ОКМК футбол клуби янги мавсум олдидан илк хориж йиғинини муваффақиятли якунлади ва 1 февраль куни Тошкентга қайтиб келди. «Кончилар» 17 январдан 1 февралгача Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) жисмоний ва тактик тайёргарликни оширишга қаратилган машғулотларни ўтказди. Ушбу йиғин давомида жамоа ўз ўйин услубини мустаҳкамлаш, янги тактик схемаларни синовдан ўтказиш ва футболчиларнинг жисмоний ҳолатини оптимал даражага етказишга урғу берди. Миржалол Қосимов шогирдлари йиғин доирасида Россия ва Қозоғистон клубларига қарши майдонга тушиб, ўз маҳоратини синовдан ўтказди. «Кончилар» ҳар бир учрашувда курашга бой ўйин намойиш этиб, битта баҳсда имкониятни бой берди, икки ўйинда эса дуранг қайд этди. Жамоа эса бу баҳслар орқали барқарор ўйин услубини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратди.
Олмалиқликлар Дубай йиғинида қуйидаги жамоаларга қарши назорат ўйинларини ўтказди:
19 январь
ОКМК ФК 1:4 «ССКА»
(Россия)
Ғиёсов (8, пен)
Глебов (11)
Обляков (18, пен)
Койта (74),
Шуманский (86)
22 январь
ОКМК ФК 1:1 «Урал»
(Россия)
Айсаров (49)
Кузнетсов (63)
29 январь
ОКМК ФК 1:1
«Ордабасй» (Қозоғистон)
Зикрилло Султаниязов (33)
Али Абдураҳмонов (60)
Дубайдаги икки ҳафталик интенсив машғулотлардан сўнг, футболчиларга қисқа муддатли — уч кунлик дам олиш берилди. Бироқ ОКМКнинг тайёргарлик жараёни шу билан якунланмади. ОКМК жамоаси 5 февраль куни эрта тонгда Туркиянинг Анталия шаҳрига йўл олди. «Кончилар» у ерда янги мавсумга янада жиддийроқ ҳозирлик кўради.
Анталиядаги йиғин 19 февралгача давом этиб, унинг доирасида ОКМК ФК бир қатор кучли рақибларга қарши назорат учрашувларини ўтказишни режалаштирган. Ушбу ўйинлар жамоанинг умумий тайёргарлик даражасини синовдан ўтказиш ва таркиб имкониятларини баҳолаш учун муҳим аҳамият касб этади. Туркиядаги бўлажак рақиблар ва ўйин саналари бўйича батафсил маълумот кейинроқ эълон қилинади.






Али АБДУАҲАДОВ,
ОКМК профессионал футбол клуби Ахборот хизмати медиа муҳаррири.