Ватан-маҳалладан бошланади. Маҳалласини севган, унинг ободлигига ўзини дахлдор деб билан фуқаро борки, маҳалласини равнақига ўз ҳиссасини қўшади.
Шаҳримизда ҳам сўнгги йилларда ободонлаштириш, яшил ҳудудларни кўпайтириш ва аҳоли учун қулай инфратузилмалар яратиш йў налишида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу жараёнда шаҳримизнинг ҳар бир маҳалласида, айниқса, фуқароларнинг ташаббуси ва меҳнати билан юз бераётган ижобий ўзгаришлар қувонарлидир.
Шундай эзгу ишлардан бири “Бўстон” ва “Ҳилол” маҳаллалари ҳудудида амалга оширилаётган саломатлик йўлагини қуриш лойиҳасидир. Бу лойиҳа аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш, юриш ва спорт билан шуғулланиш маданиятини шакллантириш мақсадида амалга оширилди.
Йўлакнинг умумий узунлиги 1 километр 650 метр, эни эса 2 метр бўлиб, у “Бўстон” маҳалласидаги светофор орқали бошланиб, “Ҳилол” жоме масжидигача давом этади. Ушбу йўлак фуқаролар учун кунига пиёда сайр қилиш, югуриш ёки велосипед ҳайдаш имкониятини яратди.
Ҳозирда йўлак бўйлаб чиройли йўл ёқаси гулзори ташкил этиш, ёритиш чироқларини ўрнатиш ва дам олиш ўриндиқларини жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бу ишлар нафақат зоҳирий гўзаллик, балки маҳалланинг экологик ҳолатини ҳам яхшилайди.
“Ҳилол” маҳалласида фуқаролар томонидан уюштирилган хашар ишлари тобора кенгаймоқда. Маҳалла раиси Фаррух Ниёзов, шаҳар маҳалла раислари уюшмаси раҳбари Ўктам Пўлатов ва фаол маҳалладошлар ташаббуси билан бугунги кунда ҳудудда бир қатор ишлар амалга оширилди:
Йил бошидан буён ички кўчаларга 6 300 метр асфальт йўл қурилди, йил охирига қадар яна 6 300 метр йўл асфальтланиши режалаштирилган. 16 000 метр газ қувурлари бўялиб, хавфсиз ҳолатга келтирилди.
«Қиблагоҳ» қабристони тозаланиб, деворлари оҳакланди.
“Ҳилол” жоме масжидида таъмир ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Маҳалла ҳудудида 1 та мини-стадион ва 3 та болалар майдончаси қурилиб, улар ҳам фойдаланишга топширилди.
Бу ишлар нафақат маҳалланинг ташқи қиёфасини янгилади, балки аҳолида фахр ва меҳр туйғусини ҳам кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, «Ҳилол» маҳалласи “Ташаббусли бюджет” лойиҳасида беш маротаба ғолиб бўлган шаҳримиздаги энг фаол маҳаллалардан.
Айтиш лозимки, “Ҳилол” маҳалласи фуқароларининг фаоллиги нафақат ҳашарда, балки давлат дастурларида ҳам намоён бўлмоқда.
Бу ғалабалар маҳалладошларнинг фаоллиги, жамоатчилик ташаббуси ва жипслигининг яққол ифодасидир.
Ободонлик ишлари доирасида “Ҳилол” маҳалласидаги ва шаҳримизга кириш қисмидаги боғлар ҳам тубдан янгиланди.
Ҳозирга қадар 4 500 дан ортиқ гул кўчатлари, 2 000 дан зиёд манзарали дарахтлар экилиб, ҳудудда яшил майдони кенгайди.
Маҳалла раиси Фарруҳ Ниёзов таъкидлаганидек: “Маҳалламизнинг ҳар бир гўшаси обод бўлиши — бу фақат менинг эмас, барчамизнинг умумий вазифамиз. Бирдам бўлсак, ҳеч бир иш биз учун оғир эмас. Ободлик — тинчлик ва фаровонлик асосидир». Эндиликда ҳар бир фуқаро ўз маҳалласидаги тозалик ва ободонликка жиддий эътибор билан ёндашиши зарур. Ҳокимият ва мутасадди ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, қурилиш ва ободонлаштириш тадбирлари маҳалла фуқароларининг фаол иштироки билангина самарали бўлади.
Шу боис, ҳар бир маҳалла аҳолиси ўз ҳудудининг равнақига бефарқ бўлмаслиги, ҳокимият томонидан яратилган шароит ва имкониятларга муносиб равишда меҳр ва ғамхўрлик билан ёндашиши зарур.
Обод, тоза ва фаровон муҳит — фуқароларнинг бирдамлиги, жипслиги ҳамда Ватанга бўлган садоқатининг ёрқин ифодасидир.





Мухлиса Раҳматуллаева.