Доимо дуода, қўллари қадоқ,
Йўлимиз кутади кўзлари муштоқ.
Меҳрибон, бағри кенг, тафтлари қайноқ,
Сиз менинг жонажон, азиз онамсиз!
Саодат она Ибраева 1935 йил Олмалиқ шаҳрида туғилган. Ёшлик йиллари айни уруш пайтига тўғри келгани боисми, унинг елкасида оила ва опа-укаларига қараш масъулияти ётарди. Саодат ҳожи она ҳақида гапирганда, унинг авлодлари ва илмий меросини ифтихор билан эслаш мумкин. Онахоннинг оталари — мулла Абдуфаёз ота Бухоро шаҳридаги мадрасалардан бирида илм олган билимдон инсон бўлган. Абдуфаёз Маҳсум отанинг оталари мулла Усмон олам ҳам Бухоро мадрасасида таҳсил кўрган.

— Отам Бухородан уйга эшакда қайтган, ўша пайтларда машина ҳам, улов ҳам йўқ эди. Ҳар қандай қийинчиликда ҳам бардошли, билимли инсон бўлганлар. Шу тариқа авлоддан-авлодга ўтган илм, дин ва матонат Саодат ҳожи онамиз қалбида муҳр бўлиб қолган. Мулла маҳсум авлодидан бўлган бу улуғ инсон, ислом динидан чуқур билимга эга. 90 ёшни қарши олган бўлса-да, ҳануз беш вақт намоздан қолмас, рўзаларни хатосиз тутар, Қуръони каримни араб тилида тилават қиладилар.
Онахон ҳақиқий меҳр ва олижаноблик тимсоли. Қўллари ҳамиша дуода, кўзлари фарзандларининг йўлига муштоқ. Колхозда йиллар давомида меҳнат қилиб, гўдакларни дунёга келтириб, кетмон кўтариб далага чиққан, уй юмушлари, қозон-ўчоқ ва самовар билан яшаган, аммо бир кун ҳам ҳаётидан нолимаган сабрли аёллардан. Онахон дўсту биродарлардан меҳрини аямайдиган, бағри кенг ва тафтини доимо бошқалар билан баҳам кўрадиган танти инсон.
— Онажонимизнинг 9 нафар фарзанди, 32 невара ва 55 нафар чеваралари бор. Барча фарзандлари юртимизга фойдаси тегадиган шахс бўлиб етишган. Мен ҳам қайнонамнинг қўлида ҳаёт сабоқларини олдим. Ўзганинг ортидан гапирмасликни, тўғри сўзлиликни ва меҳнатсеварликни қайнонамдан ўрганганман. Қайнонам гўёки Фармонбиби. Ҳар иши тадбирли, сиёсатли. Мана, бугун ўзимнинг ҳам икки келиним бор. Мен ҳам уларга қайнонамнинг тажрибаларини қўллайман. Қайнонам мен учун ҳаёт мактаби,- дейди келини Матлуба Абдурайимова.
Ёши катта, ҳар сўзи ҳикматга айланаётган нуронийларнинг ёнида ҳамнафас бўлишлик энг катта бахт. Халқимиз бекорга “Қариси бор уйнинг – париси бор”, деб айтмайди.
Саодат она — азиз, дуогўй, илмли ва зиёли инсон сифатида ҳамиша авлодлари ва атрофдагилар учун ибрат манбаи бўлиб қолаверадилар.
Мухлиса Тошпўлатова.