OLMALIQ HAYOTI
Image default
Саломатлик

ФАРММАФИЯНИНГ ҚУРБОНИ БЎЛМАНГ!

Фармакологиядан «ФАРМАКОН» деса ўқув зали ойналари зириллаб кетадиган профессор устозимиз Санъат Собировна Азизова дарс ўтарди.

Дори — турли касалликлардан халос бўлишга ёрдам бергувчи, оғриқ қолдирувчи, умрни узайтиришга ёрдам бергувчи ТИББИЙ ИЛОЖ ва айни дамда — ЗАҲАРдир. Содда қилиб айтганда: кафтингизда ичишга чоғланиб турган оддийгина таблетка ҳам даво, ҳам заҳардир.
Яъни, ўлдиришга қодир бўлган заҳар ҳам даво бўлиши мумкин. Буни тиббиёт рамзига айланган Гигеа қадаҳи (Гиппократ қадаҳи) мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Яъни, қадаҳга чирмашиб, унга заҳрини тўкаётган илон мисолида.
Хозир бу рамзни аксарият дорихоналар пештоқида кўрмасак ҳам (ҳозир моддада фақат + шакли) ўн олтинчи асрдан бери, фармациянинг рамзи ҳисобланади.
Фармакологиянинг асоси бўлган «Fharmaus» атамасининг маъноси эса — Заҳар тайёрловчидир. Энди кўчага чиқиб, мўр-малахдек бижғиб кетган дорихоналарда нима сотилаётганига ақлингиз етгандир!
Нега мен шифокор бўла туриб, дориларнинг даволовчи хусусияти эмас, айнан заҳар эканига урғу беряпман? Беморга у ёки бу дори воситаси шунчаки тайинланмайди, ҳақиқий шифокор энг аввал дори воситасининг халқаро номи ва гуруҳлаш номига қараб, у мавжуд бўлмаган тақдирда доривор маҳсулотни савдо номи остидa ёзади. Тиббий кўрсаткичлар (индивидуал интолеранс, ҳаётий кўрсаткичлар бўйича) мавжуд бўлганда, тиббий ташкилотнинг тиббий комиссиясининг қарори билан, тиббий ёрдам кўрсатиш стандартларига киритилмаган дори воситаларини, фирма номларига кўра, рецептлаш амалга оширилади.
Юқорида ёзганларим оддий инсонлар учун мураккаб тушунчалардир, бироқ шифокор учун бу — виждон амри, бемор учун эса ҳаёт-мамот масаласидир.
Шифокор бирорта дорини шунчаки тавсия қилишга ҳаққи бўлмагандай, дорихонадаги сотувчи (афсус, ҳозир аксариятида сохта провизорлар фаолиятда) ҳам шифокор тавсиясисиз, фармакологик билимларсиз, ўзбошимчалик билан дори сотиши мумкин эмас.
Худди шу қонун бемор учун ҳам, яъни, у хоҳлаган дори воситасини харид қилишга ва ўзбошимчалик билан қабул қилишга ҳаққи йўқ! Нега? Энди асосий мақсадга ўтамиз.
2012 йил Буюк Британиялик шифокор ва олим Бен Голдакрнинг «Bad Pharma: How Drug Companies Mislead Doctors and Harm Patients» номли китоби нашр этилди ва яхшигина шов-шувларга сабаб бўлди. Китоб номи турли тилларга турлича таржима қилинган. Ҳали ўзбекчага ўгирилгани йўғ-у, лекин сўзма-сўз таржимаси шундай жаранглайди:
«Ёмон фармацевтика: Дори компаниялари шифокорларни қандай йўлдан оздиради ва беморларга қандай зарар етказади» дея таржима қилинади.
Бен Голдакер шундай ёзади:
«Асосий муаммо шундаки, дори воситаларини ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини бозорга чиқаришдан аввал текширадилар-у, аммо катта хатоларга йўл қўядилар. Дори бозори улкан, аммо тадқиқотлар ёмон ишлаб чиқилган бўлиб, синовдан ўтган маҳсулотнинг мақсадли аудиториясига хос бўлмаган кам сонли аудиторияда ўтказилади. Тадқиқотлар натижалари бузилган ҳисоб-китобларга асосланган бўлиб, унинг мақсади ўрганилаётган препаратнинг фойдасини бўрттириб кўрсатишдир. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, бу тестлар ишлаб чиқарувчи учун фойдали бўлган натижаларни келтириб чиқаради. Агар тадқиқот натижалари ишлаб чиқарувчини қониқтирмаса, улар шифокорлардан ҳам, беморлардан ҳам жуда муваффақиятли яширилади».
Барчага маълумки, фармацевтика саноатини тартибга солиш ва назорат қилиш учун мўлжалланган катта, кичик муассасалар мавжуд. Улар дори воситалари пайдо бўлишидан бошлаб, унинг устида олиб борилган тадқиқот натижаларини ҳам текшириш ҳуқуқига эга. Бироқ фармацевтикани назорат қилувчи ваколатли муассасаларнинг ҳаммаси ҳам ҳалол ишлайдими? Тадқиқотлардан олинган ҳақиқий натижаларнинг ҳаммаси ҳам шифокорларга, истеъмолчиларга етиб борадими?
Шифокор у ёки бу дорини осмондан олиб ёзмайди. Юқорида айтганимдек йиллар давомида ўқиб ўргангани етмай, умрбод изланишда бўлади. Яхши мутахассис дори бозорига кириб келган дори-дармонларни обдон ўрганади. Ҳамма саволга жавоб топиб бергувчи интернетдан ташқари, ҳамкасблар билан мулоқот орқали, фармацевтика компанияларининг савдо вакилларидан ва ихтисослашган журналлардан маълумотлар олади.
