OLMALIQ HAYOTI
Image default
Жамият

«Олмалиқ КМК» АЖ бошқарув раиси, сенатор Абдулла Хурсановнинг МУРОЖААТИ

Ассалому алайкум, ҳурматли Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг ишчи ва раҳбар ходимлари!
«Олмалиқ КМК» АЖда Коррупсиянинг олдини олиш бўйича Жамият Ягона акциядорининг 2021 йил 21 майдаги 26/08-сон қарорига мувофиқ, Комбинат марказий аппаратида олтита штат бирлигидан иборат «Комплаенс назорат хизмати» ташкил қилинди.
2025 йилнинг 25 март ҳолатига кўра, коррупцияга қарши курашиш соҳасида комбинатда жами 18 та ички локал норматив ҳужжатлар қабул қилинди.
Чунончи, комбинатнинг коррупцияга қарши курашиш сиёсати, Одоб-ахлоқ Кодекси, «Контрагентларни текшириш тартиби тўғрисида»ги Низом, «Манфаатлар тўқнашувини аниқлаш ва бартараф этиш тўғрисида»ги Низом, Совғалар олиш ва бериш сиёсати, «Хизмат текширувларини ўтказиш тўғрисида»ги Низом, Ишга қабул қилинаётган номзодларни текшириш тартиби, «Монополияга қарши комплаенс» Низоми, Информаторларни моддий рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги Регламент каби ҳужжатларни алоҳида қайд этиш мумкин.

