Аллақачон 60 ёшдан ошдим. Шукрки, ҳануз меҳнатдаман, ижтимоий фаолман. Аммо қалбимда бир оғриқ, бир ҳасрат бор — ота-онам бу кунларни кўролмади. Синфдош дўстларимнинг ҳам тенг ярми ҳозир бу оламда йўқ. Укам Иззатилллани ўн икки ёшида йўқотиб қўйганман. Ю Улар қалбимда, хотирамда, дуоларимда.
ОТА ҲАҚИДА СЎЗ ОЧИЛСА…
Отам — ҳалол меҳнат соҳиби эди. Кўмир конида экскаватор машинистининг ёрдамчиси бўлиб ишлаган. Саломатлиги ёмонлашгач, енгилроқ ишга ўтказишган. Афсус, у 42 ёшида оғир хасталикдан вафот этди. Мен у пайтда ўн ёшдаги гўдак эдим. Отанмни йўқотганимни англамасдим, аммо кетгандан кейин бошланган оғир ҳаёт менга ҳам болалигимнинг гўзал дақиқаларини татиб кўришга имкон бермади.
ОНАМ — ҚИЁМАТДЕК ҚИЙИНЧИЛИКЛАРГА ЁЛҒИЗ ЎЗИ ТИК ТУРГАН АЁЛ
Онам ўттиз еттисида тўққиз фарзанд билан яккаланиб қолди. Айрилиқдан чуқур қайғурган бўлса-да, тушкунликка берилмади. Эрталабдан кечгача меҳнат қилди, бозор қилиб, нон топиб келди, биз фарзандларини ҳеч қачон оч, яланғоч қолдирмади.
Онам ҳам етимликда ўсган, мактабга фақат бир кун борган экан. Аммо уруш бошланиб, мактаб ёпиб қўйилган. “Мен саводли бўлолмадим, сизлар ўқинглар, одам бўлинглар!” — деб тайинларди нуқул.
Онам сўзамол эди. Халқона, ҳаётдан олинган ибораларни кўп ишлатарди. Маҳаллада ҳам уни “мақолчи она” деб чақирирарди.. Тили — қалбининг садоси, оиламизнинг қалқони эди. Шоирлик менга онамдан юққан бўлса керак. 77 ёшида бу дунё билан видолашди. Илоҳим, жойлари жаннатдан бўлсин!
ЮРАГИМДАГИ ТИРИК ЯРА — УКАМ ИЗЗАТИЛЛА
Иззатилла — мендан тўрт ёш кичик эди. Етимликдаги болалик, руҳий изтироблар, тушунмаслик ва атрофдаги одамларнинг қўпол муомалалари, меҳрсизлик унга жуда оғир келди чамамда. Ҳеч кимдан ёрдам сўрамади, биз ҳам англамадик. Бир куни… у бу дунё билан хайрлашди. Ҳар гал у ҳақида ўйласам, қалбим ўртанади. Шу кунигача ўзимни кечира олмайман. Унга ёрдам қўли чўза олмадик… Хотирасини деб, унинг исми билан аталадиган тўнғич ўғлим бугун 32 ёшда.
ЎЗИМ ҲАҚИДА…
1969 йил. Мактабга ёзиб кетишди. Бироқ ёшим етмагани, боз устига миттилигим учун олишмади. Аммо “жанжал” қилиб бунга эришдим. Кейинчалик олий маълумот ҳам олдим. Паст бўйим, ўжарлигим, нуқул “уч”га ўқишим, устозлардан танбеҳ эшитганим — буларнинг барчаси орзуларимга кўзланган йўлда тўсиқ бўла олмади. Булар ҳаёт мактаби эди.
Тракторчи бўлсам керак… деб ўйлардим, чунки ўша пайтда бу “ҳурматли” касб саналмасди. Аммо вақт ўтиб, бу ўйлар руҳимни синдирмади. Ғайратим ошиб, олға босдим. Ўтиб бўлмас ботқоқликларда ўтдим. Аламимни ижод ва меҳнатдан олдим.
БИР УМРЛИК ҲАЁТ ЙЎЛИГА НАЗАР
Бугун менда:
Мустаҳкам оила, фарзандлар, набиралар.
Ҳалол меҳнат билан топилган ризқ, уй-жой, автомашина.
10 дан ортиқ китоблар.
Дарсликларга киритилган шеърлар, халқаро нашрларга чиқарилган ижод.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Журналистлар уюшмаси аъзолиги.
Вилоятдаги илк хусусий газетанинг асосчиси.
Маҳалла раиси, депутат сифатидаги фаолият.
2023 йилда 60 йиллик юбилейим кенг нишонланди. Бу мен учун унутилмас воқеа. Аммо… барча имкониятларим рўёбга чиқдими? Яна нималарга қодир эдим? Бу саволлар ҳозир ҳам юрагимдан отилиб туради?
ЁШЛАРГА МУРОЖААТ
Болалигинг оғир кечяптими?
Руҳинг синиб турганмиди?
Ўқишга кўнглинг йўқ, муҳит қўлламаяптими?
Шундай бўлса ҳам, бу сени асло чеклаб қўя олмайди.
Чарльз Диккенс — болалигида заводда ишлаган, лекин буюк ёзувчи бўлди.
Жалолиддин Румий — юртдан юртга кўчиб, улуғ маънавият соҳибига айланди.
Эркин Воҳидов, Хамза Имонбердиев, Улуғбек Ҳамдам — оғир болаликдан адабиётга йўл топган.
Ҳалима Худойбердиева — ранжиқ болалигидан миллат руҳини кўтарган буюк шоирага айланди.
Сен ҳам мавжудсан, сен ҳам қодирсан!
Бўлиши мумкинки, жисмонан ожиз, камбағал, шароит йўқ… Аммо меҳнат ва билим сенга қанот бўлади.
Ишон! Ҳаракат қил! Ўқи!
Ҳаёт бир кун сени тан олади.
Хуллас, мен пастдан бошладим. Аммо сабр, меҳнат ва ишонч билан юқорига қараб юрдим.
60 йиллик ҳаётим — менга сабоқ, ибрат ва шукроналик берди.
2025 йил 12 май
Неъмат Абдулваҳҳоб.