Агар аёл йўқса, дунё бўлмас эди,
Кўкда қуёш, ойда зиё бўлмас эди.
Ўз жуфтидан бахтин топмоқ этсин насиб,
Одам Ато йўқса, Ҳаво бўлмас эди.

Бугунги кунда ҳар соҳада аёлларимиз раҳбар. Таълимдан тортиб тиббиётгача. Суҳбатдошларимиз орасида ўзининг шаддодлиги ва қаътиятлилиги билан ажралиб турган Олмалиқ кон-металлургия техникуми ўқув ишлар бўйича директор ўринбосари Умида Каримбоева билан суҳбатимизни сиз азиз муштарийларга илиндик.
– Умида опа, келинг, суҳбатимизни болалик йилларингизга боғлиқ ширин хотиралар билан бошласак.
– Мен 1984 йил Тошкент вилоятининг Пискент туманида дунёга келганман. Отам Сайфиддин Миёнов фермерлик билан шуғулланиб, рўзғор тебратган. Онам Инобат Миёнова эса юрист бўлиб, билимли ва адолатли раҳбар бўлган. У киши ўзини ҳамиша фарзандларига намуна сифатида тутарди. Оиламизда уч фарзандмиз: акам, опам ва мен. Мен кенжа фарзанд бўлганим учун ота-онам ва ака-опам меҳрини юракдан ҳис қилиб ўсганман. Ота-онам ҳамма вақт бир-биримизга меҳр ва меҳнатни устувор қўйишни ўргатишарди. Бу тарбия ҳаёт йўлимда асосий пойдевор бўлиб хизмат қилиб келмоқда.
– Бола Умидада қандай қизиқишлар бор эди?
– Болалик чоғимдан бадиий китоб ўқишни жуда яхши кўрар эдим. Китоб мен учун нафақат завқ, балки билим манбаи, хаёл дунёси эди. Китоб орқали катта оламни кашф этардим. Шу қизиқишларим кейинчалик касб танлашимга ҳам таъсир кўрсатди.
– Илмий ва касбий йўлингиз қандай кечди?
- Илк бора 2001 йил Олмалиқ шаҳридаги 7- умумий ўрта таълим мактабида физика лаборанти ва «Камолот» ёшлар етакчиси бўлиб ишлаганман. 2023 йил она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси сифатида дарс бера бошлаганман. Ангрен давлат институтида она тили ва адабиёт йўналишини тамомлаб, 23 ёшимда Олмалиқ кон-металлургия техникумига ишга кирдим. Бу ҳаётимдаги энг катта қадамим эди. Бу даргоҳда аввал психолог сўнг она тили ва адабиёт фанидан дарс бера бошладим. Бу даврда дарс бериш билан бир қаторда, ёшлар қалбига билим ва китоб муҳаббатини сингдиришга ҳаракат қилдим. 2014 йил маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимида фаолият бошлаб, жамоат ишлари ва ёшлар тарбияси билан ҳам шуғулланиш имкониятига эга бўлдим.
– Оилавий анъаналарингиздан бири китоб ўқиш экан. Бу ҳақда кенгроқ сўзлаб берсангиз.
– Бизда китоб ўқиш ҳақиқий анъанага айланган. Онам, опам ва мен биргаликда китоб ўқишни яхши кўрамиз. Суҳбатларимиз кўпинча китоблар атрофида кечади. Опам кутубхонада ишлагани учун янгидан янги китобларни онамга юбориб туради, биз эса уларни муҳокама қиламиз. Онам доим “Она ўқимишли бўлса, фарзанд ҳам билимли бўлади”, деб айтади. Бу гап мен учун ҳаётий қоидага айланган.
– Онангизнинг ҳаётингиздаги ўрнини қандай ифодалайсиз?
– Онам – менинг энг катта таянчим ва илҳом манбаим. Ҳар қандай ишда, ҳатто шахсий қарорларда ҳам онам билан маслаҳатлашаман. У киши қатъиятли, барча муаммони оқилона ҳал қиладиган инсон. Ишонасизми, онам ҳалигача ҳар куни эрталаб мени уйғотади. Телефоним бир кун жирингламай қолишидан қўрқаман. Бу оддий ҳолдек туюлар, лекин онам меҳрини шу кичик ҳолатларда ҳам ҳис қиламан. Онам хар доим ким бўлсанг хам ишхонангда уйингда аёл, рафиқа, она эканлигингни унутмагин дейди.
– Бугунги кунда севимли аёл ва она сифатида ўзингизни қандай ҳис қиласиз?
– Аёл – оиланинг чироғи, деб ўйлайман. Фарзандларимнинг билимли ва уддабурон бўлиб ўсишлари – менинг энг катта мақсадим. Ўғил болани ёшлигидан меҳнатга ўргатиб, қийинчликни ҳис қилдириш керак, ҳунар ўрганиши шарт, деб ҳисоблайман. Қизлар эса назокат, ақл ва меҳр билан жамиятда ўз ўрнини топиши керак. Аёл раҳбар бўлса ҳам, уйда турмуш ўртоғининг меҳрига суянади. Менимча, аёл қўрғонга, суянч тоғга муҳтож. Шунинг учун турмуш ўртоғининг ёрдами ва қўллаб-қувватлаши ҳар бир аёл ҳаётида муҳим.
– Аёллар учун ҳаётий маслаҳатингиз?
– Аёл киши ҳеч қачон эркакнинг юмушини бўйнига олмаслиги керак. Ҳар ким ўз бурчини адо этиши лозим. Шу билан бирга, аёлнинг бир кулгуси, бир самимий сўзи кўп нарсани ўзгартиришга қодир. Оилада меҳр ва ҳурматни асраш – энг катта вазифа.
Мухлиса РАҳМАТУЛЛАЕВА.