Даланинг қоқ ўртасида,
саратон мавжида,
тут соясида,
гўдагини бағрига босган жувон-
менинг Ватаним,
Ғўзасининг гулларини ўпиб,
ҳар эгатга жон терин тўкиб,
пахтасининг кулганин кўриб,
кўзларига ёш олган,
деҳқон — менинг Ватаним.
Ёз чилласи дошқозонида,
қовурдоқдек қовуриб,
гармселда совуриб,
шимолга ҳам шафтоли туттан
боғбон — менинг Ватаним,
Қиш, қировли тунлари бедор,
қашқирларга бермай омонлик,
қўзичоғин қўйнига солиб,
ҳиргойиси дарани тутган
чўпон — менинг Ватаним.
Бобосининг белбоғин,
адолатнинг байроғи қилиб,
Ҳалол, Ҳалол, Ҳалол!
дея, рақибини курагини ерга босган
полвон — менинг Ватаним…
Миллатим, юртим — ориятим деб,
тинчлик муддаомдир,
пок ниятим деб,
темурий тулпорин миниб,
кўкрагини ўққа тутган,
ялангтўш султон —
Менинг Ватаним!
Фарида АФРЎЗ.