OLMALIQ HAYOTI
Image default
Таълим

КУТУБХОНАЧИ — ИЛМ, МАЪНАВИЯТ ВА ФИДОЙИЛИК ТИМСОЛИ

Кутубхона — жамият маънавий равнақига хизмат қилувчи муқаддас даргоҳ. У ерда фаолият олиб борувчи инсонлар эса илм тарқатувчи, маърифат ёйувчи касб эгаларидир. Ана шундай фидокор ва эл ардоғига сазовор кутубхоначилардан бири — Тогаева Гулбаҳор Тузеловна, 43 йилдан буён кутубхоначилик соҳасига садоқат билан хизмат қилиб келаётган тажрибали мутахассисдир.

Гулбаҳор опанинг кутубхоначиликка бўлган меҳри оила муҳитида шаклланган. Китобхонлик маданиятини болалигидан сингдирган отаси уни Тошкент давлат маданият ва санъат институтининг кутубхонашунос-библиография йўналишига олиб борди. Ушбу йўлни танлаганидан ҳеч қачон афсусланмаган. Аксинча, бу касб унга ҳаёт мазмуни, маънавий тетиклик ва доимий ўзгаришларга уйғун яшаш имконини берди.
Кутубхоначи — фақат ахборот ташувчи эмас
Бугунги кун кутубхоначиси энциклопедик билимга эга, педагог, психолог, ташкилотчи бўлиш билан бирга, юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлиши лозим. Бу талаблар кутубхоначилик касбининг ижтимоий мавқеини оширади. Гулбахор опа ана шу талабларга жавоб берувчи мутахассис сифатида нафақат ўз билим ва кўникмаларини доимий равишда ошириб боради, балки ёшларга ўрнак бўладиган шахсий намуна сифатида ҳам фаолият кўрсатади.
Кутубхона этикаси — маънавий юксалиш асоси
Кутубхоначида юксак маънавий комиллик, муомала маданияти ва касбий одоб муҳим ўрин тутади. У доимо инсонлар билан мулоқотда бўлади, маданият билан хизмат кўрсатади. Гулбаҳор Тузеловна ҳам ҳар бир китобхон билан хушмуомала, самимий, эътиборли муносабатда бўлишни ўз фаолиятининг тамал тоши деб билади.
Янги давр — янги талаблар
Сўнгги йилларда, айниқса 2017 йилдан буён, кутубхона тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, рақамлаштириш жараёнлари кутубхона фаолиятини замонавий босқичга олиб чиқди. Электрон китоблар, рақамли платформалар, ахборот технологиялари орқали талабаларга тезкор ва қулай хизмат кўрсатиш имкониятлари кенгайди. Гулбахор опа ҳам ўз фаолиятида бу имкониятлардан унумли фойдаланиб, талабаларга керакли адабиётларни тақдим этиб келмоқда.
Устоз ва шогирд анъанаси — маънавий мерос
Гулбахор Тузеловна нафақат кутубхоначи, балки устоз сифатида ҳам танилган. Унинг шогирдлари опадаги ижобий хислатларни чегарасиз эканлиги таъкидлашади. Хусусан,  Моҳигул Сатторова шундай дейди: “Гулбаҳор опа кўнгли кенг инсон. Ҳамиша шогирдларига ўзида борини ўргатиб, бор меҳри билан касб сирларини ўргатиб келмоқда. Улар менга чин маънодаги устоздир.”
Китоблар олами — қалбни нурга тўлдирувчи қудрат
Гулбаҳор опанинг севимли китоблари орасида “Нур борки, соя бор”, “Икки эшик ораси”, “Юлдузли тунлар” каби асарлар бор. У ўзини ижобий қаҳрамонлар образида тасаввур қилишни яхши кўради ва китоб ёзиш унинг ҳали амалга ошмаган орзуси эканини айтади.
Тогаева Гулбаҳор Тузеловна — ўз касбига садоқатли, илму маърифатга бағишланган ҳаётни танлаган, юксак инсонийлик фазилатларини ўзида мужассам этган инсон. Унинг фаолияти, касбий етуклиги ва шахсий намунаси орқали кутубхоначи касбининг қанчалик масъулиятли, шарафли ва маънавий юксакликка етакловчи йўл экани яна бир бор ўз исботини топади.


Дилдора Абдураҳмонова

МАВЗУГА ОИД

КУЧЛИЛАР САРАЛАНДИ

admin

IELTS — orzular kaliti

admin

ЎҚИТУВЧИЛАРИМИЗФАХРЛИ КЎКРАК НИШОНИ БИЛАН ТАҚДИРЛАНДИ

admin

ПРЕЗИДЕНТ СТИПЕНДИЯСИГА МУНОСИБЛАР

admin