Ҳурматли шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонлари!
Мен, Олмалиқ шаҳар ИИБ бошлиғи, шаҳримизда жамоат тартибини ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари юзасидан сизларга мурожаат қилмоқчиман.
Мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш — давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Жорий йилнинг 18 август куни «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизими натижадорлигини янада оширишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ПҚ-253-сонли қарор қабул қилинди.
Ушбу қарор билан «Криминоген вазияти мураккаб маҳаллаларда жиноятларнинг олдини олиш бўйича манзилли чоралар» Концепцияси тасдиқланди.
Унга кўра:
«Оила-турмуш» доирасида ҳуқуқбузарлик содир этувчи шахсларнинг ҳолидан ҳар 3 кунда мажбурий равишда хабар олиш амалиёти йўлга қўйилади;
«Маҳалла еттилиги» тизими доирасида фуқаролар ўртасида тарғибот ишларини олиб борувчи «маҳалла тарғиботчиси» жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилади;
Маҳаллалардаги жамоат жойлари ва кўп қаватли уйлар олдида «ташвиш тугмалари» ўрнатилади;
«Намунали хавфсиз кўча» ва «Намунали хавфсиз уй» лойиҳалари амалга оширилади.
Ҳурматли шаҳримиз аҳолиси!
Жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш — аввало қонунларга ҳурмат ва уларга қатъий риоя қилишдан бошланади. Бир қарашда оддий кўринган қоидабузарликлар ҳам кейинчалик катта жиноятларнинг сабаби бўлиши мумкин.
Шунинг учун ҳар бир фуқаро:
қонунга итоаткор бўлиши;
ўз ҳуқуқ ва бурчларини яхши билиши;
ёшлар, нуронийлар ва маҳалла фаоллари билан ҳамжиҳатликда ҳуқуқий онг ва маданиятни оширишга ҳисса қўшиши лозим.
Хотин-қизлар ва ёшлар — жамиятимизнинг таянчи ва келажаги.
Уларни турли зўравонлик, ноқонуний таъсирлар ҳамда зарарли оқимлардан ҳимоя қилиш, вояга етмаганларни соғлом ва маънавиятли тарбиялаш — барчамизнинг умумий бурчимиздир.
Оила — миллатнинг маънавий таянчи ва келажак авлод тарбиясининг беқиёс мактабидир.
Айни пайтда, аёллар ва ёшлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олишда ҳам оиланинг ўрни беқиёс аҳамиятга эга.
Маҳалла эса халқимизнинг қадимий қадриятлари ва ҳамжиҳатлик макони бўлиб, унда фаоллар, нуронийлар ва ёшларнинг бирлашган саъй-ҳаракати жиноятчиликка қарши самарали кураш олиб бориш имконини яратади.
Ҳурматли ватандошлар!
Юртимизда тинчлик ва барқарорликни сақлаш — барчамизнинг қўлимизда.
Қонунларга риоя қилиш, жиноятчиликка муросасиз муносабатда бўлиш ва адолатни улуғлаш орқали фарзандларимиз учун обод ва хавфсиз Янги Ўзбекистонни барпо этамиз.
Ҳар биримиз масъулият билан маҳалламизни асраб-авайласак, ҳушёр ва сергак бўлсак, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши муросасиз бўлсак — олдимизга қўйилган барча мақсадларга албатта эришамиз!