Image default
Таълим

СИЗ ИЛА БОШЛАНУРБАҲОР НАФАСИ…

Салқин саҳарларда, бодом гулида,
Бинафша лабида, ерларда баҳор,
Қушларнинг парвози, елларнинг нози,
Бахмал водийларда, қирларда баҳор.

Барчамизнинг дилимиздан чуқур жой олган ушбу сатрлар муаллифи таниқли ва иқтидорли ўзбек шоираси Зулфия Исроиловадир. Зулфияхоним – ёрқин рассом, оддий инсон қалбини ўткир ҳис қилган меҳнаткаш, шарқ аёлининг жамиятдаги тенг ҳуқуқи учун мардонавор курашган аёл. Зулфия шеъриятининг нуфузи – бизнинг дабдабали, мураккаб давримизнинг ҳаққоний ифодаси, ўзига хослиги, замондошларимизнинг қалби ва ҳаракатларининг ёрқин тасвиридадир. Ўзбек халқининг атоқли ва ардоқли вакили, таниқли жамоат арбоби, халқаро тинчлик учун кураш жангчиси Зулфия Исроилова халқаро “Нилуфар”, Жавоҳарлал Неру номидаги ҳамда Давлат мукофотлари соҳибасидир.

Зулфияхоним Исроилова 1915 йил 1 март куни Тошкент шаҳрининг қадимий Дегрез маҳалласида таваллуд топган. Аввал бошланғич мактабда, сўнг хотин-қизлар билим юртида таҳсил олган. 1935-1938 йилларда Ўзбекистон фанлар академиясининг тил ва адабиёт институти аспирантурасида ўқиган. Шундан кейин турли нашриётларда ишлаган. 1935 йилдан 1980 йилгача, қарийиб ўттиз йилга яқин республикамизда кенг тарқалган “Саодат” номли хотин-қизлар журналида бош муҳаррир бўлган. Зулфияхоним Исроилова ўзбек шеъриятининг ёрқин вакилларидан бири – Ҳамид Олимжон билан турмуш қурган. Бироқ улар орзуларга тўла ҳаёт кечираётган паллада 1944 йили машина ҳалокати туфайли турмуш ўртоғидан айрилди. Шоира эса 1996 йилда 81 ёшида вафот этади. Шоира бадиий ижодга жуда эрта киришди. Ўн етти ёшида “Ҳаёт варақлари” деб аталмиш дастлабки шеърий китобини чоп эттирди. Узоқ ижодий умри давомида ўттизга яқин шеърий тўпламлар, ўндан ортиқ достонлар яратди. Шоира ҳаммани ўйлатадиган, барча кишиларга дахлдор бўлган ҳолатларни шеърга солди. Шунинг учун ҳам ёзганлари кўпчиликка манзур бўлади. Зулфиянинг улкан истеъдоди фақат юртимиздагина эмас, балки дунё миқёсида ҳам эътироф этилган. У – халқаро “Нилуфар” мукофоти эгаси.
Шоира шеърларининг эл аро машҳурлиги тасодифий эмас. У болалигидан оламга ҳайрат кўзи билан қаровчи, унинг бошқалар кўра олмайдиган жиҳатларини изловчи қизалоқ эканлиги билан ажралиб турарди. Бунинг устига, оиласидаги муҳит ҳам ёш Зулфияда бадиий ижодга иштиёқни аланглатарди. Шоира болалигини шундай эслайди: “Отамни …Исроил дегрез дер эдилар. Отам заҳматкаш темирчи эди. Отамнинг ҳамма вақт оловга йўлдош касбидан фақат завқ кўрар эдим. Отамдай қудратли одам йўқ эди мен учун. Темирлар отам қўлида чақмоқлар таратишига боқиб, ҳайратда қолар эдим. Унинг қўллари чўққа айланган темир парчасини истаган шаклга солиб, инсон учун керакли нарсага айлантиришга қодир эди. Мен ҳали-ҳануз отамдай бўлишни орзу қиламан, аммо на илож, инсон қалбига кира билиш темирга ишлов беришдан машаққатлироқ, юракни чақмоқ каби аланга олдириш ҳар кимга ҳам муяссар бўлавермас экан…. ”
“Менинг онам ўзининг таъбича, “усти бутун – ичи тутун” аёллардан эди. У ҳамма вақт камгап, хаёлчан эди, лекин фикрлари, ўйлари мудроқ эмаслигини, унга мутелик, заифлик ёт эканлигини билар эдим. Руҳидаги маъюслик, овозидаги ҳазинлик фақат унинг характерига хос бир сифатгина эди, холос.
Онамнинг қанча-қанча қўшиқ ва афсоналарни, достон ва эртакларни билишига ақлим бовар қилмасди. Бу сеҳрли афсона ва эртаклар бизга бениҳоя ҳузур бағишлар, ўзига ром қилар, ҳар сафар янги жилва касб этарди. Аминманки, мўъжизалар яратишга қодир, жаҳонни кўзга кенг очувчи, инсонни гўзаллик сари етакловчи сўзга шайдолик ҳиссини менинг қалбимда остона ҳатлаб кўчага чиқмаган оддий аёл – онам уйғотган…”
Халқ орасида “Ойдинда”, “Сенсиз”, “Юрак”, “Фалак”, “Баҳор келди сени сўроқлаб”, “Ўғирламанг қаламим бир кун”, “Бўм-бўш қолибди бир варақ қоғоз”, “Ўғлим, сира бўлмайди уруш”, “Мушоира”, “Бугун тунда келармиш баҳор” каби шеърлари машҳур.

Деразамдан мўралаб аста,
Гул юзингдан бўлиб шикаста,
Узун қишга силтаб қўлини,
Ҳам қалбингдан бошлаб йўлини,
Тўққиз ойки, елармиш баҳор,
Бугун тунда келармиш баҳор…


Мустақиллик йилларида ибратли ҳаёт кечирган, кенг ижтимоий фаолият олиб борган шоира Зулфиянинг бетакрор ижоди, Ватанга муҳаббати, олийжаноб инсоний фазилатлари, халқимиз маънавиятини юлсалтиришдаги хизматлари учун ҳурмат ва эъзозга сазовор бўлди. Ўзбекистон ҳукумати атоқли шоиранинг маданиятимиз тараққиётидаги катта хизматларини эътиборга олиб, 1999 йили “Зулфия” номидаги Давлат мукофотини таъсис этди. Тошкент шаҳридаги кўчаларнинг бирига унинг номи берилди.

Гўзал Матмуратова,
15-умумий ўрта таълим мактаби ўзбек тили фани ўқитувчиси.

МАВЗУГА ОИД

Фарзандингизга айтиш мумкин бўлмаган 10та ибора

admin

2022-2023 ЎҚУВ ЙИЛИНИ ТАМОМЛАГАН 11-СИНФ БИТИРУВЧИЛАРИ ҲОЗИР ҚАЕРДА?

admin

IELTS — orzular kaliti

admin

ИПАК ЙЎЛИ ИННОВАЦИЯЛАР университети

admin