OLMALIQ HAYOTI
Image default
Таълим

ОЛМАЛИҚНИНГ ОЛТИН ЁШЛАРИ

Ёшлик ўзининг олижаноб ташаббуси, софдилликка, адолатга, башарий ҳақиқатга беҳудуд интилиши билан тараққиётнинг буюк кучларидан бирини ташкил қилади. Ёшлик, бу — орзу. Бу — ишонч. Бу — жасоратга интилиш. Бу — лирика ва романтика. Бу — келажакка тузилган улкан режалар. Бу — истиқболнинг бошланиши демакдир!

Бу фикрлар яқинда мактабни аъло баҳолар билан олтин медал билан битирган бахтиёр ёшлар билан суҳбатимиз чоғи янада теранлашди.
Бутун вилоятимизда 888 та умумтаълим мактаби бўлса, улар ичида шаҳримизда жойлашган 1-сонли ихтисослаштирилган Давлат умумтаълим мактаби ҳамиша ўзининг фан ва таълимда эришган юқори кўрсаткичлари билан эътироф этилади, бошқаларга намуна ва ибрат сифатида кўрсатилади. Сарҳисоб йилида ҳам шаҳримизда 18 нафар ўқувчи мактабни олтин медал билан битирган бўлса, уларнинг 7 нафари биз сўз юритаётган 1-мактаб ҳиссасига тўғри келади…

ОЛТИН СУРЪАТЛАР
Мактабда 86 нафар ўқитувчи бўлиб, уларнинг барчаси олий маълумотлидир. Шундан 11 нафари олий тоифали, 17 нафари 1-тоифали, 23 нафари 2-малака тоифасига эга устозлар. Инглиз тили фани ўқитувчиси Жаҳонгир Толибзода 2 йилдан буён юқори натижалар билан Вазир жамғармаси устамаси олишга мушарраф бўлиб келмоқда.
Мактаб 2022-2023 ўқув йилида Тошкент вилоятидаги 888 та умумтаълим мактаблари ўртасида олий таълимга кириш бўйича 81 фоиз билан 1-ўринни эгаллади.

  • Юқори натижаларга эришишимизда устозларимиз — Маъруфжон Хақназаров, Толибзода Жаҳонгир, Сайёра Бекмуродова, Гавҳар Тугалбоева, Дониёр Донобоев, Машҳура Хусеинова, Самад Ортиқов, Сардор Қаҳҳоров, Орифжон Хусеинов, Дилафрўз Маҳаммадаминова, Ирода Маназарова, Фазилат Акмалова, Нигора Абдуқодирова, Элдор Арзиқулов, Рустамжон Ҳайдаровларнинг меҳнати, ҳиссаси беқиёс.
    Кейинги 3 йил давомида мактабнинг 10-,11-синфларида вариатив ўқув режасини қўллаш орқали юқори кўрсаткичларга эришилганлигини алоҳида таъкидлашни истаган бўлардим.
    Пўлатбек Эралиев ва Содиқжон Қурбоналиев каби илғор ўқувчиларимиз биология фанидан Ал-Хоразмий номидаги аниқ ва табиий фанлар Халқаро олимпиадасида қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллашгани биз устозларнинг чинакам фахри, ифтихоридир, -дейди мактаб директори Ҳулкар Аманбаева.
    Жами ўқувчилари сони 1831 нафар бўлган мазкур таълим даргоҳини 2023-2024 ўқув йилида 181 нафар ўқувчи битирган бўлса, уларнинг 7 нафари олтин медални қўлга киритишгани қувонарлидир. Булар Абдураимова Асал Муҳиддин қизи, Турдиқулов Абдухалил Қудрат ўғли, Муҳаммадов Яҳёхон Йўлдошхон ўғли, Тоштемирова Лайло Азимжон қизи, Алявия Марфуахон Саидлазизхон қизи, Омонова Шодиябегим Алишер қизи, Исроилова Одина Зуҳриддин қизи каби ёшлардир.

ОҲ, СЕНИНГ ЁШЛИГИНГ МЕНДА БЎЛСАЙДИ…
Шундай мисралар билан бошланадиган шеър бор. Ҳар сафар ёшлик энергияси, қуввати ҳеч бир қолип, ҳеч бир ўзанга сиғмайдиган ёшлар билан ҳамсуҳбат бўларканман, шоирнинг шу оташин шеърини эслаб ўтаман. Уларни жуда жўшқин нутқ ирод қилади, аллақандай баландпарвоз гапларни гапиради демайман. Сўраган саволингизга аниқ ва қисқа қилиб жавоб беришга одатланишган. Ва саволларингиздан довдираб қолишмайди. Ҳар ҳолда мен сўз юритган мактабнинг медал олган ўқувчилари шунақа таассурот қолдирди.
Вақт ўзгармоқда, вазиятларга қараб ўзгарадиган, ҳайбаракаллачиликка мойил бўлган ёшларни кўрмайман бу кўзларда. Ва қандайдир хотиржам тортаман: Келажак аравани қуруқ олиб қочадиган эмас, мақсадлари инсон манфаати учун хизмат қилиши кераклигини, бу шунчаки сўзда қолиб кетмай амалда бўлиши кераклигини тушунган ёшлар қўлида эканлигига ишониб бораман…Июл офтобининг шафақлари элас-элас тушиб турган мактаб ҳовлисида бу ёшлар билан гаплашиб шу ҳақиқатни туяман.

