OLMALIQ HAYOTI
Image default
Жамият

БУГУНГИ МУВАФФАҚИЯТИМ КЕЛАЖАГИМ УЧУН ДАСТЛАБКИ ҚАДАМЛАРДИР

Суҳбатдошимизнинг гап-сўзларини тинглаб, очиғи, ҳайрон қолдим. Ёш бўлишига қарамай, фикрлари теран, мақсадлари аниқ. Қалбидаги илмга бўлган оловнинг чўғи кўзларида намоён бўлиб турибди.

Шаҳримизнинг «Бухоро мактаби» 11-синф ўқувчиси Иброҳим Темиров кимё фанидан халқаро миқёсда ўтказилган олимпиадада юксак натижага эришди. У Ўзбекистон терма жамоаси таркибида “59- Халқаро Менделеев Кимё Олимпиадаси”да иштирок этади.
У жорий йилнинг 25-26 март кунлари Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Нукус шаҳрида ўтказилган асосий фан олимпиадаси Республика босқичида кимё фанидан қатнашиб, фахрли III ўринни эгаллади.

Иброҳим 2007 йилда Пискент туманида туғилган. Оилада уч фарзанднинг кенжаси. Сизларнинг эътиборингизга бўлажак кимёгарнинг илм йўлидаги машаққатлари ва мақсадларини ҳавола этамиз.

  • Иброҳим, сизда кимё фанига қизиқиш қачондан бошланган, бунга ким сабабчи бўлган?
  • Дадам ОКМК АЖда ишлайдилар. Онам эса Пискент туманидаги 1-ИДУМ ўқитувчиси. Зиёлилар оиласида ўсганим боисми, ҳамиша китобларга қизиққанман. Айнан кимё фанига муҳаббат қўйишимга дадам сабабчи бўлган. Болалигимдан моддаларнинг яралиши, уларнинг реакцияга кириши, ҳосиласи мени жудаям таажжублантирарди. Дадам ҳам ҳамиша уйда нималардир билан машғул бўларди. Очиғи, дадамнинг қизиқиши менга ўтган. Шу сабабли кимё фанига меҳр қўйганман. Кейинчалик дўстимнинг таклифи билан кимё фанидан қўшимча дарсларга бора бошладим. Фанни янада чуқурроқ ўрганиш иштиёқига тушдим.
  • Устозларингиз ҳақида гапириб ўтсангиз.
  • Ҳаётга энди қадам қўяётган инсоннинг устози биринчи навбатда ота-онаси бўлади. Менинг ҳам устозим ота-онам. Бошланғич синфда Наргиза Тожиевадан сабоқ олганман. Ҳозирги кунда кимё фани бўйича Мусо акадан сабоқ олиб келяпман. Улар менга кимё фанининг барча йўналишларини ўргатиб, олимпиадага тайёрлаяпти.
  • Республика босқичида III ўринни эгаллаганингизни эшитганингизда нималарни ҳис қилдингиз?
  • Меҳнат қилган инсон албатта роҳатини кўришига ишондим. Тўғри, балки бу кимлар учундир оддий нарсадек туюлар, лекин мен дунёга ўз овозимда, ўз сўзимни айтгандай бўлдим. Менинг бугунги муваффақиятларим келажагим учун дастлабки қадамлардир.
  • Айтингчи, бу мусобақалар, танловлар ҳаётингизда қандай ўзгаришлар олиб келди?
  • Ҳаёт асли танловлардан иборат. Яхши яшашни танлаган одам яхшиликка, фаровонликка интилади. Бунинг акси ҳам бўлиши мумкин. Мен фанга муҳаббат қўйганман, танловларга эмас. Танловларда қатнашиш ниятим бўлмаган. Билимимни синаб кўриш мақсадида қатнашдим. Ўзим ҳам бундай натижага эришаман, деб ўйламагандим.
  • Фан олимпиадасига тайёргарлик жараёни қандай кечмоқда?
  • Китобларни диққат билан такрорламоқдамиз. Ҳар бир реакция устида соатлаб ўтирамиз. Аввалги йилларда берилган саволлар устида ишлаб, хатолардан хулоса чиқариб, тайёрланяпмиз.
  • Ҳозирда кўпчилик тенгдошларингиз сизга ҳавас билан қарамоқда. Уларга қандай дўстона маслаҳат берган бўлардингиз?
  • Тўғри, бошида жуда қийин бўлади, уйқусиз тунлар, тушунилмаган мавзулар, жавобсиз қолган саволлар. Аммо барчаси ўтиб кетади. Ўқишдан, изланишдан эринмаслик керак экан. Билим олиш игна билан булоқнинг кўзини очишдек гап. Ўша билим булоғи очилса, ишонинг, ўзингиздан фахрланасиз. Эгалланган билимни ҳеч ким сиздан тортиб ололмайди.
    P.S. Иброҳим Темиров жорий йилнинг 5-13 май кунлари Бразилиянинг Бело Ҳоризонте шаҳрида бўлиб ўтадиган 59-Халқаро Менделеев кимё олимпиадасида Ўзбекистон номидан қатнашиб, юртимиз шарафини ҳимоя қилади. Иброҳимга омад тилаймиз! Биз сенга ишонамиз, Иброҳим! Омад сенга ёр бўлсин.

Нилуфар НЕГМУРОТОВА,
ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети талабаси.

МАВЗУГА ОИД

ХАЙР-ЭҲСОН ДЕКАДАСИ

admin

ҲУНАРИДАН УНГАН АЁЛ

admin

ОДИЛ СУДЛОВНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДАГИ МУҲИМ ТАШАББУСЛАР

admin

ШАҲАР КЕНГАШИДА НИМА ГАП?

admin