OLMALIQ HAYOTI
Image default
Шеърий саҳифа

ОНА ТИЛИМ… МУҚАДДАС, МЎЪТАБАР, ЖАРАНГДОР

Бугунги кунда она тилимизни турли ёт таъсирлардан, бузилишлардан ҳимоя қилиб кейинги авлодларга соф ҳолида етказиш вазифасини адо этиш шу даврда яшаб турган зиёлилар, шоир-у адиблар, ижодкор ёшлар, қолаверса, барчамизнинг зиммамиздадир.
Бугун эътиборингизга ҳавола этилаётган ушбу шеърий машқлар фарзандларимизнинг мана шу буюк масъулият, бурч ва вазифани бажариш йўлидаги саъйи-ҳаракатларидандир.
Қўлига қалам олиб илк шеърларини битаётган бу ўқувчиларимиз ижод намуналарида умуминсоний туйғулар — Ватанга ва Онага бўлган муҳаббат, Устозга эҳтиром, Она тилига эътибор, аждодлар ёдига ҳурмат каби мотивларни кузатамиз.

ЖОНАЖОН ВАТАН

Онажон ватаним, жонажон ватан,
Пойингга тиз чўкиб тупроғинг ўпгум.
Худди онам каби асрайман сени,
Сен ҳам боламдирсан, болажон дегин.

Сени алишмасман олтин-зарларга,
Ҳатто дарёлар-у кенг ўлкаларга.
Негаки дунёда сендай ўлка йўқ,
Борингни севаман, бебаҳо Ватан!

Асмира МУСЛИМОВА,
9-мактаб 5-синф ўқувчиси.

АЖДОДЛАР

Кўп аждодлар ўтган бу юртда
Авлодларим дея курашган,
Жасур боболарим бор бунда
Элга зиёлар тарқатишган.

Маърифат, деб фидо қилган жон,
Маҳмудхўжа Беҳбудий бобом,
Авлоний- у ҳам Ҳамид, Чўлпон
Жадид дея қолдирдилар ном.

Она юртим жуда муқаддас,
Уни мен ҳам асрагим келар.
Боболарим қилган ишларни
Мен ҳам давом эттиргим келар.

Фарруҳ АБДУЛЛАЕВ,
9-мактаб 5-синф ўқувчиси.

ОНА ТИЛИМ

Ҳар бири сўзи маъно, мазмун,
Сўзлашганда яйрар дилим.
Шеърларимга сеҳр берган,
Эй, муқаддас, она тилим.

Сен туфайли яралмоқда,
Куй, қўшиқ-у гўзал асар.
Сен туфайли ҳали ҳамон,
Шоир минглаб шеърлар ёзар.

Аждодларим руҳи, тарихи,
Сендав барин қолдириб кетган.
Ўзига ром этиб жаҳонни,
Улуғ номинг ардоқлаб кетган,

Мозийлардан хабар бергувчи,
Ўтмишга бой, Бадавлат тилим.
Минг асрдан ошар, мангудир,
Олий мақом, шашмақом тилим!

Одина АКБАРОВА.

ҚАДРИНГ БАЛАНД БЎЛСИН
ОНА ТИЛИМ

Агар сенга муҳаббат қўймаса эди,
Навоий битармиди сенда шоҳбайтлар.
Агар бўлмаганда сирли жозибанг,
Кумуш — чун йиғлармиди Қодирийлар.

Агар миллат руҳи бўлмаса эди,
Такрор ўқирмидик “Кундуз”сиз “Кеча”.
Сенинг қадринг юксак бўлмаса эди,
Ўлимга тик бормасди дилбандинг неча.

Агар чорламаса сендаги тилсим,
Шоир бўлмас эди Абдулла Ориф.
Сени юрагидан севмаса эди,
Севимли бўлмас эди Эркин Воҳидов.

Ўтмишда қанча зулм, ситам кўрсанг ҳам,
Қадринг буколмади сени золимлар.
Жонини хатарга қўйиб, ҳовучлаб
Авлодларга етқазди сени олимлар.

Кимки миллат учун сенга юкинса,
Номини муҳрладинг абадиятга.
Кимки сени йўқотмоққа уринса,
“Дохил эмас,-дединг, — инсониятга”.

Сени асрадилар илм-у урфонда
Эл дардига дармон бўлган жадидлар.
Ўзлигидан айрилар бир давронда
Кўришса-да неча босим, таҳдидлар.

Замон чархпалаги айланар экан,
Бир кун шамол тегди сенинг кўксингга.
Гўё суғрилгандек бағрингдан тикан
Энди ўтмиш соя солмас ҳуснингга.

Олганингда давлат тили мақомин,
Гўё яна қайта туғилди миллат.
Энди бизнинг навбат: авлодлар томон
Сени етқазишдир, шаксиз, беиллат.

Маънавий бўҳронлар тўла бу замон
Сени соф ҳолатда асраш бурчимиз.
Ёнимизда кимдир бузса ўз тилин,
Йўқолади қалбимизда тинчимиз.

Уйда, оилада, ишда, кўчада
Сенинг меҳринг билан нафас оламиз.
Сен ила яралган дурдоналардан
Қудратинг олдида ожиз қоламиз.

Қадринг баланд бўлсин, эй она тилим!
Сенинг шаънинг асраш бизга номус-ор.
Навоий кўкларга кўтарган тилсан,
Туймаслик мумкинми дилда ифтихор?!

Гулнора ЙЎЛДОШЕВА,
9-мактаб она тили ва адабиёт ўқитувчиси.

МАВЗУГА ОИД

Ey oglon

admin

Кун келар…

admin

«OLIM BO’LIB FIKRLANG»

admin

Onajonim

admin