OLMALIQ HAYOTI
Image default
Саломатлик

МАККАЖЎХОРИНИНГ ДОРИВОР ХУСУСИЯТЛАРИ

Маккажўхорини болалар ҳам, катталар ҳам севиб истеъмол қилишади. Асл ватани Жанубий Америка бўлган бир йиллик бу ўсимлик таркибида Менделеев даврий жадвалидаги 26 та элемент мавжуд. Мутахассисларнинг билдиришича, маккажўхори организмдан холестеринни чиқариб юбориш хусусиятига эга. Шу боис ёғли таомларни хуш кўрувчилар бу сабзавотдан кўпроқ тановул қилишлари фойдадан холи эмас. Унинг таркибида B, PP, C, ва юрак фаолиятини яхшиловчи К витаминлари, фосфор ва калий бор.

Диетологларнинг фикрича, 150 грамм жўхори катта ёшли инсонларнинг В1 витаминига бўлган талабини қондиради. Унинг таркибида склероздан ҳимоя қилувчи ва антитоксин ҳисобланган Е витамини ҳам мавжуд. Доимий тарзда жўхори истеъмол қилиш юрак инсульти ва саратон хавфининг олдини олади.
Маккажўхори мевасидан олинган мой қон таркибидаги холестеринни камайтириш, артеросклероз касаллигини даволаш ва олдини олишда қўлланилади. Шу билан бирга, организмда моддалар алмашинувини яхшилашда, қандли диабет, нефрит, буйрак-тош ва холецистит касаллиги, ўт ва сийдик ҳайдовчи восита сифатида ишлатилади. Жўхори темир, кальций, фосфор, магний ва бошқа микроэлементларнинг манбаи саналади.
Қайнатилган жўхори қандли диабет билан оғриган бемор танасидаги қанд миқдорини нормаллаштиради, аллергияга мойиллиги бор инсонларга, камқонликдан азият чекувчи, жигар, юрак хасталиги билан оғриган кишиларга яхши фойда беради.
Сурункали чарчоқ, ҳолсизликдан азият чекаётганларга 200 грамм маккажўхори қўшиб тайёрланган салат тановул қилиш тавсия этилади. Шунингдек, мунтазам маккажўхори тановул қилган кишилар хотираларидан сира шикоят қилишмайди.
Маккажўхори мойи косметологияда ҳам кенг қўлланилади. Унинг таркибидаги моддалар зарарланган сочларни тиклаб, жилолантиради. Маккажўхори крахмали кўшиб тайёрланган ниқоблар ажинларга қарши восита сифатида машҳур.
Жўхори таркибидаги аминокислоталар ичаклар фаолиятини меъёрлаштиради ва мушаклар тонусини оширади. Қандли диабет, аллергияга мойил, камқон, ортиқча вазндан қийналаётган, жигар ва юрак хасталиклари мавжуд беморларга кўпроқ жўхори истеъмол қилиш тавсия этилади.
Попуги ҳам фойдали
Маккажўхорининг нафақат дони, балки попуги ҳам бир қанча доривор хусусиятларга эга. Одатда жўхори пишган маҳалда попуги йиғиб олиниб, сояда қуритилади. Таркибида эфир мойлари, елимсимон ёғли мой моддалар, С ва К дармондориси, органик кислота ва бошқа микроэлементларни кўп миқдорда сақлайди. Халқ табобатида жўхори попугидан тайёрланган қайнатма ва дамламалар ўт ва пешоб ҳайдовчи, моддалар алмашинувини меъёрлаштирувчи восита сифатида қадимдан ишлатиб келинади. Чойдек дамлаб ичилса, буйракдаги тошларни парчалайди.

МАВЗУГА ОИД

ИНСОННИ ЁШИГА ҚАРАБ ЭМАС, САЛОҲИЯТИГА ҚАРАБ БАҲОЛАШ КЕРАК

admin

АМАЛ ҚИЛИНГ ВА МУҲИМИ СОҒЛОМ БЎЛИНГ

admin

ЮРИШНИНГ СОҒЛИҚ УЧУН ФОЙДАЛАРИ

admin

ИССИҚ ҲАВОДАНАЗИЯТ ЕТМАСЛИК УЧУННИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

admin