Маҳалла – инсонларнинг бир-бирига меҳр-оқибатли бўлишини таъминловчи, ёшларнинг тарбияси ва маънавий камолоти учун беқиёс макон саналади. Шу сабабли ҳам маҳаллаларда ёшлар онгига китобга меҳр уйғотиш, китобхонлик маданиятини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги тезкор замонда интернет ва турли технологиялар тараққий этаётган бўлса-да, китобнинг ўрни ва қадри ўзгармайди. Аксинча, ёшларнинг дунёқарашини кенгайтиришда, уларни ёт ғоялар таъсиридан асрашда китобнинг роли янада муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шаҳар ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Эргаш Абдурайимов бошчилигида маҳаллаларда ёшларни маънавий баркамол этиб тарбиялашга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу тадбирларда Ахборот-кутубхона маркази ходимлари томонидан мунтазам равишда китоб кўргазмалари, адабий викториналар, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда. Бу тадбирлар орқали ёшлар ўз мутолаа доирасини кенгайтириб, фикрлаш доирасини бойитаётгани қувонарли.
Китобхонликни тарғиб қилишда энг муҳими, ота-оналарнинг ҳам иштироки. Чунки болалар кўпинча ота-онанинг китобга бўлган муносабатидан ибрат олишади. Шу сабабли, маҳаллаларда ота-оналар иштирокида “Оила ва китобхонлик”, “Китоб – тарбия калити” каби учрашувлар ташкил этилиб, оила муҳитида мутолаа маданиятини шакллантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб келиняпти.
Халқимизнинг маънавий ҳаётида китобнинг ўрни ҳамиша беқиёс бўлиб келган. Бугун эса бу анъана янгича мазмун касб этмоқда. Маҳаллаларда йўлга қўйилаётган китобхонлик тарғиботи – миллатимиз келажаги, ёшларимизнинг маънавий баркамоллиги учун энг катта сармоя бўлиб қолмоқда.
Дилдора ГАФУРОВА,
шаҳар ахборот-кутубхона маркази Ахборот-коммуникация
технологиялари ва рақамлаштириш хизмати раҳбари.