Қурама тизма тоғи бағрида яшовчи аҳолининг қадимдан турли ўйинлари бўлган. Бу ўйинлар байрамлар ва халқ сайилларида, тўй ва йиғинларда уюштирилган. Оммавий ўйинлар билан бирга болаларнинг (айримларида катта ёшдаги кишилар иштирокида) ўзига хос ўйинлари ҳам бўлган. Ҳозир ана шу ўйинларнинг айримлари ҳақида маълумот берамиз.
Чикилдик ўйини
Икки, уч ва ундан ортиқ болалар (ўғил болалар) алоҳида –алоҳида ёки мусобақалашувчи гурухларга бўлиниб чикилдик ўйнайдилар. 30-40 см узунликдаги мустаҳкам новда (таёқ) олинади, бу таёқ эначик дейилади ҳамда 10 см узунликдаги новда (таёқча) олинади, бу таёқча болачиқ дейилади. Қаранг: Андижон шевасида чикалдак- чиллак ўйин: “палочки, употребляемые при игре в чижик” инчи йағачи чикалдак, катта йағачи даста. “Яна Андижон, фарғонада: чикалдак- қаламча “черенок”: узум чикалдаги”. Ўйинлар навбатма-навбат узун таёқ –эначик билан кичик таёқчани –болачиқни ердан кўтариб, нисбатан узоқроқ масофага уриш учун мусобақалашадилар. Ютқазган гурух “зувиллаш”га мажбур бўлади (бу ўйиннинг иккинчи номи “зувиллоқ” деб ҳам аталади). Ғолиб ёки ғолиб гурух эначик билан болачиқни уради ва болачиқ тушган ердан то маррагача ютқазган(лар) овоз чиқариб зувуллаб югуриб келишга мажбур бўлган. Марра жойгача нафаси етмай қолса, ўша жойдан марра жойгача ғолиб ёки ғолибларни орқалаб кўтариб келиш зарур бўлган. Бу ўйин таёқ билан таёқчани узоққа ирғитиш ҳамда ўпкага ҳавони йиғиб, бир маромда нафас чиқариш машқига ўргатишда катта аҳамиятга эга бўлган.
Қулоқчўзмай ўйини
Бир гурух болалар ва катталар ўйини. Ўйин бошлиғи бирор нарса (латтага ўралган тош, қаттиқ жисм)ни узоққа улоқтиришади. Барча болалар, ўйин қатнашчилари уни биринчи бўлиб қўлга киритишга ҳаракат қиладилар. Уни ирғитган ўйин бошлиғи ўз жойидан силжимай туриши шарт. Улоқтирилган нарсани қўлга киритган бола (одам) бошлиқ сари чопади, лекин у кучли тўсиққа дуч келади. Бошқа болалар унинг қулоғини чўзиб, нарсани тортиб олишга астойдил ҳаракат қиладилар. Охир-оқибатда ким бошлиқни ушлаб, нарсани топширса мукофот олади.
Бу ўйинда ҳам чаққонлик, энгиллик, болалар қаторини дадил ёриб ўтиш каби ақлий-жисмоний малака шаклланади. Қулоқчўзмай қурама шеваларига оид сўз бўлиб, адабий тилда қулоқ чўзиш, қулоқчўзма каби шаклларда берилиши мумкин.
Гўрғоз ўйини
Болалар гурухларга бўлиниб, маълум келишилган масофадан айлана шаклида қазилган чуқурчалардан ўртадаги чуқурчага тўп (кичик копток)ни тушириш бўйича мусобақалашганлар. Ким ўртадаги чуқурчага тўпни тушурса, чуқурчани қўриқлаётган бола коптокни олиб, болаларни копток билан уриш мақсадида қува бошлаган. Кимни копток билан урса, у чуқурча қўриқчиси бўлишга мажбур бўлган. Бу ўйин ҳам болаларни аниқ мўлжал олиш, чаққон ва тез ҳаракат қилишга ўргатувчи халқ ўйинларининг бир туридир (гўрғоз сўзи гўр – “чуқур” ҳамда ғоз \ қаз-қазилмоқ, яъни чуқур қазимоқ маъносидаги қўшма сўздир).
Шахман ўйини
Шахман сўзи қурама шеваларида азалдан ишлатилади. Бу сўз қадимги сопқон сўзининг товуш жиҳатдан шевага хос бир кўринишидир. Баъзи худудларда бу сўз сақмон шаклида ҳам ишлатилади (қаранг: “Узбекско-русский словарь”,М.,1959, 359,378-бет): Болалар кичик айри таёқчага чўзилувчи резинани чарм билан боғлайдилар, чармга майда тош ўраб қушча (чумчуқ ва ҳ.)-ларга отадилар. У айрим ҳолатларда экин ва меваларни қушлардан асраш учун ҳам ишлатилади. Қаранг: “Сопқон”: 1.праща; сопқон отмоқ: метать пращой; ота олмаган сопқон ҳам бошга тегади, ҳам кетга тегади: посл.если метать пращой не умеючи, она ударит и по голове, и по заду; 2.обл. кнут, издающий при щёлканье резкий звук (употребляется для отпугивания птиц с виноградников и т.п.): “Узбекско-русский словарь”,М.,1959, стр.378.
