Иссиқ уриши — организмни қизиб кетиши бўлиб, бунда тана ҳарорати 37,7 оС дан юқори бўлади ва турли сабабларга кўра, организм соғлом ҳароратига қайта олмайди.
Қизиб кетиш сабаблари: ҳавонинг қизиши, ортиқча жисмоний зўриқиш, организмнинг сувсизланиши ва ҳоказо.
Офтоб уриши — иссиқ уришининг бир қисми бўлиб, бевосита қуёш нури таъсирида бошнинг локал қизиши ҳисобланади ва бирданига ривожланмайди. Буни инсоннинг термик силласи қуриши дейилади. Бунда организм терморегуляцияси бузилганини ва зудлик билан ёрдам кераклиги ҳақида хабар беради.
Белгилари: Оқиш-совуқ ёпишқоқ тери, бош айланиши, бўшашиш ва онгнинг хиралашуви, кўз олди қоронғилашуви, кўп терлаш, бош оғриғи, кўнгил айниши ва қусиш, юрак уришининг тезлашуви, мускуллар ва талвасалар, сийдик рангининг тўқариши.
Иссиқ уриши босқичи ўтказиб юборилганда, қуйдаги симптомлар учрайди;
- Тана ҳарорати 40 оС дан ошиши
- Нафас олишнинг қийинлашуви
- Кўп қусиш
- Ҳушдан кетиш
- Юрак ритмининг жиддий бузилишлари
- Бош мия фаолияти бузилганлиги белгилари
Офтоб уришида биринчи ёрдам:
- Жисмоний фаолликни тўхтатиш
- Қуёшдан салқинга қочиш (салқин хона ва совуқ жойларга)
- Имкон қадар барча кийимларни ечиш
- Пешонасига совуқ сувга намланган сочиқ ёки дока қўйиш
- Камида 1-2 стакан сув ичиш
- Регидрон ёки спортчилар ичимлиги — изотоник ичиш.
Инсонни офтоб урганда, жойида ёрдам кўрсатиш ноэффектив ҳисобланади. Бунда жабрланувчида қайт қилиш, юрак фаолиятининг бузилиши, ҳушдан кетишдан олдинги ҳолат кузатилиши мумкин. Бунда зудлик билан тез ёрдам чақирилгани маъқул.
Хавфсизлик чоралари: Иссиқ пайтда вақтни совуқроқ хонада ўтказишга ҳаракат қилиш.
Ёз ойларида соат 11:00 дан 15:00 гача бўлган оралиқлар хавфли ҳисобланади. Бу даврда жисмоний зўриқишлардан узоқроқ юриш керак. Иложи борича оқиш рангли кийим кийиш, бош кийимини эсдан чиқармаслик керак.
Раҳима МАВЛЯНОВА,
шаҳар 2-Оилавий поликлиникаси
бўлим мудираси.