Аёл – миллат таянчи. Жамият ривожи учун баркамол авлодни улғайтиришда камарбаста бўладиган ҳилқат. Аёл бор жойда ҳамиша МЕҲР бор, НАФОСАТ бор. Бежизга шоирларимиз аёлларни гулга, гўзалликка қиёс этмайди. Ўтмишда бир ёрнинг холи учун шаҳарлар совға қилинган, шоҳлар гадо бўлган. Аёл шундай кучки, истаса ёрини шоҳ этади, истаса бунинг акси.
Бугунги кунда жамиятимиздаги аёллар илдам, энг муҳими, қалби уйғоқ, ҳар соҳада тадбиркор, қаътиятли. Саҳифамизнинг бугунги меҳмони ҳам ўзининг қайноқ қалби билан болаларнинг меҳрини қозонган, қалами ўткир журналист, “Алмалыкский рабочий” газетаси бош муҳаррири, шаҳримиздаги хусусий мактаб директори Нигора Салимовадир.
Суҳбатимиз давомида Нигора опанинг сочидан тирноғининг учигача МЕҲР йўғрилганига амин бўлдим. Ҳар бир сўзини ўйлаб, мушоҳада қилиб гапириши очиғи, уларга бўлган ҳурматимни янада оширди. Айтишадику, “Асл инсонлар томи қийшиқ уйларда ҳам асл, қоракуянинг ичида ҳам асл, саройларда ҳам асл”, деб. Нигора опа ҳам жамиятимиздаги асл инсон. Бу суҳбатни ҳеч қандай бўёқларсиз, ўхшатишларсиз сизларга илиндик.
БОЛАЛИК ВА МАСЪУЛИЯТ
Мен 1980 йил Тожикистон Республикасининг “Олтин-топкан” қўрғонида туғилганман. Оилада тўнғич фарзанд бўлганим учунми, ҳар бир ишга масъулият билан ёндашардим. Мендан кейин 4 нафар синглим ва 1 нафар укам бор. Мактаб давридан яхши ўқишга, сингилларимга ўрнак бўлишга ҳаракат қилардим. Эсимда, рус мактабида 6-синфда ўқирдим. Ўқитувчимиз бизга иншо ёзиш ҳақида топшириқ берди. Шу топшириқ ижодимнинг бошланишида туртки бўлдими, ўшандан кейин шеърлар ёза бошладим. Шеърларим анчагина бўлиб йиғилиб қолди. Энг қувонарлиси, 20 ёшимда муаллифлик китобимни чиқардим. Ишонасизми, бу менга гўёки, янги дунё кашф этгандек қувонч ҳиссини берган. Бу қувонч лаҳзалари ҳозиргидек ёдимда.
ОИЛА ВА ИШ
Аёллар учун ҳам оила, ҳам ишдаги муваффақият ўртасида мувозанатни сақлаш осон эмас. Лекин, вақтни тўғри тақсимлаш, режалаштириш, ишни иш вақтида тугатиш ва уйда фақат оилага эътибор қаратиш — муваффақият калити, деб ҳисоблайман. Аёл учун биринчи навбатда ОИЛА муҳим. Негаки, аёл оиланинг чироғи. Оиладаги муҳит болаларнинг камол топишида етакчи восита бўлиб хизмат қилади. Оиласида қадр топган аёлни жамият ҳам қадрлайди.
Дастлабки газета таҳририятидаги фаолиятимни 2004 йилда бошлаганман. Аввал мухбир бўлганман. Йиллар ўтиб, газетанинг барча сир-асрорларини ўрганиб, раҳбарларнинг ишончи билан 2018 йил бош муҳаррир лавозимига тайинландим. Ҳар куни нимадир ўрганишга ҳаракат қиламан. Китоб мутолаасини жудаям яхши кўраман. Инсон неча ёшда бўлишига қарамай, илм олишга интилиши керак. Ўзим ҳам икки йил олдин Чирчиқ давлат педагогика университетида сиртқи таълимда ўқиб, педагогика ва психология соҳасини тамомладим.
БАХТ КАЛИТИ
Англашимча, бахт мавҳум тушунча. Кимларнидир қимматбаҳо нарсалар ҳам бахтли қилолмайди. Кимлардир гуллаган ниҳолни кўрса ҳам бахтни ҳис қилади. Мен учун бахт кимгадир керак бўлишинг. Кимдир сени кутса. Аёлларда биринчи ўринда бахт калити бу — меҳрли, эътиборли ва ширинсўз бўлиш. Тожикларда шундай мақол бор, «Аёл гапирганда, гапларидан тузни олиб ташлаб — шакарини кўпайтириб гапириши керак”. Мана шуни доим эслаб тураман. Хеч қачон ортиқча ва салбий гапириш керак эмас. Доим яхши нарсаларни ўйлаб, ҳеч қачон ёмон нарсаларни ўйламаслик керак. Ишдаям ҳамкасблар билан, сизга мурожаат қилган инсонлар билан яхши муносабатда бўлсангиз, ишингизда соғлом муҳит бўлади.
Янги жамоа
Укам Нурмуҳаммад Назимов шаҳримизда замонавий талабларга жавоб берадиган, чуқурлаштирилган инглиз тили ва IT йўналишидаги хусусий мактаб очди. Ҳозирги кунда шаҳарда 5 та йирик ўқув маркази бор. Мактаб 2024 йилда очилганига қарамай, 1 йиллик натижалар жуда ҳам яхши. Мактабда 270 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олмоқда. Дарслар интерактив, ўйинли, эркин муҳитда ташкил этилган. Мактабда ҳар бир ўқувчи учун алоҳида ечим, психологик ёндашув ва замонавий билим бериш мақсад қилиб қўйилган.
Мактабимиз ўз фаолиятида инсонларни, болаларни яхши кўришни биринчи ўринга қўяди. Ўқитувчилардан ҳам шу фазилатлар талаб этилади. Бу орқали нафақат таълим сифати, балки инсоний муносабатлар, болаларнинг ривожланиши ва бахтли болалигини таъминлашга ҳаракат қилмоқдамиз. Болаларга эркин фикрлаш имкониятини бериш, ички мотивацияни кучайтириш орқали улар келажакда мустақил қарор қабул қиладиган, масъулиятли шахс сифатида шаклланади. Шу боис мактабда ҳар бир боланинг хусусиятларини инобатга олган ҳолда алоҳида ёндашувлар қўлланилади.
Ота-оналар мактаб фаолиятидан мамнун. Болаларнинг ўқишга бўлган муносабати, интизоми ва натижалари ижобий томонга ўзгармоқда. Кузатувларимдан келиб шуни айтаманки, бола ўзи яхши кўрган иш билан шуғулланса, хатога йўл қўйишга имкони бўлса, ўзи танлов қилса ва қўллаб-қувватланса, у бахтли бўлади.
P/S. Баъзилар омаднинг кетидан югуради. Омадим йўқда дейди. Нигора опанинг фаолияти билан танишиб чиқиб, омадни ҳар кимнинг ўзи яратишига, бир аёл ортида қанча куч, қанча муҳаббат, қанча хушхулқлик борлигига ИҚРОР бўлдим.




Мухлиса РАХМАТУЛЛАЕВА,
суҳбатлашди.