Қадимги даврларда душман қалъасига тош отиш учун манжаниқлардан фойдаланганлар. Бу қурол форс тилида фалохун (палохмон, тош солиб отадиган қурол) деб аталган. Манжаниқ, палахмон ёки сопқонлар уруш қуроли сифатида ишлатилган. Ўзбек тилидаги “қиз бола палахмоннинг тоши” ибораси янги маъно касб этган (қаранг: “Навоий асарлари луғати”, Тошкент, 1972, 358,631-бет).
Тилимизда ишлатиладиган сапқон, сопқон, сақмон, шахмон, шахман сўзи жуда қадимги тарихга эга бўлиб, у халқимизнинг ўтмишидан дарак берувчи воситалардан биридир. Катталар болаларга балки ўйин қуроли сифатида сопқонга ўхшашлиги (вазифаси, ишлатилиши)ни ҳисобга олиб кичик сопқон-шахмон ясаб берган бўлсалар керак. Бу кичик қурол мўлжални тўғри олиш, мерганлик, қўриқлаш уддабуронлигини ошириш учун ишлатилганлиги турмуш талаби, эҳтиёжи билан изоҳланади.
Сен тур, сен чиқ ўйини
Болалар давра олиб, оёқларини чўзиб, ўзаро бир-бирига теккизиб ўтирадилар. Бошлиқ ёки болаларнинг каттаси (бу ўйинда қизлар ҳам, ўғил болалар ҳам қатнашаверади) санонига тушади: у болаларнинг оёқларига қўлини, бармоқларини теккизиб санай бошлайди: “бирен, екен, учен, тўртен, бешен, алтан, овур балтан, қирқаёвуқ, қирман товуқ, сен тур, сен чиқ”. “Сен чиқ” ибораси қайси боланинг оёғига текса, у ўйиндан чиққан-ютган ҳисобланади. Бу санаш охирги давра иштирокчиси (икки иштирокчи) қолгунча давом эттирилади. Охирги қолган иштирокчи гўё ютқазган ҳисобланади. Бу ўйин кўпроқ ёш болалар билан санаш ва ҳисоблаш малакасини, сезгирлик ва топқирликни ўстириш учун қадимдан ишлатилган. Буни ўйин сўзларининг маъносидан ҳам билиш мумкин: бирен, екен, учен, тўртен, бешен, олтон сўзларидаги-(е)н қўшимчаси Ўрхун-Енисей тошбитиклари яратилган даврлардан ҳам олдин ишлатилган ва тартиб, ўрин, жойлашиш маъносини билдирувчи ёки тартиб сон қўшимчасидир. Кейинроқ бу қўшимча маъноси унитила бориб, унга-чи қўшимчаси орттирилган ва –инчи қўшимчаси пайдо бўлган: “биринчи, иккинчи, учинчи, тўртинчи, бешинчи,олтинчи, оғир, семиз юкли, қирқ оёқли, қирман (эпчил) товуқ, сен тур, сен чиқ”.
Бирэш ўйини
Бу ўйинда уч, тўрт, баъзан беш-олти жуфт майда тошлар олинади ва улар тўп (ғуж) ҳолга келтирилади. Биринчи ўйинчи бир дона тошни юқорига отиб тўп тошлардан битта-биттадан кафтини уриб, қўли (кафти) ичига йиғиб олиши зарур. Барча тошларни йиғиб ололмаган ёки ярмига бориб тошчаларни тушириб қўйган, сўнг чап қўлининг бош бармоғи ва кўрсаткич бормоғини ерга тираб, дарвоза ҳосил қилиб, тошчаларни мана шу дарвозадан бирин-кетин киритиш керак, “дарвоза”дан ўтказа олмаган ўйинчи ютқазган ҳисобланади.
Бирэш сўзидаги эш сўзи қадимги сўзлардан бўлиб, ўртоқ, дўст, яқин, акаси ва опаларига эргашадиган каби (Эргаш, Тўхта, Турсун, Турғун каби исмларнинг маъносига ўхшаш) маъноларни англатган (Эшбой, Эшмат / Эшмуҳаммад, Эшчон, Эшали, Эшқўзи каби исмларда шу ҳолат кузатилади). Халқ тилидаги ип эшмоқ ибораси ўз маъносида ипларни бир-бирига ўрамоқ, чирмаштирмоқ маъноларини билдирса, кўчма маънода устамон, пухта, пишиқ, айёр каби маъноларни билдиради (унинг олдида унча-мунча одам ип эшолмайди).
Бирэш сўзидаги эш қисми бир сўзи билан бирикиб, бир жуфт, яъни тошчаларни жуфтлаштириш маъносини билдиради.
“Узбекско-русский словарь”( М.,1959, 560-561-бет) эш сўзининг қуйидаги талқинларини беради: Эш 1.Спутник, товарищ, подруга. 2.областной:послед; 3.парачего-либо; 4.Эш (имя собственное, мужское).
Демак, бирэш сўзи англатган ўйин болалар, айниқса, қиз болаларни чаққонлик ва қўл бармоқларининг тез ҳаракатланиши учун муҳим омил бўлган.
Қиз болаларнинг макмак (катакчалардан катакчаларга сакраш), отмоқтўп (тўпни навбатма-навбат бир-бирига отиш каби ўйинлари ҳам қадимги ўйинлар сирасига киради.


Турсунали Мирзақулов,
Олмалиқ Ипак йўли инновациялар университети профессори, филологияфанлари доктори.