Жорий йилнинг 27–31 май кунлари Тошкент вилоятининг сўлим маскани – Бўстонлиқ туманидаги «Кимёгар» оромгоҳида юртимиз кимё соҳаси истиқболи учун муҳим бўлган илмий-амалий анжуман – «Кимё саноати ёш мутахассислари» форуми бўлиб ўтди.
Форумнинг асосий мақсади – кимё саноати соҳасида фаолият юритаётган ёш кадрлар ўртасида илмий-интеллектуал салоҳиятни юзага чиқариш, уларни ўзаро тажриба алмашишга, жамоавий муҳитда ишлаш кўникмаларини мустаҳкамлашга ва инновацион фикр алмашинувини кенгайтиришга йўналтирилган.
Форумда «Аммофос-Максам» АЖдан 14 нафар ёш мутахассис иштирок этди. Улар нафақат иштирокчи сифатида, балки ўз билим ва ғоялари билан форумга муносиб ҳисса қўшдилар.
Айниқса, «Энг яхши инновацион ғоя» танлови доирасида қуйидаги натижалар эътиборга молик бўлди:
• 1-ўрин – 14-гуруҳ вакили З.Рустамова инновацион фикри ва тақдимоти билан ҳакамлар ҳайъати эътирофига сазовор бўлди.
• 2-ўрин – 9-гуруҳдан М.Омонкулов таклифи долзарблиги ва амалийлиги билан ажралиб турди.
• 3-ўрин – 11-гуруҳ вакили Ш.Боймухамедов замонавий ёндашуви билан муносиб баҳоланди.
Форум иштирокчилари учун яратилган шароитлар, тақдим этилган тажрибалар, устоз-мураббийлар билан суҳбатлар, ҳамкорлик руҳидаги машғулотлар уларнинг касбий ўсиши ва шахсий ривожига ижобий таъсир кўрсатди.
Тадбир нафақат ёшлар учун билим ва кўникмалар мактаби бўлди, балки дўстлик, ҳамкорлик, бир мақсад сари интилиш руҳи билан йўғрилган самарали платформага айланди. Бу соҳада илғор технологиялар, замонавий ишлаб чиқариш ва илғор кадрлар муҳим ўрин тутади. «Кимё саноати ёш мутахассислари» форуми эса айнан мана шундай юксак мақсад сари йўналтирилган стратегик қадамлардан биридир.
Шундай тадбирлар орқали бугуннинг ёшлари эртанги саноат етакчиларига, инновацион ташаббускорларига айланиши шубҳасиз.
Саидакбархўжа Ўринбоев,
«Аммофос-Максам» АЖ Бошқарув раисининг Ахборот сиёсати бўйича маслаҳатчиси, матбуот котиби.