4 сентябрь куни Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев раислигида вилоят оммавий ахборот воситалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш, матбуот хизматлари олдида турган долзарб масалалар муҳокамасига доир йиғилиш бўлиб ўтди.
Видеоконференсалоқа шаклида ўтган мулоқотда вилоят фаоллари, тегишли ташкилот ва бошқарма раҳбарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари ва уларнинг матбуот котиблари, ҳудудий нашрлар муҳаррирлари иштирок этди.
Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда соҳа вакиллари олдида турган долзарб вазифалар атрофлича муҳокама қилинди, таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Хусусан, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ҳудуд ва тизимга доир чиқишларга холис ва ҳаққоний муносабат билдириш, ҳокимликлар ва ташкилотлар сайтларини замон талабларига мувофиқ модернизация қилиш, энг муҳими, мамлакатимизда давлат раҳбари бошчилигида олиб борилаётган кўламли ислоҳотлар моҳиятини одамларга содда, халқчил тил ва услубларда етказиб бериш кабилар шулар жумласидандир.
Йиғилишда тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари кун тартибидаги масала юзасидан ўз тавсияларини билдирар экан, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ҳамда матбуот хизматларининг ўзаро ҳамкорлигида шаффофлик, холислик, ҳаққонийлик бош мезон бўлиши лозимлигига эътибор қаратишди.
Йиғилишда ташкилий масала кўрилди.
Тошкент вилояти ҳокимининг Ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси, ҳокимлик Ахборот хизмати раҳбари вазифасига «Тошкент ҳақиқати» ва «Ташкентская правда» газеталарининг бош муҳаррири Ғайрат Шералиев номзоди маъқулланди.