Халқимиз орасида “Қариси бор уйнинг, париси бор“, деб бежизга айтилмайди. Улар борки, уйимизда нур, қалбимизда ҳузур бор. Невара-ю чевараларнинг ардоғида, умргузаронлик қилиб юрган бобо-бувиларимизни кўрганда дили яйрайди одамнинг. Бугунги қаҳрамонимиз Зиёдулла ота Ахмедов ҳам 60 ёшдан ошган бўлишига қарамай, томорқасидан унумли фойдаланиб, оила бюджетига сезиларли даражада ҳисса қўшмоқда.
Ҳамшаҳримиз Зиёдулла Ахмедов 1964 йил Пискент туманида туғилган. Болалигидан томорқани, уй ҳайвонларига қарашни яхши кўрарди. Йиллар давомида “Олмалиқ КМК” АЖ Мис бойитиш фабрикасида рудалардан маъданларни ажратиб олиш цехи ишлаб чиқариш устаси вазифасида ишлаган. Ҳозирги кунда нафақада. Зиёдулла отанинг уч нафар фарзанди ҳам халқимиз корига камарбаста бўлиб келмоқда. Қизи Севара ҳамшира, ўғиллари Сардор ва Сарвар тадбиркор. Зиёдулла ота нафақага чиққандан сўнг уйида бекор ўтиришни хоҳламади, севимли машғулоти асаларичиликнинг сир-асрорларини ўрганиб, шуғуллана бошлади. Қолаверса, турли хил мевали дарахтлар етиштиришни бошлади.
Икки қути асаларидан йил давомида 20-25 литр асал олиб, оиласини асал билан таъминлай бошлади. Отахоннинг ёшларга ўрнак бўлаётган шижоатини кўриб, уларни суҳбатга тортдик.
- Зиёдулла ота, айтингчи, асаларичилик билан шуғулланиш қийин эмасми? — Биламизки, асалари ҳашаротлар ичида озуқа учун гул шираси (нектар) йиғадиган ягона жонзотдир. Асаларини кўпчилик фақат асал ишлаб чиқаради, деб ўйлайди. Аслида асал ишлаб чиқариш унинг вазифаларидан биридир. Бундан ташқари у гулларни, ўсимликларни чанглатувчи ҳам ҳисобланади. Асаларининг иштирокисиз кўплаб ўсимликлар мева бермайди. Ўзим ҳам дастлаб, асаларичилик билан шуғулланишга қўрққанман. Нобуд бўлиб қолсачи, деган гумон бўлган. Кейин эса китоб орқали ўқиб, шунингдек, интернет тармоқларидаги ишончли манбалар орқали асаларичилик билан шуғулланган инсонларнинг дарсларини онлайн кузатиб, тушунча олганман.
Ҳар нарсага парвариш бўлса, у албатта, ўз натижасини беради. Ҳар фаслда уларни алоҳида парваришлаш лозим. Гуллар гулламаган пайтда “шакарли сув” берасиз. Хуллас, ҳар соҳанинг ўзига яраша қийинчиликлари ва сир-синоатлари мавжуд.
-Асаларилар ҳақида маълумот берсангиз. - Асалариларнинг оиласи 50-80 минг ишчи асалари, юзларча эркак асалари ва битта она асаларидан ташкил топади. Шу билан бир вақтда, оилада тухум, личинка ва ғумбаклар ҳам бўлади. Ишчи асалари – яхши ривожланмаган урғочи асалари ҳисобланади. Бироқ, у тухум қўя олмайди, айни пайтда оналик инстинктини сақлаб қолган, у уядаги ёш личинкаларни боқиб, уларга ғамхўрлик қилади. Ишчи асаларилар уяга гул шираси, гулчанг ва сув олиб келади. Эркак асалари трутень деб аталади. Эркак асалари айрим иссиқ кунларда даладан сув ташиши, уяни шамоллатиб туриши уядаги ҳароратни мўътадиллаштириб туриши аниқланган. Эркак асалари оилада зот софлигини таъминлайди. Она асаларининг ягона вазифаси асалари авлодларини давом эттиришдан иборат. Яхши ривожланган она асалари кунига 2000 тагача тухум қўяди.
-Куз-қиш мавсумида асаларилар қандай парваришланадиёки улар совуққа чидамлими?
-Асалари оиласига қиш пайтида озиқланиши учун 10-14 кг озуқа қолдирилади. Шунда асалари оиласи қишдан яхши чиқади ва баҳор ойларида яхши ривожланади. Асалари оиласида озуқа етишмаганда уларга қўшимча равишда шакар упаси сифатли асал билан 3/1 нисбатда хамирсимон ҳолатда тайёрланиб оилаларга берилади. Асалари оиласини яхши ривожланиши учун гулчанг захираси бўлиши ҳам зарур. Гулчанг захираси асосан баҳор ойларида тўпланади. - Битта асалари оиласидан қанчагача асал олса бўлади? Асаларичилик билан шуғулланадиганлар етарли даромадга чиқа оладими?
-Ҳар бир ҳунар, касб орқали даромадга чиқса бўлади. Фақатгина касбини севса бўлди. Асалари оиласи тўғри парваришланса ва боқилса, битта асалари оиласидан ўртача 20-25 кг асал олинади. 1 та асалари оиласидан бир йилда 20 кг асал олинса, 5 та асалари оиласидан бир йилда 100 кг асал олинади. 1 кг асалнинг нархи бозорда ўртача 100-130 минг сўм бўлса, 100 кг асални нархи 100-130 млн сўмни ташкил қилади. 1 та асалари оиласининг уяси билан тўлиқ сотиб олиш харажати 1 млн сўм. 5 та асалари оиласини сотиб олиш учун жами харажат тахминан 5 млн сўмни ташкил этади. Асалари оиласига яхши қаров ўтказиб, уларни гул ширасига бой ўсимликларга тез-тез кўчириб турилса, даромад ундан ҳам кўп бўлади.
-Иш йўқ, давлат иш билан таъминламайди, дейдиган инсонларга нима деган бўлардингиз?
-Ҳамма давлатнинг асосий муаммоси фуқароларини иш билан таъминлаш. Танбал одам ҳамиша ўзгалардан нолийди. Ўз касбининг устаси бўлса ҳеч қачон ишсиз қолмайди. Бугунги имкониятлар даврида иш топиш осон. Бу инсоннинг ўзига боғлиқ.
P/S. Кўриб турганингиздек, иш инсонни эмас, инсон ишни излаб борса, қизиқса, у албатта ўз фаолиятидан даромад топади.
Суҳбатдош
Лобар Абдусатторова.