«ҲАЁТНИНГ ЖАМИКИ ГЎЗАЛЛИГИ ОНАМ МЕНГА ТЕЛЕВИЗОРНИ ТАЪҚИҚЛАБ, КИТОБ ЎҚИШГА МАЖБУРЛАГАН КУНДАН БОШЛАНГАН»
Инсоният тарихида сиам эгизакларини муваффақиятли ажрата олган иккита инсон бор, бири — Имоми Аъзам, иккинчиси қора танли шифокор Бен Карсон. Жарроҳ замонавий тиббиётда оламшумул янгилик қила олди: Бир-бирига ёпишиб туғилган эгизакларни ажратган жарроҳ биз келтириб ўтган ўша машҳур иқтибос эгаси.
Олтин медал соҳибаси — Шодиябегим билан гаплашарканман, у тенгдошлари ўртасида Бен Карсон каби китобсеварлиги билан таниқли эканлигини сездим. Келажакда тиббиётда инновацион ўзгаришларга ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган қаҳрамонимиз саратон бўйича тиббий тадқиқотларга муаллифлик қилишни ўзининг сўнгги ўн йилликдаги режаларидан бири сифатида билади.

ИЛМИНГ ЗИЁДА БЎЛСИН, ОДИНА!
Яна бир қаҳрамонимиз — Одина. Қадриятларни ҳурмат қиладиган ўзбек оиласида катта бўлган қиз ийманиб гапириши, камтарин нигоҳлари билан эътиборимни тортди. Виқор, кибр йўқ. Одина келажакда стоматология соҳасида фаолият юритишни мақсад қилган.
Донишманддан сўрадилар:

  • Илм олиш аёл кишига кўпроқ керакми ё эркакка?
  • Биринчи навбатда аёллар таълим олишлари керак, боиси улар илмли бўлса, фарзандлари тарбияли бўлади ва шу орқали бутун бир миллат илмга юз тутади. Одина яшаган муҳит, оила мана шу ҳақиқатни яхши билади, назаримда. Олтин медал нишони безаб турган Одинадан интервью оларканман, шу фикрлар хаёлимдан ўтгани рост.

ДЎСТЛИК ТИЛИНИ ТАНЛАГАН ҚИЗ
Ғарбда муҳаббат тили сифатида француз тили, дўстлик тили сифатида эса инглиз тили тан олинганига анча бўлган. Бугун дунёнинг 67 та давлати сўзлашадиган инглиз тилининг дўстона жозибаси қаҳрамонимиз Асалнинг ҳам эътиборини тортган. Олтин медал соҳибаси бўлган бу ўқувчи қиз тиришқоқлиги, қатъияти ва албатта муваффақиятга бўлган ишончи туфайли Миллий сертификатни қўлга киритди. Бу эса тўғридан-тўғри ўқувчининг муддатидан олдин университет талабаси бўлишига асос бўлди. Қаҳрамонимиз Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари Университетининг Инглиз филологияси факультетида таҳсил олишни, дунё стандартларига жавоб бера оладиган ўқитувчи бўлишни мақсад қилган ёшлардир.

СЎНГСЎЗ ЎРНИДА
“Муваффақият – муваффақиятсизликлар орасида иштиёқни сўндирмасдан қоқилиб-суқилиб олға боришдир”. Машҳур сиёсатчи — Уинстон Черчилл шундай деганди.
Олтин медал олиб бугун қувончда турган бу ёшларга қараб бир нарсани ўйлайман: Улар шу ерга етиб келгунча қанақа чиғириқлардан ўтган бўлса? Ҳаётий муаммолар вақт ва макон танламайди. Унда нажот нимада? Замахшарий таъбири билан айтганда “Нажот — фақат илмдадир”. Бизнинг қаҳрамонларимимз бу ҳаётий ҳақиқатни унутмасликларини тилаб қоламиз!

Дилафрўз Эгамбердиева.

МАВЗУГА ОИД

РАҚАМЛИ САВОДХОНЛИК — БАРҚАРОР КЕЛАЖАК КАФОЛАТИ

admin

СИЗ ИЛА БОШЛАНУРБАҲОР НАФАСИ…

admin

АЁЛ ЎҚИСА МИЛЛАТ ЎҚИЙДИ,УММАТ АЁЛ ЎҚИСА ЎҚИЙДИ!

admin

ИПАК ЙЎЛИ ИННОВАЦИЯЛАР университети

admin