Бугунги кунда дунё миқёсида чиқиндилар муаммоси энг муҳим экологик масалалардан бирига айланиб қолди. Кузатувлар натижасига кўра, йилдан-йилга маиший ва саноат чиқиндилари ортиб бормоқда.
Кўп қаватли биноларнинг атрофида, кўчаларда, шаҳар марказларида инсонлар томонидан ташлаб кетилган чиқиндиларни кўриб дилинг хира бўлади. Наҳотки, шунчалар бефарқмиз? Лоқайдмиз? Қўпол бўлса ҳам айтаман, ҳаттоки ҳайвонлар ҳам ўтирган жойини думи билан тозалайди. Биз инсонмиз-ку! Катта йўлларда ҳам машина ойнасидан бакалашка ва пакетларни улоқтиришади. Қизиқ, бизнинг экологик маданиятимиз қачон ошади? Қачон ўзгаларнинг меҳнатини қадрлашни ўрганамиз?
Бугунги кунда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини ҳимоялаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлашга йўналтирилган изчил экологик сиёсат юритилмоқда. Экологик хавфсизликни таъминлаш бўйича муҳим ҳуқуқий, ташкилий ва ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, шаҳримизга ҳам “Ангрен Бунёд Файз” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2022 йил 27 декабрдаги 60-сон “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги хизматларни кўрсатишга давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги битимга асосан, маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш учун филиал бириктириб берилган.
2024 йил давомида ушбу корхона 52 та МФЙ, яъни, 101 340 нафар аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда. Филиалимизда 75 та чиқинди йиғиш шаҳобчалари мавжуд бўлиб, шулардан 8 донаси капитал таъмирланди ҳамда 150 дона чиқинди контейнерлари ўрнатилди. 40 тасига замонавий электр энергиясиз ишлайдиган қуёш нуридан қувват оладиган чироқ ва кузатув камералари ўрнатилди.
2024 йилнинг бошида филиалимизга 30 минг нафар абонент қўшилганлиги сабабли, аҳолига хизмат кўрсатиш учун яна 1 дона 12 м3 лик чиқинди ташувчи техника жалб қилинди. Филиалимизда 13 та махсус чиқинди ташувчи техникалари мавжуд бўлиб, шулардан 12 таси аҳолига хизмат кўрсатиш ва 1 таси таъмирлаш жараёнида.
Бугунги кунда филиалимизда 68 нафар ходим фаолият юритиб келмоқда. Шуларнинг 9 нафари бошқарув ва 59 нафари техник ходимларни ташкил қилади.
2025 йилнинг 1-чорагида филиалимизга 1 дона 12 м3 лик чиқинди ташувчи техника олиш режалаштирилган. 2-,3-чоракларда чиқинди йиғиш шаҳобчаларига 300 дона кўчат экишни ҳамда 12 тасини капитал таъмирлашни режалаштирганмиз.
Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг 2024 йил 20 декабрдаги VII-3-022-10-0-К/24-сонли қарорига асосан, 2025 йилнинг 1 январ кунидан маиший чиқинди хизматлари учун тўлов тарифи 1 киши учун 7840 сўм этиб белгиланди.
Лазиз Тўраев,
“Ангрен Бунёд Файз” МЧЖ
Олмалиқ шаҳар филиали директори.