Саҳар… Ҳовлим ичра боғ…
Офтоб мўралар аста…
Нури-ла қизғиш япроғ
Кўрки дилга пайваста.
Елиб майин шаббода,
Узса бандин пинҳона,
Лутфидан ютиб бода
Ўйин тушар мастона!
Чайқалиб ҳар томонга
Рақси чун оҳистаҳол,
Ранги ёвуқ сомонга,
Балки бироз хастахол…
Балки этмай у аён
Бағри қизил хунлигин,
Рақсин этиб намоён,
Бекитар маҳзунлигин…
Балки қилиб бағрин ол
Ҳаёт ёзган битиклар,
Қийнар уни эҳтимол,
Четидаги кемтиклар…
Бир пайтлар ёзиб қулоч,
Яшнар эди у дуркун,
Дўстлар-ла топиб ривож,
Соябахш эди ҳар кун.
Шивирлаган майин куй
Аста авжига етар,
Такрорланиб таниш кўй,
Дўстлари ҳам рақс этар…
