OLMALIQ HAYOTI
Image default
Жамият

ЖУРНАЛИСТ ҚАЛАМИ БИЛАН ДУНЁНИ ТОЗАЛАЙДИ

… Картон қутини “телевизор” қилиб унда журналист сифатида хаёлимдаги суҳбатдошга савол бериб, шу соҳага қадам қўйганимга мана, 20 йилдан ошибди…Билдимки, чиройли костюм юбкаларни кийиб сухандон қизлар каби юриш журналистика эмас… Сўзингни бермай нуқтадон бўлиш ҳам журналистика эмас экан. Назаримда, у қолипга солинмайдиган соҳа аслида. Компьютер олдида соатлаб ўтирмайсизми, туртки, илҳом бўлмаса бир мисра ҳам ёза олмайсиз. Фикримча, воқеликдан таъсирлансангизгина яратиқ тортиқ қила оласиз. Илҳом ҳам илоҳий деб биламан. Юқтирмаса, ичингизда нимадир “қайнаб ”турмаса бари бекор…

Шундай вақтларда “Детектив қироличаси” Агата Кристини эслайман: ёзувчи аёл 80 га яқин детектив асарлар қолдирган. Унга “бу асарларнинг антиқа ва ноёб ғояси қачон туғилади” деган савол берилганда Агата “улар кўпроқ ошхонада, идиш юваётганимда туғилади” деб жавоб беради. Агата Кристининг шуҳратига даъвоим йўқдир, аммо аёллик мақомимиз бир хил.
Ёзганларим ҳамма вақт ҳаммага ёқди демайман. Лекин уни топташса қоракўз болангизни қандай ҳимоя қилишга шошилсангиз ёзганларингизни ҳам шундай асрашга ошиқар экансиз…Касбнинг қандайдир бир оҳанрабоси бордек, магнити кучли. Вақтида соҳадаги маошимизнинг камлиги, обунадаги муаммолар сабаб бошқа соҳага бўйлаб кўрдик. Бу ҳам бир тажриба эди. Муҳит яхши, пул яхши тўлашади, аммо қалбингни шакл шамойилсиз бир нарса кемириб тураверади: шу туйғу, шу кечинма нима эди дейман. Бирор сўз айтишга, нимадир яратишга бўлган ташналик деб ўйлайман. Қорнимиз бир коса овқатга тўйиши тиббиётда исботланган. Аммо руҳониятчи? У ҳам “очиқади” ми? Уни ҳам тўйдириш керак. Нимадандур таъсирланасан, ҳайратланасан, ҳиссиётга бериласан, кейин тўлиб тошиб компьютер қаршисида чўкасан, клавиатурада бармоқларинг сон минг марта ҳарфларни қоралаб бораверади. Ҳаммасини Билл Гейтс кашфиёти бўлган компьютерга тўкиб сочасан. Хуллас, охирги нуқта қўйилгач, бир қадар руҳинг ором топади, озуқа олади. Шу бўлса керакда руҳониятнинг тўлиши.
61 ёшида ўзини отган беқиёс ёзувчи Эрнест Хеменгуэйнинг ўлимидан сўнг дунёни бир савол ўртарди: Ҳаммага ҳам насиб этмайдиган машҳурлик, бойлиги бўлган ёзувчи нега бундай қилди?
“Чол ва денгиз”ни яратган ёзувчининг ёзув столидан хат чиқади, ўлимидан олдин ёзилган. Унда шундай ёзилган эди:
Ижодий заҳирам тугади, бошқа ёза олмайман… Ўзимни отишга қарор қилдим. Бошқа ёза олмаслик бу – ўлим!
Нобель мукофотини олган, бетакрор, шедевр асарлари билан ном қозонган ёзувчини оқламасамда уни тушунгандек бўламан: Бошқа ёза олмаслик ёзувчи, журналист учун фожеа демак. Бундан нари бўлиш ҳам бахт.
Ҳар сафар дуога қўл очганимда Яратгандан тинчлик, хотиржамлик, соғлиқ сўраш қаторида ўзим учун ижодий қувват, илҳом ҳам сўрашим бор… Токи ижодкорнинг ичида “қайнаб” турадиган ижод булоғи қуриб қолмасин!
…Айтишларича, табиатда шундай акулалар бор эканки, улар 50 метр наридан қон ҳидини билишаркан, одамлар ичида эса шундай хусусиятга эга касб вакиллари борки, булар шубҳасиз ЖУРНАЛИСТЛАРДИР. Наполеон таъбири билан айтганда, “Қўлларидаги қалам билан бутун оламни тозалайдиган” соҳа ходимларини Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан самимий табриклаб, юксак ижодий парвозлар тилаб қоламиз!

Дилафрўз ЭГАМБЕРДИЕВА.

МАВЗУГА ОИД

ОЛМАЛИҚ, ЧИРЧИҚ, БЕКОБОД ВА АНГРЕНДА ТОЗАЛАШ ИНШООТЛАРИ ИШГА ТУШАДИ

admin

“ОПЕН БЮДЖЕТ”ДА ШАҲРИМИЗДАН 12 ТА ЛОЙИҲА ҒОЛИБ БЎЛДИ

admin

УЙИМИЗ ЯХШИ ИСИМАЯПТИ. НИМАГА?

admin

СОТУВЧИЛИКДАН ИШ БОШҚАРУВЧИЛИККАЧА

admin