OLMALIQ HAYOTI
Image default
Саломатлик

ИНСОННИ ЁШИГА ҚАРАБ ЭМАС, САЛОҲИЯТИГА ҚАРАБ БАҲОЛАШ КЕРАК

Шифокорлик инсон ҳаётига дахлдор, ўта масъулиятли ва машаққатли, энг шарафли касблардан бири ҳисобланади. Меҳнат фаолиятини беморларга шифо улашишдек хайрли ва савоб билан ўтказадиган шифокорлар мамлакатимизда талайгина. Шу боис, бугунги кунда халқ саломатлиги йўлида, фидойилик билан меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари ҳар қанча эъзозга, эътирофга лойиқ.

Саҳифамизнинг бугунги меҳмони ёш бўлишига қарамай, ўзининг зийраклиги, беморларга бўлган муҳаббати туфайли шаҳар 3-сонли оилавий поликлиникасида бўлим мудири лавозимида фаолият юритаётган Айжан Мўминовадир.
Айжан 1995 йил Олмалиқ шаҳрида туғилган. 20-умумтаълим мактабини аъло баҳоларга тамомлаб, тиббиётга бўлган муҳаббат Айжанни Олмалиқ тиббиёт коллежи томон етаклади. Ундан сўнг Тошкент тиббиёт академиясининг “Олий ҳамширалик” факультетини тамомлаб, дастлабки фаолиятини шаҳар марказий шифохонасининг “Реанимация ва анестизиология” бўлимида ҳамшира бўлиб бошлади. Айжаннинг қалбидаги касбига бўлган юксак меҳри, беморларнинг олдидаги вазифаси, уларга ғамхўрлик қилиш ҳисси бир лаҳза ҳам тинч қўймагач, ўқишини давом эттириш мақсадидаТошкент Педиатрия тиббиёт институтининг “Даволаш иши” факультетига ўқишга кирди. Келинг, энди қолган гапларни Айжаннинг ўзидан эшитсак.

  • Айжан, тиббиёт жудаям мураккаб соҳа. Бу соҳага кириб келишингизда кимлар сабабчи бўлган?
    -Ҳа, тўғри. Кўпчилик тиббиёт соҳасини мураккаб деб ҳисоблайди. Мен болалигимдан бу соҳага қизиққанман. Биласиз, қиз болаларнинг овунчоғи қўғирчоқлари бўлади. Кичкиналигимдан қўғирчоқларимга уколлар қилиб, уларни “даволаганман”. Мактабни тамомлаётган пайтларимда касб танлашда жудаям иккиланганман. Уддалай оламанми, қийналмайманми, қўлимдан келадими… шу каби саволлар мени қийнаган. Ота-онамнинг қўллаб-қуватлашлари ҳамда болалик орзуларимни рўёбга чиқариш учун шифокорлик касбини танлаганман. Бугунги кунда бу қароримдан ҳеч ҳам афсусланмайман.
  • Касбингиз қийинчиликлари ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
  • Ҳар бир касбнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор. Қийинчилик бўлган жойда ўсиш бўлади. Биз асосан беморлар билан ишлаймиз. Ҳозирги кунда тиббиёт ривожланиб, борган сари янги диагностик усуллар тараққий этган сари касалликлар ҳам кўпайиб бормоқда. Бу эса шу йўсинда турли хил касалликларни даволаш йўлида  кўплаб одамлар билан мулоқот қилиш имконияти туғилади. Даволашни самарали олиб боришда бемор билан мулоқотнинг ўрни катта. Бемор билан мулоқотни суҳбатимизни бошидан ишончли равишда ўрната олсак, ташхисни ярмини аниқлаб олган бўламиз. Лекин баъзида инсонларнинг табиати турли хил бўлганлиги туфайли ҳар доим ҳам бемор билан самарали мулоқот ўрнатиш имконияти бўлмайди. Касбимизнинг яна  бир камчиликлардан бири аҳолининг аксар қисмининг тиббиёт ходимларига нисбатан ишончсизликлари фаолиятимизни самарали олиб боришда қийинчилик туғдирадиган ҳолатлардан бири ҳисобланади.  Агар бемор бизга ишонса, тавсияларимизни ўз вақтида бажарса тезда тузалиб кетади. Шифо сўраб, дармон излаб келганлардан ўз маслаҳатимизни аямаймиз. Кези келганда, ҳар бир беморнинг бошида парвона бўлиб, шифохонада қолиб, кунни тунларга, тунни тонгларга улаган пайтларимиз ҳам бўлади. Мен ўз касбимни яхши кўрганим учунми, касбимнинг қийинчилиги ҳам ёқимлидек туюлади.
  • Айжан, ҳали ёшсиз. Сиздан тажрибаси кўп шифокорлар бор. Айтингчи, улар орасида бўлим мудири бўлишингизга қаршилар бўлдими?
  • Бўлим мудири бўлишга ўзим қарши бўлганман. Нега десангиз, ҳали бошқарувчилик фаолиятини олиб бориш ва беморларни даволашда муҳим қарорларни қабул қилиш учун тажриба камлиги катта тўсиқ бўлади деб ўйлаганман. Лекин ҳозирги кунда турли хил ҳолатларни кўриб, турли инсонлар ва бошқа ҳамкасблар билан биргаликда тажрибамни кундан-кунга орттиб бораяпман. Инсон ҳаракат қилса, имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. Тўғри, балки ўзгаларнинг наздида жуда ёшдирман. Аммо, қалбимда касбимга бўлган муҳаббатим чексиз. Инсонни ёшига қараб эмас, салоҳиятига, мақсадларига қараб баҳолаш керак.
  • Тиббиёт йилдан-йилга мураккаблашиб бормоқда. Шундай даврда касбингизда қандай янгилик яратиш мақсадингиз бор?
  • Мақсадларим жудаям кўп. Келажакда тор соҳада фаолият олиб боришни истайман. Ҳамда тиббиётдаги таълимимни давом эттириш ниятим бор. Инсон ўз устида тинимсиз ишласа албатта ривожланади.

Суҳбатдош
Мухлиса Тошпўлатова.

МАВЗУГА ОИД

РАХИТ КАСАЛЛИГИ

admin

ПСОРИАЗ КАСАЛЛИГИ

admin

ШИФОКОРЛАР УЧУН ИМТИЁЗЛАР

admin

ЛЕЙШМАНИОЗ НИМА?

admin