Ҳар қандай жамият ҳар қандай халқнинг йиллар давомида шаклланиб келган, қадрият даражасида кўтарилган ўз урф-одатлари, анъаналари мавжуд ва бу халқни янада мустаҳкам яхлит жамият тарзида бирлаштириб туради. Ана шу жамиятнинг асосий бўғини оиладир. Зеро, оила муқаддас тушунча бўлиб, унинг жамият ҳаётидаги ўрни беқиёс.
Аммо бир жиҳат борки уни эътиборсиз қолдириб бўлмайди бу: ана шу оила тушунчасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга сола олиш ва ҳимоя қилиш учун унинг қонунийлиги муҳим аҳамият касб этишидир. Афсуски, сўнгги йилларда мамлакатимизда қонунсиз, яъни, расмийлаштирилмаган, аммо диний жиҳатлар адо этилган шаърий никоҳ тузиш ҳолатлари учраб турибди. Бундай тарзда оила қуриш бу ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларидан воз кечиш демакдир. Бундай ҳолатлар айниқса аёлларимиз ва уларнинг фарзандлари учун салбий таъсир кўрсатиши эса масала моҳиятини янада жиддийлаштиради.
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексига мувофиқ никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида (ФҲДЁ) тузилсагина қонуний ҳисобланади. Ушбу кодекснинг 13-моддасига мувофиқ эса диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Ўз-ўзидан маълумки ФҲДЁ органларида расмийлаштирилмаган шаърий никоҳ ноқонуний никоҳ ҳисобланади.
Ноқонуний никоҳ билан оила қурилганда аёл мерос ҳуқуқига эга бўла олмайди. Яъни, хотин меросхўр ҳам, мажбурий улушдор ҳам бўла олмайди.
Ноқонуний никоҳ натижасида аёл фарзандли бўлган тақдирда оталикни расмийлаштиришда бир қатор муоммолар кузатилиб, оналар оталикни белгилаш тўғрисида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи бўла туриб аксарият ҳолларда ўз фарзандларини ёлғиз она сифатида расмийлаштириш ҳоллари кузатилмоқда.
Жумладан, биргина 2022 йилда 18 955 та ҳолатда туғилган чақалоқлар ёлғиз она аризаси асосида рўйхатдан ўтказилган.
Аммо шуни унутмаслик керакки ноқонуний никоҳ тузилган тақдирда ҳам аёллар ва фарзандда бир қатор ҳуқуқлар сақланиб қолади:
- Алимент ундириш ҳуқуқи.
- Фарзандларнинг мерос ҳуқуқи.
- Уй-жойга киритилиб қўйиш ҳуқуқи.
Бир сўз билан айтганда, шаърий никоҳ жамиятимизда диний қадрият сифатида кенг тарқалган бўлса-да, унинг ҳуқуқий жиҳатдан расмий кучга эга эмаслиги айрим ҳуқуқий муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Шу боис шаърий никоҳда бўлган шахсларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур чораларни кўриш, қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш ёки камида ҳуқуқий саводхонликни ошириш зарур. Халқаро тажриба эса шаърий никоҳни ҳуқуқий муҳитда тан олиш ва тартибга солишнинг турли моделларини таклиф қилади.
Жумладан, Россияда таклиф этилган шаърий никоҳлар ягона баъзасини шакллантириш ташаббуси Ўзбекистонда ҳам қўлланилса ноқонуний шаърий никоҳлар сони камайиши мумкин. Бу борада Ўзбекистонда ҳам мувозанатли ва адолатли ёндашувлар ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқдир.
Ирода МУСУРМАНҚУЛОВА,
шаҳар ИИБ ЖХХ ҲПБ ҲКМБ,
катта инспектор, майор.