Бугунги кунда ишбилармон аёл деганда фақатгина дипломга эга аёллар тушунилмайди. Диплом бир восита холос. Замон ривожланмоқда, ўзбек аёллари уйда ўтириб ҳам замон билан ҳамнафасликда дунё майдонига чиқиб бормоқда.
Ҳар бир уйнинг, ҳар бир маҳалланинг, ҳатто ҳар бир шаҳарнинг ўз маҳорати, меҳнати билан ном чиқарган инсони бўлади. Ҳамшаҳримиз Моҳина Аҳмадова ҳам бугунги кунда ҳалол меҳнати туфайли халқимиз орасида юксак меҳрга сазовор бўлган аёлларимиздан бири. Қаҳрамонимиз болалигидан бошлаб онасининг ёнида елкама-елка туриб тикувчиликнинг барча сир-асрорларини ўрганди. Ҳозирда халқимизга холис хизмат қилиб келмоқда.
Моҳина Аҳмадова 1987 йил Оҳангарон туманида туғилган. Оилали, уч нафар фарзанднинг онаси. Моҳинанинг онаси тикувчи бўлгани учунми, унинг бу касбга муҳаббати юксак бўлган. Опалари ўқишга кирган пайтда Моҳина ҳам онаси билан биргаликда чеварчилик қилиб, опаларига пул етказиб турган. Бугунги кунда либос ва пардалар тикиш бўйича шаҳримизнинг энг олди тикувчиларидан бири. Келинг, энди барчасини ҳунармандимизнинг ўзидан эшитсак.

БОЛАЛИК
Болалигим — ҳаётимнинг энг ёрқин, илиқ хотираларга тўла даври, десам янглишмаган бўламан. Онажонимнинг меҳрли қўллари, ҳазил-ҳузулга тўла гаплари ҳали-ҳамон қулоғим остида жаранглайди. Онажоним биз — опа-сингилларни ёнига олиб, тикиш-бичиш сирларини ўргатар, ҳар бир ҳаракатимизга эътибор билан қараган. Ўша пайтларда кунлар жуда серҳаракат ўтарди: эрталаб мактабга бориб, кундуз уй ишларига ёрдам бериш, оқшомда эса тикиш машинаси ёнида онам билан бирга ишлаш… Онам доимо: «Қиз бола ҳунарли бўлиши керак, ҳунар — инсонга безак ва тирикчилик таянчи,» деб таъкидларди. Бугун мана, барчамизнинг қўлимизда турли ҳунаримиз бор. Бунинг замирида онамнинг меҳри, меҳнати ва бизга сингдирган сабоқлари ётади. Ҳар бир ип ва игна орқали бизга нафақат ҳунар, балки бардош, меҳнатсеварлик, оилага муҳаббат туйғусини ҳам ўргатган онамиздан миннатдормиз.

МЕҲНАТ ДАФТАРИДАГИ БИР САҲИФА
Тикувчи аёлнинг кунлари эрта тонгдан бошланади. Ҳар бир матони эҳтиётлик билан қўлига олиб, унинг ранги, тузилиши, товланишини кўздан кечиради. Мато ортидаги буюртмачи орзуси, ундаги қувонч ва умидни ҳис қилади. Шунинг учун ҳам унинг ҳар бир қадами – эҳтиёткорлик, ҳар бир чизиғи – аниқлик, ҳар бир бурмаси – меҳр ила қилинади. Бу касбда нафақат техника билими, балки катта тажриба ва ўткир кузатувчанлик керак. Тикувчи аёл киши табиатини ҳам ўқиши, унинг кайфиятини ҳис қилиши, тикилган кийим инсонга муносиб ўтириши учун ўлчовни аниқ белгилаши зарур. Аёлнинг қўлидан чиққан ҳар бир либос – унинг меҳнат дафтаридаги бир саҳифа.
СИНОВЛАР ИНСОННИ КУЧЛИ ҚИЛАДИ
Ҳеч қачон эсимдан чиқмайди: туғруқ таътилидан сўнг ишга қайта чиққанимда, кўп йиллик мижозларимнинг баъзилари менга либос тиктиришни тўхтатишган эди. Бу ҳолат мен учун оғир туюлган, ҳатто хафа ҳам бўлганман. Айримлар эса «Тикиш машинангиз эски экан-ку» деган гапларни айтган. Ўша кунларда кўнглим бир оз чўкса-да, турмуш ўртоғимнинг қўллаб-қувватлаши менга янги куч бағишлади. У киши ўз маблағидан менга янги тикиш машинаси олиб берди. Шу воқеадан кейин ишимда яна юксалишлар бўлди, мижозларим ҳам қайта кўпайди. Менинг ҳаётий тажрибам шуни ўргатдики, синовлар инсонни кучли қилади, яқинларингнинг қўллаб-қувватлаши эса ҳар қандай қийинчиликни енгишга ёрдам беради.


ТУРМУШ ЎРТОҒИНГИЗ ЭНГ КАТТА ҚЎРҒОНИНГИЗДИР
18 ёшимдаёқ ўзимнинг шахсий тикувхонамга эга бўлганман. Кейинчалик, оила қурдим. Турмуш ўртоғим билан ҳаётни нолдан бошлаганмиз. Ҳар иккимиз ҳам тинмай ҳаракат қилдик, қийинчиликларга бирга бардош бердик. Ўша пайтда янги уйимиз ҳам, замонавий тикиш машиналаримиз ҳам бўлмаган. Бироқ эримнинг ёрдами ва қўллаб-қувватлаши билан қадамма-қадам олға юрдик. Мана, бугун янги уйимиз бор, тикувхонамда эса беш-олтита тикиш машинаси ишламоқда. Менинг ишончим комилки, аёл ҳар қандай ишни турмуш ўртоғи билан маслаҳатлашиб бошласа, унинг меҳнатида ҳам, ҳаётида ҳам барака бўлади.
ОНА ТАРБИЯСИ
Болалар тарбиясида онанинг ўрни беқиёс. Она фарзандининг биринчи устози, энг яқин дўсти ва ҳаётий намунасидир. Мен ҳам ўз онамдан олган тарбия ва ҳаётий сабоқларни фарзандларимга сингдиришга ҳаракат қиламан. Аллоҳга шукр, уч нафар фарзандим ҳам ўқишни яхши кўрадиган, катталарни ҳурмат қиладиган, одобли ва фаол бўлиб улғаймоқда. Бунинг замирида менинг тарбиямгина эмас, балки онамдан олган меҳр ва ибрат ҳам ётади. Она меҳри ва тарбияси — авлоддан авлодга ўтадиган энг қимматли меросдир. У боланинг нафақат билимини, балки инсон сифатидаги камолотини ҳам белгилайди. Шу боис, ҳар бир она ўз фарзандига яхшилик ва меҳр-муҳаббат уруғини сепса, унинг меваси бутун умр баракатли бўлади.
Мухлиса ТОШПЎЛАТОВА
суҳбатлашди.