2024 йилнинг сўнгида (декабрь ойида) қўшимча равишда, яна 8 дона янги ички локал норматив ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилди ва айни вақтда ушбу ҳужжатлар Кузатув кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилди.
ПҚ-81-сон Қарори асосида, 2024 йил якуни билан «Олмалиқ КМК» АЖнинг коррупцияга қарши курашиш йўналишидаги фаолияти «Самарадорлик рейтинги»да индикаторларга мувофиқ баҳоланиб, Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги ҳамда Мустақил экспертлар томонидан «Яхши» деб баҳоланди ва 100 баллик имкониятдан 85 балл тўплашга эришилди. Ўсиш кўрсаткичи 21 баллни ташкил қилди (2023 йилда 64 балл тўпланган эди).
2024 йил давомида, Комбинатнинг барча фаолият йўналишларини қамраб олган ҳолда, 18 та таркибий тузилмаларда жами 279 та функция ва вазифалар, шунингдек, бизнес жараёнлар, тартиб таомиллар уларнинг коррупциявий хавф-хатарларга мойиллик даражаси баҳолашдан ўтказилди.
Баҳолаш якунларига кўра, «Олмалиқ КМК» АЖнинг Коррупцияга қарши курашиш Дастури, Коррупцияга мойил Лавозимлар рўйхати, Коррупциявий хавф-хатарлар Харитаси каби ҳужжатлар тўплами тасдиқланди ва аниқланган хавф-хатарларни бартараф этиш чоралари изчил амалга оширилмоқда.
Баҳолаш натижаларига кўра, жами баҳоланган функциялардан 269 тасида хатарлар даражаси «мақбул (паст)» деб, 2 тасида «ўртача» деб ва 8 та функцияларда хатарлар даражаси юқори деб эътироф этилди.
2024 йил давомида, жами 200 нафардан зиёд Комбинат ходимлари коррупцияга қарши билимларни ошириш бўйича махсус курсларда ўқитилди.
Ихтисослаштирилган ўқув курслари Ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академияси, Юристлар малакасини ошириш маркази ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг юксак малакали мутахассисларини жалб қилган ҳолда ташкил қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш мақсадида махсус ишлаб чиқилган қоида ва мажбуриятлар «Олмалиқ КМК» АЖнинг 2024 йилда имзоланган барча яъни 10016 дона шартнома ва контрактларнинг ҳар бирига киритилиши тўлиқ таъминланди.
«Контрагентларни текшириш тўғрисида»ги Низомга мувофиқ, контрагентларни текшириш ишлари «тендер», «энг яхши таклифни танлаш» ва «тўғридан-тўғри шартномалар» каби харидлар турлари бўйича «Forensic Audit» ҳамда «Due Diligencye», «Know your Customer/Client» яъни, Солиқ кодексининг 15-моддасига асосан, «Лозим даражада эҳтиёткорлик қилиш» қоидасини таъминлаш мақсадида, юқорида қайд этилган шартномалар турлари бўйича 180 нафар шартномалар бўйича Комбинатнинг бўлажак ҳамкорлари ва контрагентлари комплекс текширувлардан ўтказилиши таъминланди.
Ўтган 2024 йилда 1253 нафар янги ходимлар Комбинат ҳамда унинг таркибий бўлинмаларига ишга қабул қилинди. Таъкидлаш жоизки, барча 1253 та меҳнат шартномаларига ходимлар зиммасига аксилкоррупциявий мажбуриятлар юклатилди. Ушбу ходимлар Комбинатнинг аксилкоррупция йўналишидаги барча муҳим ҳужжатларининг мазмун ва моҳияти билан шахсан таништирилди.
Айни вақтда, Комбинат томонидан «ИСО 37001:2025 – «Пора олиш ва пора беришга қарши бошқарув тизимлари – Фойдаланиш учун талаблар ва тавсиялар» Халқаро стандарти талабларига мувофиқликни тасдиқловчи Халқаро сертификатни олиш ишлари изчил амалга оширилмоқда.
Азиз ҳамкасблар, ҳурматли
меҳмонлар Комбинатимизнинг аҳил ва меҳнаткаш жамоаси!
Албатта, Комбинат ва унинг тизимида, 50 дан зиёд корхона ва цехларда, 40 дан ошиқ турли миллат ва элат вакиллари ишлайдиган 35 минг кишилик йирик ва стратегик аҳамиятга эга бўлган «Олмалиқ КМК» АЖда жиноятчилик ва коррупциянинг олдини олишда, тизимда қонунийликни таъминлашда, Бошқарув раҳбари сифатида мен энг аввало ҳалол ва фидойи ишчи-ходимларимизга, жамоатчилик фаолларига, ҳар бир виждонли ва иймонли фуқаронинг хайрихоҳлиги, ҳамжиҳатлиги ва албатта фаол кўмагига суянаман.
Аминманки, биз кучларимизни бирлаштирсак, бир ёқадан бош чиқарсак албатта биргаликда Комбинатимизни коррупциядан ҳоли соҳага айлантира оламиз.
Қонун ва қоидаларга қатъий риоя этиш, ўзганинг ҳуқуқини, шаъни ва қадр қимматини, мол-мулки дахлсизлигини ҳурмат қилиш, ҳам қонуний, ҳам инсоний бурчимиз эканини ҳар биримиз доимо ёдда тутишимиз зарур.
Агарда ҳар бир ходим ва оддий фуқаро жонажон Комбинатимизни жиноятчиликдан, коррупциядан ҳоли, тинч ва хавфсиз соҳага айлантиришга ўз ҳиссасини қўшса, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, биргаликда бу иллатларга курашсак кўзланган мақсадимизга албатта эришамиз.
Азиз жамоа, келинг, қонун устувор, адолат ҳукмрон бўлган Комбинатимизни биргаликда барпо этайлик!

МАВЗУГА ОИД

“ТАШАББУСЛИ БЮДЖЕТ” ҒОЛИБЛАРИ УЧУН МАБЛАҒ ҚАЧОН АЖРАТИЛАДИ?

admin

СОҲИБҚИРОН ХУСУСИДА БИЛГАН ВА БИЛМАГАНЛАРИМИЗ

admin

МАҲАЛЛА РАИСЛИГИ САЙЛОВЛАРИ ЯКУНИГА ЕТДИ

admin

КАСАБАЧИЛАРНИНГ КАСБ ФАОЛИЯТИ

admin