Бугунги ёшлар ҳар соҳада пешқадам. Жаҳон минбарларида ҳам юртимиз байроғини кўзларига суртиб кўкка кўтармоқда. Уларнинг шижоатига, идрокига, билимига таҳсин айтмасликнинг иложи йўқ. Ёшлар Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси ҳисобланади. Шу боис, мамлакатимизда ёшларнинг замонавий илм-фан, технологияларни пухта эгаллаши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барча шароитлар яратилмоқда. Уларга бўлган эътибор, қўллаб-қувватлаш, ташаббусларини рўёбга чиқаришда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 11 июль куни шаҳримиздаги 16-сонли умумтаълим мактабида навбатдаги очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Мулоқот шаклидаги ушбу учрашув ёшлар билан тизимли ишлаш, уларнинг муаммоларини эшитиш, фикр ва таклифларини инобатга олиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Администрация ишчи гуруҳи аъзоси Тиркаш Байжанов, Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси вакиллари – ўқувчилар билимини баҳолаш ва таҳлил қилиш шўъбаси бошлиғи Вафоқул Хатамов, хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш шўбаси бошлиғи Шерзод Мархабаев, ўқувчиларни касбга йўналтириш ва психологик хизмат шўбаси бошлиғи Нурсултон Шарипов, шунингдек, шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Хусниддин Турғунбоев ҳамда фаол ўқувчи-ёшлар иштирок этишди.
Тадбир давомида ёшлар томонидан илгари сурилган муаммо ва таклифлар атрофлича муҳокама қилинди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш, фикр-мулоҳазаларини эркин билдириш имкониятига эга бўлишди. Мазкур учрашув мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган “Ёшлар – келажагимиз” давлат сиёсатининг амалий ифодаси бўлди.