OLMALIQ HAYOTI
Image default
Таълим

РАҚАМЛИ САВОДХОНЛИК — БАРҚАРОР КЕЛАЖАК КАФОЛАТИ

Бугунги кунда технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Ахборот оқими тобора кучайиб бораётган бир пайтда, ёшларнинг рақамли саводхонлигини ошириш – нафақат уларнинг индивидуал муваффақияти, балки бутун жамият тараққиётининг кафолатидир. Бугун инсоният бутунлай янги давр — рақамли трансформация босқичига кириб келди. Бу жараён айниқса ёш авлод учун имкониятлар, таҳдидлар ва масъулиятларнинг уйғунлашган замонасини яратмоқда. Шу сабабли рақамли саводхонлик фақат техник кўникма эмас, балки ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий барқарорликнинг ҳам асоси бўлиб бормоқда.

Бизга маълумки, рақамли саводхонлик — оддий билим эмас, ҳаётий заруратдир. Рақамли саводхонлик деганда инсоннинг интернет, компьютер ва бошқа рақамли воситалардан онгли, хавфсиз ва самарали фойдалана олиши тушунилади. Бу саводхонлик бугун нафақат IТ мутахассислар, балки ўқувчилар, талабалар, ўқитувчилар, ҳатто оддий фуқаролар учун ҳам зарур кўникмага айланган. Афсуски, айрим ҳолатларда ёшлар интернетни фақат ижтимоий тармоқлар, ўйинлар ёки кўнгилочар контент манбаи сифатида қабул қилмоқда. Бироқ унинг орқали билим олиш, касб ўрганиш, ижод қилиш ва ҳатто бизнес юритиш имкониятлари мавжуд.
Бугунги ёшлар ижтимоий тармоқлар, ахборот платформалари ва онлайн ҳамжамиятлар орқали фаол ижтимоий позицияга эга бўлмоқда. Бироқ бу фаолиятнинг фойдали бўлиши учун рақамли саводхонлик, ахборотни танқидий таҳлил қилиш ва фейк янгиликлардан ҳимояланиш кўникмалари муҳим. Ўзбекистонда ёшлар билан ишлашда ахборот маданиятини оширишга катта эътибор берилмоқда. «Ёшлар дафтари», «Ёшлар парламенти», «Ёшлар технопарклари» каби ташаббуслар орқали уларнинг ижтимоий фаоллиги оширилиб, рақамли муҳитда тўғри ҳаракат қилишга йўналтирилмоқда чунки ёшлар — ахборот оқимида адашмаслиги керак.
Ўзбекистонда сиёсий жараёнларда иштирок этаётган ёшлар сони ортиб бормоқда. 2024 йилги парламент ва маҳаллий кенгашлар сайловларида илк бор онлайн ахборот мониторинг тизими жорий этилиб, 18-30 ёш орасидаги сайловчиларнинг 62 % рақамли платформалар орқали ахборот олган. Шу билан бирга, сохта янгиликлар, манипулятив контентлар ва ёлғон сиёсий маълумотлар ёш онгига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳолатда рақамли саводхонлик ёшларни ахборот уруши ва сиёсий провокациялардан ҳимоялаш воситасига айланади. Шу нуқтаи назардан, сиёсий етукликнинг замонавий ифодаси — рақамли саводли фуқаро бўлишдир.
2025 йил апрел ҳолатига кўра, Ўзбекистонда IT соҳасида фаолият юритаётган ёшлар сони 150 минг нафарга етди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида эса ҳозиргача 800 мингдан ортиқ ёшлар дастурлаш ва замонавий технологияларни ўрганган. Глобал статистика шуни кўрсатадики, рақамли иқтисодиёт йилига 10-12% ўсиш суръатига эга бўлиб, энг тез ривожланаётган йўналишлардан биридир. Ўзбекистонда эса рақамли хизматлар экспорти 2024 йилда 250 миллион долларни ташкил этди — бу кўрсаткич ҳар йили икки бараварга ортиб бормоқда.
Рақамли саводхонлик — барқарор келажак кафолати ҳамдир. Рақамли саводхонлик эндиликда фақат информатика фани билан чегараланмайди. Бу — ҳаётий кўникма, глобал дунёда яшаш ва рақобатлашиш воситаси, ижтимоий ва сиёсий онг, иқтисодий куч ва маданий ўзликни ифодаловчи тушунчадир. Шундай экан, ҳар бир ота-она, педагог, давлат идораси ва жамият аъзоси ёшларнинг рақамли билимларини оширишга ҳиссасини қўшмоғи лозим. Чунки замонавий дунёда ахборотга эга бўлган эмас, уни таҳлил қилган ва тўғри фойдаланган инсон ғолиб бўлади.

Олимжон
АБДУРАСУЛОВ,
ТДТУ (ОФ) “Ижтимоий-гуманитар фанлар ва тиллар” кафедраси доценти.
Яминхон АСКАРХОДЖАЕВ,
ТДТУ (ОФ) “Ижтимоий-гуманитар фанлар ва тиллар” кафедраси ўқитувчиси.

МАВЗУГА ОИД

ҚАНДАЙ КИТОБЛАР БИЗНИ ЮКСАЛТИРАДИ?

admin

ЎҚИТУВЧИЛИК ШАРАФЛИ КАСБ

admin

“MAGIC СITY”ДА КИТОБХОНЛИК ҲАФТАЛИГИ

admin

ОЛМАЛИҚ ШАҲРИДА ҚАЕРДА, ҚАНЧА ПЕДАГОГ ВА МУРАББИЙ ФАОЛИЯТ ЮРИТАДИ?

admin