Юрагимга жо бўлгандир сенинг меҳринг,
Ўз бағрига чорлайверар доим сеҳринг,
Дунё кўриб сени кўрган жон ҳамда тан,
Онам кўкси, тол бешикдир менга Ватан!
Тонг саҳарда онам ёпган жиззали нон,
Есанг агар, яйраб кетар танангда жон.
Билсам, онам меҳрин қўшиб ёпар экан,
Шул сабабдан нон исидир менга Ватан!
Йироқ кетсам, энг аввало, соғингайман
Ғарибгина бўлса ҳамки ота ҳовлин.
Баландпарвоз сўзларни ҳеч истамайман,
Отам қурган пахса девор менга Ватан!
Ўқиганда йиллаб пойтахтим бағрида,
Сўзлолмадим ҳеч Тошкентнинг шевасида,
Бир нотаниш қишлоқдошим дуч келаркан,
Жоним фидо сўзларига, СЎЗдир Ватан!
Кўзларимга тўтиёдир тупроқларинг,
Гул-у майса, дов-дарахтинг, япроқларинг,
Олтин воҳа бағридаги сўлим маскан-
Кифти-обим дарёларинг менга Ватан!
Куз келганда қиш рангини олар даланг,
Пахтазорда жавлон урар ёш-у яланг,
Она халқим хирмон уяр бўлиб бир тан;
Ҳар кўсакнинг кулгусидир менга Ватан!
Ёт элларда жарангласа мадҳиямиз,
Дилда фахр-у ҳам ғурур ҳиссин туямиз.
Муқаддасдир юрт тамғаси, байроқ, зотан,
ЎЗБЕКИСТОН — танамда жонсан, Ватан!
Гулнора ЙЎЛДОШЕВА.