OLMALIQ HAYOTI
Image default
Таълим

УСТОЗЛИК ИЛМ БИЛАН САВОБ ЙИҒИШ ЙЎЛИДИР

Аёл — миллатни каломи билан уйғотувчи ҳилқат. Аёл — гўзаллик учун яралган мўъжиза. Яратувчи томонидан яратилган яратгувчи ва яшнатгувчидир. Аёл қўнғироқдек овози билан заминга ҳаёт бахш этади. Қадим-қадимдан аёлни севиб шоҳлар ҳам гадо бўлди, унинг кулгуси учун не-не шаҳарлардан воз кечди. Шарқ аёлларининг ибо-ҳаёсига, матонат-у сабрига, иффатига, сиёсатига дунё лол қолган. Ҳа, аёл киши сиёсатчи дедик, Сароймулк хоним бўлмаганида Амир Темур жангга кирармиди, Нодира бўлмаганда Амир Умархон тарихда қолармиди?

Биз ҳам саҳифамизда аёлларга эҳтиром тарзида, ўзгаларга ибрат бўлиб келаётган, ҳам оилада, ҳам жамиятда ўз ўрнига, сўзига эга бўлган аёлларимизга бағишлаб “Аёл ва замон” саҳифасини очдик.
Саҳифамизнинг илк меҳмони 40 йилдан ортиқ таълим соҳасига бутун умрини бахшида қилган, шаҳримизнинг зиёли аёли, “Халқ таълими аълочиси”, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони соҳибаси, 20-ИДУМнинг раҳбари Эргашева Иноят Омоновнадир.
Иноят Омоновна 1960 йил Пискент туманида ишчи оиласида туғилган. Омон ҳожи ота ва Унсиной она 7 нафар фарзанди дунёга келтириб, уларни жамиятга фойдаси тегадиган инсон бўлиб шаклланишида бор имкониятларидан фойдаланган.
Келинг, барчасини суҳбатдошимизнинг ўзидан эшитсак.

