Рамазон ҳайити мусулмонларнинг энг улуғ байрамларидан бири бўлиб, Рамазон ойининг тугаши муносабати билан нишонланади. Бу кун Аллоҳ таолонинг неъматлари ва марҳаматларига шукрона келтириш, рўза ибодатининг мукофоти сифатида хурсандчилик қилиш ва мўмин-мусулмонларнинг ўзаро меҳр-оқибатини мустаҳкамлаш байрамидир. Рамазон ҳайити Қуръонда ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларида улуғлангани, бу ой нақадар муҳим кун эканини билдиради.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Рамазон ойининг фазилати ва у билан боғлиқ ҳукмлар ҳақида шундай дейди:
«Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят бўлиб, тўғри йўл ва (ҳақ билан ботил ўртасидаги) фарқнинг аниқ далиллари сифатида Қуръон нозил қилинган ой. Бас, сизлардан ким бу ойни ҳозир бўлса, уни рўза билан ўтказсин…» (Бақара сураси, 185-оят). Бу оятда Рамазон ойининг ўзига хослиги ва унда Қуръон нозил бўлгани зикр қилиниб, рўза тутиш буюрилган. Рўза ибодатини адо этган мўминлар Рамазон ҳайити куни Аллоҳнинг неъматлари нақадар буюк эканини этироф этиб байрам қилишади. Рамазон — гуноҳлардан покланиш, Аллоҳнинг раҳматига эришиш ва дўзахдан озод бўлиш ойидир. Мана шундай ойни ибодат билан ўтказганлари учун қувонч билан бу кунни байрам қилишади.
Расулуллоҳ (с.а.в.) Рамазон ҳайити куни бир қанча суннат амалларни таълим бериб кетганлар:
- Ғусл қилиш ва покиза кийим кийиш – Ҳайит куни тоза ва чиройли кийим кийиш суннат ҳисобланади.
- Нонушта қилиш – Ҳайит намозидан олдин, айниқса, тамр (хурмо) билан нонушта қилиш суннат қилинган.
- Ҳайит намозини адо этиш – Бу намоз жамоат билан ўқиладиган муҳим ибодат бўлиб, мусулмонларнинг бирлик ва биродарлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
- Намозга бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан қайтиш – Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳайит намозига бир йўлдан бориб, бошқа йўлдан қайтишни афзал кўрганлар.
Сабаби намоз учун босилган ҳар бир қадам учун савоб бор. Манашу савобни кўпайтириш мақсадида йўлни узайтирганлар. - Кўпроқ садақа қилиш – Айниқса, байрам кунларида камбағал ва муҳтожларга ёрдам бериш Аллоҳнинг розилигига эришиш воситаларидан биридир.
Бу ойда ўрта ҳол ва бой кишилар учун вожиб бўлган фитр садақаси бор.
Фитр садақа Рамазон ҳайити намозидан олдин берилиши лозим бўлган мажбурий садақа бўлиб, унинг асосий мақсади камбағалларнинг ҳам байрамни шодлик билан ўтказишларига имкон яратишдир. Расулуллоҳ (с.а.в.) бу ҳақида шундай деганлар: «Рамазон рўзасининг нуқсонларини тўлдириш ва мискинларга таом етказиш учун фитр садақаси берилади.»
Рамазон ҳайити – мусулмонлар учун қувонч ва баракот куни бўлиб, унда Аллоҳ таолонинг марҳаматлари намоён бўлади. Бу кун Аллоҳга шукрона келтириш, яхшилик қилиш ва инсонлар билан савоб ишларда мусобақалашиш куни ҳисобланади. Ҳайит намози, фитр садақаси, меҳр-оқибат ва хурсандчилик кунидир.
Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон ойини чиройли ўтказиб, ҳайит кунига гуноҳлардан покланган ҳолда етиб келган мўминлардан қилсин!








Абдурашид МИРЗААҲМЕДОВ,
шаҳар бош имом хатиби.