Ассалому алайкум, азиз ўқитувчи ва мураббийлар!
Бундан бир неча йиллар аввал 1 октябрни биз устозларимиз билан пахта даласида, байрамга хос бўлмаган шароитларда нишонлардик. Тан олайлик, бундай шароитда ўқитувчининг тил ўрганиши, сертификат олиши, тоифаси ҳақида қайғуриши, ойлик маошининг оширилиши, болалар билан ишлаши, шаъни, қадр-қиммати ҳақида давлат даражасида шуғулланиш мумкинмиди?
Юртбошимизнинг сиёсий иродаси, иқтисодиётимизнинг ўсиши натижасида мамлакатимизда жами 2 млн. одам, энг аввало азиз устозларимиз далалардан чиқиб кетди. Ўқитувчи мактабга қайтди. Ўз устида ишлаш, тажриба алмашиш, услубиёт ҳақида қайғуриш, ўқувчилар билимининг ўсиши, натижа кўрсатиши, ҳар куни ўзгариб бораётган дунёқарашли ёшларга мос устоз бўлиш каби вазифалар энг муҳим ишга айланди. Таълим, тарбия, билим, интеллектуал салоҳиятли ёшларни тарбиялаш, бунинг учун эса ўқитувчи ва мураббийнинг обрўйини ошириш, муносиб шарт-шароит яратиб бериш, моддий-маънавий қўллаб-қувватлашни давлат ўз зиммасига олди. Тарихда биринчи бор олий ҳужжатимиз — Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўқитувчилар ҳақида нормалар киритилди.
Мактабгача таълим тизимига эътибор ҳар қачонгидан кучайди. 2017 йилда биргина Олмалиқ шаҳрида 32 та мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлган бўлса, ҳозирда 68 тага етди. Шаҳримиздаги боғча ёшидаги болаларни ташкилотга қамраб олиш 67 фоиздан 80 фоизга етди. Боғчаларимизда олий маълумотли педагогларнинг улуши 12 %дан 27 %га ошди.
Мактабларимизда олий маълумотлилик даражаси 62% дан 89% га етди. 2017 йил педагоглар 985 826 сўм ойлик маош олган бўлса ҳозирги кунда 42 нафар ўқитувчилар 10 млн. сўмдан ортиқ ойлик маош олишмоқда. Шу билан биргаликда 3-мактаб чизмачилик фани ўқитувчиси Дилноза Султонова, 11-мактаб тарих фани ўқитувчиси Орифжон Алимқулов, 16-мактаб рус тили ва адабиёт ўқитувчиси Айгул Сиражиева, 9-мактаб она тили ва адабиёт Гулнора Йўлдошева 1000 АҚШ доллар ойлик маоши олишмоқда. Ўз устида ишлаган, изланган ҳар битта педагог бундай натижага эришиши мумкин. Ҳозирда мактаб ўқитувчилари учун олий маълумотли бўлиш оддий талаб бўлиб қолди. Эндиликда биз илмий салоҳият ҳақида ўйлашни бошладик. Яъни мактабда магистрлар, фан докторлари улушини ошириш маррамизга айланди. Ҳозирда 208 нафар (76.7%) ўқитувчимизнинг чет тилларидан, 31 нафар (26.2%) ўқитувчиларимизнинг ўзбек тили ва адабиётидан, шу билан биргаликда бошланғич таълим, математика, информатика, биология, физика фанларидан 81 нафар устозларимизнинг эса миллий ва халқаро даражадаги сертификатлари бор. Ҳозирда 320 нафар (21%) ўқувчимиз турли йўналишлардан миллий ва халқаро сертификатга эга, 23 нафар (17.3%) ўқувчимиз вилоят, 4 нафари Республика фан олимпиадасида қатнашди. 13 июль куни Бирлашган Араб Амирликлари, Дубай шаҳрида якунига етган «57-Халқаро Кимё Олимпиадаси (ИЧО–2025)»да Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, БУХОРО МАКТАБИнинг 11-синф ўқувчиси Иброҳим Темуров кумуш медал соҳиби бўлди. 90 га яқин давлатидан энг иқтидорли ёш кимёгарлар қатнашган ушбу нуфузли олимпиадада Иброҳим ўз билим ва иқтидорини намоён этиб, Ўзбекистон байроғини халқаро майдонда баланд кўтарди ва — 562 млн. 500 минг сўм, устози Мусо Хошимжонов — 93 млн. 750 минг сўм пул мукофоти билан тақдирланади, битирувчиларимизнинг олий таълимга кириши 2017 йилги 10 фоиздан 67 фоизга етганлиги замирида кимнинг меҳнати турибди? Албатта, бу — Сиз азиз ўқитувчи ва мураббийларнинг машаққатли меҳнатингиз самараси.
