Ватан тинчлиги йўлида ўз оромидан кечиб, унинг ҳимояси учун борини баҳшида этган инсонлар, айниыса, кекса ёшдаги ҳарбий хизматчилар ҳамиша эътибор марказидадир. 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан бир қатор фаол фахрийлар “Ўзбекистон Ички ишлар фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди. Улар орасида Олмалиқ шаҳридан узоқ йиллар ички ишлар органи соҳасида фаолият юритган фахрий, майор Собиржон Сафаровнинг борлиги барчамизни хурсанд қилади.
Собиржон ота Сафаров 1945 йил Оҳангарон туманида туғилган. 1963 йил мактабни тамомлаб, Политехника институтига ўқишга кирди. Дастлабки фаолиятини 1969 йилда Ички ишлар вазирлигида ЙҲХБ бошлиғи лавозимида бошлаган. Оилали, бугунги кунда 6 нафар фарзанд, 14 нафар набира ҳамда 1 нафар чеваранинг қуршовида умргузаронлик қилмоқда.
Собиржон ота ҳақида турмуш ўртоғи Эшонбуви Сафарова ажойиб хотиралари билан ўртоқлашди:
- Биз Собиржон отангиз билан билан Оҳангарон туманидаги 1-мактабда ўқиганмиз, синфдош бўлганмиз. Йигитлик чоғларида ҳам келишган, мард-жасур, сўзида туришлиги билан синфдош йигитларимиздан ажралиб турарди. Мана, оила қурганимизга ҳам 50 йилдан ошди. Завжимнинг иши сабабли фарзанд тарбиясида кўпроқ ўзим шуғулланганман. Чунки улар ишдан чарчаб келарди. Биласиз, ҳарбийлар ҳамиша гавжум жойларда бўлади. Шунинг учун уларга тинчлик керак. Айниқса, баҳор, куз ойларида ишлар кўп бўларди. Пахта пайтида ойлаб далага кетарди. Ишидан ортиб тунлари машинада келиб, фарзандлари ва мендан хабар олиб кетарди. Турмуш ўртоғим ҳеч қачон оиласи деб ишидан, иши деб оиласидан воз кечмаган. Ўзим ҳам Оҳангарон туманидаги 2-умумий ўрта таълим мактабида раҳбар бўлиб ишлаганман. Баъзан ишдан чарчаб, бўлди ишламайман, деган пайтларимда улар “Онаси, ишланг, халққа кераксиз. Чарчашга ҳаққингиз йўқ. Ўқувчи шогирдларингизнинг кўзига қаранг” деб менга куч-мадад берарди. Шундан айтаманки, эру-хотин ҳамиша бир-бирига далда берса, оилада ҳам жамиятда ҳам ўз ўрнига эга бўлади.
- Ҳамкасбим, майор Собиржон Сафаров 30 йилдан ортиқ ички ишлар соҳасида ишлаб, Олмалиқ халқига хизмат қилган. Давлат автомобил назоратининг бошлиғи бўлган. Бугунги кунда 200 нафардан ортиқ шогирдлари бор. Ҳозирда фарзандлари ҳам халқимизга хизмат қилиб келмоқда. Биз Собиржон Сафаров билан кўп йиллар мобайнида бирга ишладик. Эсимда, баҳор пайтларида сув тошқинлари бўларди, кузда пахта теримларида ойлаб қолиб кетардик. Халқи учун, оиласи учун борини берадиган инсон. Ҳалол меҳнат қилган. Фарзандларини яхши тарбиялаб, олий маълумотли қилди. Мана, икки ўғли ҳам Ички ишлар соҳасида ишлаб, ҳозирги кунда истеъфода. Қолган фарзандлари комбинатда ишламоқда. Юртбошимиз биз кекса ҳарбийларнинг меҳнатини эъзозлаб, бизларни унутмай ҳамкасбимга “Ўзбекистон Ички ишлар фахрийси” кўкрак нишонини берилиши мени жуда ғурурлантирди, — дейди Ички ишлар органлари Фахрийлар Кенгаши раиси Абдумажид ота Шодиев.
Ҳа, кексалари эъзоз топган юрт ҳамиша юксалаверади. Инсон ёшлигидан меҳнат қилса, Ватани учун фойдаси тегса, неча ёшда бўлишига қарамай давлатимизнинг эътибори ва эътирофида бўлаверади. Бугун Собиржон отанинг кўзларида Ватанга бўлган муҳаббат чақнаб турибди. Уларнинг ҳаёт йўли ёшларимиз учун ибрат мактабидир.
Мухлиса РАХМАТУЛЛАЕВА.