Орамизда ширинликни севиб истеъмол қилувчилар кўплаб топилса керак. Кундан кунга шаҳримиз аҳолиси эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда ширинлик дўконлари кўпаймоқда. Уларнинг орасида ўзининг такрорланмас, ажойиб атмосфераси, ходимларининг хушхулқи билан «Safia Cafe & Bakery» қандолат уйи маҳсулотлари ажралиб туради. Биз қайсидир корхонани реклама қилиш фикридан йироқмиз. Бугун сиз азиз муштарийларнинг эътиборингизга ёш бўлишига қарамай шижоати, эпчиллиги, садоқати билан ўзгаларга ўрнак бўлувчи «Safia» қандолатчилик уйи Олмалиқ филиалининг ёш иш бошқарувчиси Муродбек Қурбонбоевнинг тадбиркорлик ҳақидаги тавсиялари ва тажрибаларини ҳавола этамиз.
Муродбек 1998 йил Пискент туманида туғилган. Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. Маълумоти олий бўлишига қарамай, дастлабки фаолиятини
«Safia» қандолатчилик уйида сотувчи бўлиб бошлаган. Мана тўрт йилдирки, у шу жойда иш бошқарувчи лавозимида фаолият юритмоқда.
«SAFIA» ИШОНЧ РАМЗИГА АЙЛАНДИ
2001 йилда катта қалб ва истеъдодга эга бўлган ҳаваскор қандолатчи Муҳайё Қосимова қариндошлари, дўстлари ва қўшнилари учун уй ширинликларини пишира бошлади. Кичик, аммо муҳим орзусига жонини тикди. Турмуш ўртоғи Акмал Аюпов эса уни ҳар қадамда қўллаб-қувватлаб, буюртмалар қабул қилишда ёрдам берди.
2008 йилга келиб уларнинг қизи Мадина Акмаловна оилавий бизнесни янги босқичга олиб чиқишга қарор қилади. Унинг истеъдоди, пазандалик маҳорати ва сифатга эътибори маҳсулотни нафақат мазали, балки чиндан ҳам чиройли ва унутилмас қилди. Ушбу ширинликларнинг таъми тезда мижозларнинг меҳрини қозонди, бу эса оилага ўз бизнесини ривожлантиришда давом этиш имконини берди.
Бекзод Алишерович Европада ўқишни тугатгач, оилавий бизнесга янги ғоялар ва замонавий консепцияларни олиб кирди. Айнан унинг ташаббуси билан ўша йили жияни номи билан аталган «Safia» бренди яратилди. Янги ном остида қандолатхоналар замонавий қаҳвахоналарга айланди, у ерда меҳмонларни севимли пишириқларидан ташқари турли хил иссиқ ва совуқ таомлар ҳам хурсанд қила бошлади.
Safia маҳсулотлари тезда машҳур бўлиб, сифат, дид ва самимийликни қадрлайдиганлар учун биринчи рақамли танловга айланди. Бренднинг муваффақияти шов-шувли реклама кампаниялари туфайли эмас, балки илиқ тавсиялар орқали — оиладан оилага, дўстлардан дўстларга ўсиб борди. Бренд ишонч рамзига айланди. Унинг пишириқлари 100% табиий, энг муҳими 99% қўл меҳнатидан фойдаланилади.
ИНСОН КИБРГА БЕРИЛМАСЛИГИ КЕРАК
Ҳар бир ишга кирувчи ходим ишга киришдан аввал корхонанинг қулайлиги ва ўсиши билан танишади. Бугунги кунда жуда кўп корхоналарнинг ўсиш тезлиги ортга қайтмоқда. Ривожланаётган, янгилик яратишга интилаётган корхоналарнинг ойлиги ҳам кундан-кунга ортиб боради. Шу сабабли, талабалик пайтимдан бошлаб «Safia»га оддий сотувчи бўлиб ишга кирдим. Камгина вақт оралиғида сотувчиликдан иш бошқарувчи лавозимига кўтарилдим. Менимча, меҳнат қилган, кибрга берилмаган ҳар бир инсон йилдан-йилга ўсиб боради. Бизнинг асосий мақсадимиз мижозларимизнинг шодлигидир.
МАҚСАД ИНСОННИ УЙҒОТАДИ
Кўп бизнесменларнинг ривожланиш китобларини ўқиганимда шунга амин бўламанки, пул учун бизнес бошлаган инсонларнинг корхоналари узоққа бормас экан. Маълум пулни тўплагандан сўнг тўхтаб қолар экан. Инсон катта мақсадлар қўйиб яшаши шарт. Мақсад инсонни уйғотади.
Яхши маҳсулот рекламага муҳтож бўлмайди. Ишонасизми, биз маҳсулотларимизни ҳеч қачон реклама қилмаймиз. Одамлар ҳамиша яхши нарсани ўзлари топиб келишади.
МЕҲНАТГА ЯРАША МАОШ ОЛИШ КЕРАК
Инсон қанча кўп ўз устида ишласа, янгилик яратса ўзи ҳам, ўзгалар ҳам ҳурсанд бўлади. Тўғри, бошида сиз ўзгаларни ғашини келтирасиз, кейинчалик эса сизга ҳавас қилади. Ким бўлишидан қатъий назар меҳнатига яраша маош олса, ўз ишини виждонан, севиб бажаради. Ҳеч қандай ҳўжакўрсинга иш қилмайди.
Мухлиса Тошпўлатова.