Ўқувчиларимизнинг касб эгаллашлари, келажакда турли соҳаларда ўзига ишонган касб-ҳунар эгаси бўлишларини профессионал таълим муассасаларисиз тасаввур этиб бўлмайди.
15 сентябрь куни бўлиб ўтган учрашувда Ҳурматли Президентимиз эндиликда 50% ўқувчиларни техникум ва политехникумларга қамраб олиш, замонавий касб-ҳунар сирларини ўргатиб, уларни ишга жойлаш, дуал таълимни кучайтириш орқали ёшларга ҳам ўқиш, ҳам ишлаш имкониятини яратиб бериш каби вазифаларни илгари сурдилар. Бу ташаббуслар халқимизга жуда манзур бўлди.
Ҳозирда шаҳримизда фаолият олиб бораётган 1 та политехникум ва 3 та техникумда меҳнат қилаётган 165 нафар ўқитувчи ва мураббийларимиз билан давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларни бажариб, халқимиз олдида юзимиз ёруғ бўлишига ишонаман.
Шаҳримиз ўз бағрига жамлаган олий таълим муассасалари билан ҳам машҳур. Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиали, Миллий технологик тадқиқотлар университети МИСИСнинг Олмалиқ филиали ва Ипак йўли инновациялари университети шаҳримизни чин маънода талабалар китоб кўтарган, илм истаганлар талпинган шаҳарга айлантирди. Куни кеча Ҳурматли Президентимизнинг Қарори билан Тошкент давлат техника университетининг Олмалиқ филиали негизида янги – Олмалиқ давлат техника институти ташкил этилганлиги ҳам катта қувончли воқеа бўлди. Ҳозирда шаҳримиздаги олий таълим муассасаларида жами 8087 нафар талаба таҳсил олмоқда. Эътиборли томони 2017 йилда шаҳримизда 9 нафар фанлар бўйича фалсафа докторлари, фан докторлари, профессор ва доцентлар фаолият олиб борган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 137 нафарга етди. Мазкур муассасаларда жами 11 нафар талабалар 6 та номдор стипендиялар соҳиблари бўлишида қадрли профессор ўқитувчиларимизнинг саъй-ҳаракати мужассам.
Қадрли устозлар!
Мамлакатимизда таълимга хусусий секторнинг жалб этилиши учун барча эшиклар очилгани бу юртимиз тарихида туб бурилиш бўлди. Ўтган 8 йилда шаҳримизда 33 та нодавлат боғча, 3 та хусусий мактаб, 1 та олий таълим муассасаси, 24 та ўқув марказлари ташкил этилди. Уларда фаолият олиб бораётган 202 нафар педагог ва ходимлар биз учун қадрлидир. Тан олиш керакки, мазкур муассасалар шаҳримиздаги камбағал оилаларнинг фарзандларини баъзан имтиёзли, керак бўлса бепул – беғараз қабул қилиб, ўқитиб бераётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Сизларнинг бу борадаги ташаббусларингиз ва жамият ишига лаббай деб жавоб бераётганингиздан миннатдормиз.
Азиз устоз ва мураббийлар!
Ҳурматли Президентимиз таъбири билан айтганда, Янги Ўзбекистоннинг асосий устуни билим, таълим, тарбиядир. Биз олдимизга қўйган улуғ мақсад – 3-Ренессансни ёшлар вужудга келтиради. Ёшларни илҳомлантирувчи, ҳаракатга келтирувчи катта куч эса Сиз ўқитувчи ва мураббийлардир. Мана шу улуғ мақсадлар йўлида омад, сиҳат-саломатлик тилайман.
Байрамингиз муборак бўлсин, муҳтарам ўқитувчи ва мураббийлар!