлик томон қадамни ташлаган бўласиз.
Шунингдек, иш жойи ва хонадонларни кўпроқ табиий ёруғликдан яъни қуёш нуридан фойдаланган ҳолда ёритишга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Яна бир муҳим масала, сиз, кўча-кўйда, маҳаллада, дам олиш масканлари-ю бошқа жамоат жойларида фойдаланилмаётган электр жиҳоз ва қурилмаларини тармоқдан узиб қўйишни талаб қилсангиз – энергия тежамкорлиги ва самарадорлиги бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатишда ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз.
Маълумки, кундалик ҳаётда истеъмол қилинадиган барча энергиянинг асосий улуши – 79 фоизи хоналарни иситишга тўғри келади, энергиянинг 15 фоизи иссиқлик жараёнларига (сув иситиш, пишириш ва бошқалар), 5 фоизи маиший электр техникаларга ва энергиянинг 1 фоизи ёруғлик, радио ва ойнаи жаҳон ускуналарига сарфланади.
Шу боис офис хоналарининг эшик ва дераза ромлари қишда иссиқ, ёзда совуқ ҳароратни сақлаш учун изоляция қилинган бўлиши, энергия тежамкор маиший техника ва ёритиш ускуналаридан фойдаланиш — энергия самарадорлиги учун дастлабки қадам ҳисобланади. Худди шу каби нефть-газ маҳсулотларидан ҳам тежамкорлик билан фойдаланиб, улардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мумкин. Иситиш ва совитиш жиҳозларидан ҳам тўғри, оқилона фойдаланиш — энергия самарадорлик кўрсаткичларидан бири. Ушбу кўрсаткичлар, аввало, шаҳарсозлик лойиҳалари, бино-иншоотлар қурилишини лойиҳалаштириш, қурилиш материалларини танлаш, сифатли қуриш жараёни, бино-иншоотларнинг ички интерьерини жиҳозлаш, бино-иншоотлардан фойдаланиш меъёрларига амал қилиш билан чамбарчас боғлиқ.
Оддий сўз билан айтганда, нотўғри қурилган бино-иншоотдан тортиб нотўғри фойдаланилган оддий маиший ускуна-жиҳозларгача — иқтисодиётга катта зарар, жамият ва давлат тараққиётининг кушандаси ҳисобланади.
Рустам Хамраев,
шаҳар адлия бўлими
Давлат хизматлари маркази директори.