  • Иноят опа, болалик деганда кўз олдингизга нималар келади? Болалик ўзи тугайдими?
  • Болалик ҳақида гап кетганда биринчи навбатда қулоқларимга Ҳадича энажонимнинг эртагу масаллари келади. Ёдимда, бизнинг ҳовли катта бўлгани боис, бутун маҳалла аёллари болалари билан бизникида йиғиларди. Дарахтларнинг остига ўрнатилган супада ёши катта онахонлар ўлану яллалар айтишиб, қошларига ўсма қўйиб ўтиришарди. Ёш қизчалар эса мусиқага мос равишда ҳиром айларди. Қандай гўзал давра эди. Кеч бўлиши билан супага жой солиб, барчамиз энамнинг ёнларига йиғилиб олардик. Улар жудаям гўзал эртак айтарди. Энг қизиғи, эртакнинг ярмига келганда тўхтатиб қўярди. Давомини сўрасак, эртага айтаман дерди. Биз куни бўйи ишларимизни қилиб кеч бўлишини кутардик. Ҳозир ўйлаб айтаманки, бу ҳам бизга сабоқ бўлган экан. Сабрга, кутишга ўргатган экан энажоним.
    Менимча, болалик ҳеч қачон тугамайди. Кимнингдир қалбида беғуборлик, муҳаббат, меҳр, гўзалликка ошуфталик борми демак, у бола.
  • Ота-онангиздан нималарни ўргангансиз?
  • Катта оила бўлганмиз. Ота-онам 7 нафар фарзандни катта қиламан деб туну кун меҳнат қилишган. Бироқ, шунга қарамай тарбиямизга жиддий аҳамият беришган. Онам ҳар куни эрта тонгда барчамизни уйқудан уйғотиб, ҳовлиларга сув сепиб, супуртирарди. Барака покиза хонадонга киради, деб таъкидлаган. Ҳамиша меҳнатга ва ўзгаларни ҳурмат қилишга ўргатган. Онам меҳмон кутишни жуда ҳам яхши кўрарди. Биз меҳр кўриб, меҳр улашиб катта бўлганмиз. Шунинг учунми ҳозиргача ҳам маҳалладошларимизни кўриб қолсам энг яқинимни кўргандек бўламан.
  • Ўқитувчилик касбини танлашингизда нима туртки бўлган?
  • Менимча, энажонимнинг эртаклари менда ўқитувчиликка бўлган муҳаббатни оширган. Ўзлари жуда ҳам сухандон эдилар. Айтган сўзлари қулоққа хуш ёқарди. Олийгоҳда ўқиб юрган кезларимда ҳам отам том-том китоб ва журналларни ётоқхонамга олиб келарди. Ёшлигим китоблар билан ўтган. Шу боисданми, китоб мутолаа қилишни яхши кўраман.
  • Эришган ютуқларингиз ҳақида тўхталсангиз…
  • Дастлабки фаолиятимни 19-умумтаълим мактабида бошлаганман. Аввал оддий ўқитувчи бўлганман. Йиллар ўтиб илмий мудир, кейинчалик раҳбар ўринбосари бўлдим. Мана, 2003 йилдан буён 20-ИДУМда раҳбар бўлиб ишлаб келмоқдаман. 22 йиллик фаолиятим давомида оддий мактабдан ихтисослашган мактабга айландик. Ўқувчиларимиз республика ва жаҳон миқёсидаги билимлар беллашуви бўладими, спорт, маданият соҳаси бўладими барчасида фаол иштирок этишиб, фахрли ўринларни қўлга киритмоқда.Яқинда мактабларнинг билим ва салоҳияти текширилганда Тошкент вилояти бўйича 2-ўринни олдик.
  • Аёл кишига раҳбар бўлиш қийинчилик туғдирмайдими?
  • Оиласи тинч бўлса, фарзандларининг кўзи кулиб турса, турмуш ўртоғи уни қўллаб-қуватласа, аёл нега ишламасин экан!? Аёл раҳбар бўладими, оддий ишчи бўладими, ўқитувчими, тикувчими, уй бекаси бўладими у ҳамиша сиёсатчи ва раҳбардир. Чунки, унинг яратилиши шундай. Бир аёлни саҳрога жўнатинг, ишонинг у ерга албатта гул экиб, яшнатади. Чунки у яратувчидир. Оиласида ўз сўзи бор аёлнинг албатта, жамиятда ўрни бўлади. Тўғри, раҳбарликнинг ҳам ўзига яраша қийинчиликлари бор. Аммо, ходимларингиз, ўқувчиларингизнинг ютуғини кўриб барчаси ёдингиздан кўтарилади.
  • Аёл қачон ўзини бахтли ҳисоблайди?
  • Бахт — мавҳум тушунча. Баъзи аёлларимиз бор қўша-қўша тилла-ю либослари бор, оиласи, фарзандлари ёнида. Бироқ, қалбида шукри йўқ. Менимча, ўзидан, оиласидан ҳаловат топган аёл бахтлидир. Бизнинг ўзбек аёллари оиласи тинч бўлса, фарзандлари жамиятда ўз ўрнига эга бўлса ўзини бахтли ҳисоблайди.
  • Сизнингча, бахтли аёл формуласи қандай?
  • ШУКР ва ҚАНОАТ бахтли аёлнинг формуласи. Бахт — шукроналикда!

Суҳбатдош Мухлиса ЧИНПЎЛАТ қизи.

МАВЗУГА ОИД

ЎҚИТУВЧИЛАРИМИЗФАХРЛИ КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАНДИ

admin

ТИЛНИ ТАРТИБГА КЕЛТИРИШ ЭНГ ЗАРУРИЙ ВАЗИФАДИР

admin

БУЮК АЖДОДЛАРИМИЗГА ЭХТИРОМ

admin

МАҚСАД — ИНСОН ҚАДРИНИ УЛУҒЛАШ

admin