Аммо шифокор алданмайдими?
Минг хил ёлғон қалашиб ётган интернет майли, ихтисослашган журналлар, манфаат учун ҳеч нарсадан тоймайдиган фармкомпаниялар ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилишлари ва уларнинг манфаатларини илгари суришлари мумкин эмасми?
Холис ва мустақил манбалар сифатида қабул қилинадиган илмий мақолалар-чи дерсиз?
Уларнинг аксарияти бевосита фармацевтика компанияларида ишлайдиган олимлар томонидан ёзилади. Бу қаттиқ сир сақланади, сабаб дори савдосидан олинадиган манфаат биринчи ўринда туради. Баъзида бутун бошли илмий журналлар бевосита фармацевтика компаниясига тегишли бўлади ёки уларнинг ҳомийлиги остида нашр қилинади.
Яна Бен Голдакрнинг шов-шувли асаридаги “Яширин маълумотлар“ бобига назар ташлаймиз:
«фармацевтика компаниялари томонидан ўтказилган клиник синовларнинг нашрлари муваффақиятли тадқиқотлар натижаларини акс эттиради.
Мисол учун, 2007 йилда статист олимлар дислипидемия (атеросклерозни ривожлантирувчи фактор)ни даволаш учун дори-дармонлар бўйича барча нашр этилган тадқиқотларни таҳлил қилишди. Кўриб чиқилган 192 та тадқиқотдан фармацевтика саноати томонидан молиялаштирилган тадқиқотлар мустақил тадқиқотлар билан солиштирганда ўрганилаётган дорилар учун 20 баравар кўпроқ қулайроқ бўлган.
Тўғри, фармация бизнесини фақат виждонсизлар бошқармайди. Уларнинг саъйи-ҳаракатлари билангина кўп жиддий ва кенг тарқалган касалликларга даво топилди. Бироқ бу етарлими? Тиббиёт яна кўп самарали дориларга муҳтож.
Нега мақолани «Фарммафияга қурбон бўлманг!» деб номлаганимга энди тушунаётгандирсиз? Бу шундай бир мафияки на катта, на кичикни аяб ўтирмайди. Минг афсуски, гапимнинг исботини ўнлаб гўдакларнинг умрига зомин бўлган «Док 1 Мах” мисолида, «Йод» препарати мисолида кўрдик.
Келинг, бир саволга жавоб топайлик. Дориларнинг ножўя таъсири, фармкомпаниялар хатоси ва етарли тадқиқотларсиз ҳар йили қанча инсон ҳалок бўлади?
Дориларнинг ножўя таъсири (Adverse Drug Events, ADE) туфайли фақатгина АҚШда, ҳар йили 250 000–300 000 киши вафот этар экан.
Бу кўрсаткич — инсульт ва респиратор касалликлардан кейин учинчи ўринда туради.
Масалан, Америкадаги «Merck&Co» фармкомпанияси томонидан ишлаб чиқилган остеопароз, дисминореяда қўлланилувчи яллиғланишга қарши ностероид препарат — «Рофекоксиб» дори воситаси туфайли 46 783 та инсон юрак хуружига учраган. Шунингдек, Анкилозловчи спондилоартритда (умуртқа поғонаси ва бўғимларни яллиғлантириб, уларнинг секин-аста қотиб қолишига олиб келадиган сурункали касаллик) қўлланилган «Celebrex» (Целебрекс) дори воситаси туфайли 26 603 одам ҳалок бўлган экан.
«Phayzer» фармкомпанияси ишлаб чиққан «Целебрикс» ва «Бекстра» узоқ қўлланилса ўткир юрак етишмовчилиги ва фалажга сабаб бўлган.
2001 йил фармацевтика гиганти «Пфайзер», «Целебрекс» ва «Бекстра»ни артрит ва остеоартрозга қарши супер-дори сифатида тақдим этган эди. Улар бошқа оғриқ қолдирувчилар каби таъсир қиларди, аммо ошқозон-ичак трактидан келиб чиқадиган ножўя таъсирларини бермаслиги айтилади.
Дорилар кўплаб мукофотларга сазовор бўлган, уларнинг савдоси эса миллиардлаб даромад келтирган. Фақатгина 2004 йилда АҚШда 36 миллион рецепт ёзилган.
«Мерк» компаниясининг худди шу гуруҳга кирувчи ва ўхшаш таъсир этувчи «Виокс» дориси ҳам айнан ножўя таъсирлар туфайли сотувдан олиб ташланди.
Чунки «Виокс»ни узоқ муддат қабул қилиш гипертония ривожланишига ва миокард инфаркти хавфининг бир неча баробарга ортишига олиб келар экан.
Ушбу ҳолатлар ҳатто энг зўр фармкомпанияларни ҳам кафолатланган тадқиқотлар ўтказмаслиги исботи сифатида тарихда қолди.
Бутун жаҳон бўйича кафолатланмаган фармотадқиқотлар, дори воситасининг нотўғри қўллаш туфайли ҳар йили миллионлаб инсонлар ҳалок бўлишади.

(Давоми бор)
Муаззам Иброҳимова.

МАВЗУГА ОИД

ШАҲРИМИЗДА ҚАЙСИ КАСАЛЛИКЛАРГА ҚАРШИ БЕПУЛ ВАКЦИНАЛАР ҚИЛИНАДИ?

admin

МУЗҚАЙМОҚ ҲАР ДОИМ ҲАМ ҚАЙМОҚМАС

admin

ОИВ-АСР КУШАНДАСИ

admin

ДИАРЕЯ НИМА?

admin