Музейлар ҳар бир халқ тарихи, маданияти, турмуш тарзи, миллий анъана ва қадриятларни ўргатиш, уларни тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади. Музей — юнонча сўздан олинган бўлиб, «музаларга бағишланган жой» деган маънони аглатади. Бу жой тарихий, моддий ва маънавий ёдгорликларни тўплаш, сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш ишларини амалга оширувчи илмий, илмий-маърифий муассаса-
дир.
Мамлакатимизда музейлар ташкил этилиши XIX аср 70-йилларига бориб тақалади. Хусусан, шаҳримиздаги Ўлкашунослик музейи 1991 йил 10 июлда ташкил топган бўлиб, 2021 йил 25 октябрдан шаҳар Ўлкашунослик музейи мустақил юридик ташкилот сифатида фаолият юритиб келмоқда. Музейда 15 мингдан ортиқ ҳудуддаги ибтидоий жамоа тузумидан то шу кунга қадар маданий ҳаётдан дарак берувчи археологик топилмалар, турли даврдаги тараққиёт, фан ва маданиятнинг юксалиш даври фото-ҳужжатлар, тасвирий санъат намуналари, иккинчи жаҳон урушига оид экспонатлар ва Олмалиқ кон-металлургиясининг тараққиёти намуналари ўрин олган. Ёшлар учун ўзига хос таассурот майдонига айланган ушбу музей жуда кўп тарихий экспонат жамланмасига эга. Музей ходимлари доим меҳмонлар учун қизиқарли экскурсия ташкил этади. Бу ерда 4 тa бўлим бўлиб, табиат, археология, этнография ва Олмалиқ шаҳрининг мустақиллик йилларида эришган ютуқларига бағишланган.
Музейдаги ҳар бир экспонатнинг ўз тарихи бор, улар мозий ҳақида гапиради. Музейга ташриф буюрган кексалар ўтмишини, ёшлигини эслаб, узоқ суҳбатлашади, янада янги маълумотлар беради. Ёшлар учун бу музей ўтмиш билан келажак ўртасидаги кўприкдир. Уларни ватанпарвар ва комил инсон қилиб тарбиялашда Ўлкашунослик музейининг ўзига хос ўрни бор.
Айниқса, вилоят тарихини кўрсатувчи IV-VII асрга оид кўзалар, XIV-XVII асрга оид мис идишлар, IX-XII асрга оид сопол рўзғор идишлари барчада катта қизиқиш уйғотади.
Бугунги кунда музейда 15 нафар ходим фаолият кўрсатади. Жорий йилнинг бошидан музейимизда 4200 нафар ташрифчи бўлгани қайд этилди.
Уларнинг аксариятини шаҳримиз аҳолиси, ташкилот ва муассасалар ходимлари, айниқса мактаб ўқувчилари, ўрта махсус ва олий таълим талабалари ташкил этмоқда. Бундан ташқари музейда мамлакатимизда нишонланадиган ҳар бир тарихий сана ва байрамлар маданият бўлими ва мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли мактаб ўқувчилари билан ҳамкорликда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилади.
Май ойида фан доктори,олим А.Ҳасановнинг фаолиятига ва давлат тарихига молик бўлган янги экспозицияси очилиши кутилмоқда.
Феруза Мухиддинова,
музей бош мутухассиси.
