Жорий йилнинг 18 июнь куни VII чақириқ Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг навбатдаги — 20-сессияси бўлиб ўтди. Сессияда Халқ депутатлари, шаҳар ҳокимлиги вакиллари, жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Сессия кун тартибидаги масалалар қуйидагилардан иборат бўлди:
- Депутатларнинг сайловчилар олдида ҳисобот бериш графигини тасдиқлаш: жойларда фуқаролар билан очиқ мулоқотларни кучайтириш, жамоатчилик назоратини таъминлаш;
- 2025 йил I чорак якуни бўйича маҳаллий бюджет даромадларининг ортиғини тақсимлаш масаласи — келгусида ижтимоий соҳаларни қўллаб-қувватлашга йўналтириладиган маблағлар муҳокама қилинди;
- Ўзбекистон Республикасида гендер тенглик стратегиясини 2025 йилда амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар ижроси ҳақида: шаҳарда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама этилди;
- “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида “Жамоат парки”ни ташкил этиш учун ер майдонини ажратиш масаласи — шаҳар аҳолиси учун қулай ҳордиқ жойлари яратиш режалари кўриб чиқилди;
Сессияда куз-қиш мавсумига алоҳида тайёргарлик кўрилиш кераклиги, хотин-қизларга ҳокимият томонидан ОТМга берилаётган тавсияномалар сонини кўпайтириш лозимлиги, мутассади ташкилотлар бир-бирига сансалор қилмай фуқароларнинг мурожаатларини жойларга бориб ўрганиши ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Қувонарлиси, 54 та ажрим ёқасидаги оилалардан 28 таси сақлаб қолиниб, 34 нафар фарзанднинг тирик етим бўлиб қолишининг олди олинганлиги тўғрисида маълумот берилди.
Сессия якунида барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

