Image default
Таълим

“ҚАНЧА ЎҚИГАНИМ САРИ ШУНЧА БИЛМАСЛИГИМНИ БИЛЯПМАН”

Таҳририят эшигидан ийманибгина келган қиз “Ёш китобхон” танловида иштирок этгани ва вилоятда қувонарли натижаларни қўлга киритгани ҳақида тўхталганида, ёнимизда китобга ошно, эртанги кунига бефарқ бўлмаган қиз турганини англадик. Бугун у қиз талаба. Қисқа муддат ичида ўқиганлари ва ҳаракати орқасидан нималарга эришгани, қачон китобга меҳр қўйгани, ҳаётида ўқиганлари қанчалик асқотаётгани, умуман, китоб инсонга нималарни бера олиши ҳақида унинг самимий жавоблари орқали билиб олишингиз мумкин.

22 ёшни қаршилаган Асқаралиева Нигора Ойбек қизи шаҳримиздаги 13-умумий ўрта таълим мактабида таҳсил олган. Айни дамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети 4-босқич талабаси. Шу билан биргаликда Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабида “Мужда” ижодий тўгарагининг раҳбари.

Илк марта ўқиган бадиий китобингиз?

  • Тўғрисини айтсам, мактабда унчалик кўп китоб ўқимаганман. Анча шўх қиз бўлганим учун фақат дарсликлардаги асарларни ўқирдим, аълочи бўлишга ҳаракат қилардим. Лекин шунга қарамай кутубхонага кириб, китобларни кўриш, уларни ҳидлаш, жавонлар орасида сайр қилиш ёқарди. Биринчи ўқиган китобим Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” асари бўлган. Кутубхонада бу ихчамгина, кичкина китобни кўриб тезда тугатаман, деб олгандим. Бироқ китобнинг шакли кичик бўлгани билан унда каттагина маънолар яширинган экан. Буни кейинчалик юқори синфларда ўқиган вақтимда билдим. Китобчани биринчи маротаба қўлимга олганимда ундаги ҳажвий ҳикояларнигина эслаб қолганим ҳам шундан.

Айтингчи, Нигора, сизнингча, китоб мутолаасини севиш, умуман, китобга ошно бўлишингизда кимнинг таъсири бор?

  • Кўпчилик китобхонликка оилавий муҳитни боғлайди. Менда эса аксинча. Оилам ишчилар оиласи бўлгани учун, уйимда китобни камдан-кам кўрардим. Лекин ота-онам ўқишимизга қаттиқ турарди, назорат кучли эди. Ўзлари ўқимасалар ҳам (оила ташвишлари деб бунга вақт ҳам, имкон ҳам бўлмаган) бизни доимо ўқишга ундарди. Қўлимизда бирон китобни кўриб қолса, сюжетларини эринмай сўрашарди. Лекин эсимда, дадам шеър ёзишим учун жуда кўп дафтарлар олиб келган, “Шуни тўлдирсанг, китобингни чиқарамиз”, деб менга мотивация берарди. Ваҳоланки, у дафтарнинг ярми шеър, ярми математик формулалар билан тўлиб кетарди. Онам эса бадиий асарлардан кўра, энциклопедик китобларни олиб келиб берарди. Укамга “Астрономия”, “Ҳайвонот дунёси” каби китобларни олиб келгани эсимда, у китоблар ҳалиям бор.
    Лекин жиддий китоблар оламига киришимга тарих ўқитувчим, адабиётга киришимга эса адабиёт устозим сабабчи. 5-синфдан буён она тили ва адабиёт фанидан олимпиадага чиқиб, шаҳар босқичида ғолиб бўлардим. Бугунги адабиёт ичидаги кичик муваффақиятларим тамал тошини шу адабиёт устозим – Муборак Эшонқулова қўйганлар. Шеърга ошнолик эса, бошланғич синфдан бўлган. Илк шеърларим муҳаррири — синф раҳбарим Наргиза Мадбобоева.
    Агар “Ёш китобхон”га ким тайёрлантирган, ундаган десангиз, сўзсиз, тарих устозим дейман. Ҳали танлов ҳақида эшитмай туриб, уларнинг шахсий кутубхонасининг “аъзоси”га айланган эдим. Устозим Орифжон Алимқулов биринчи маротаба Абдулла Қаҳҳорнинг “Анор” ҳикоялар тўпламини олиб келганди. Кейин “Тушда кечган умрлар”, “Фарғона тонг отгунча”, “Ўтмишдан эртаклар”, хуллас, адабиётимиздаги асл китобларни уларнинг қўлидан ўқигандим. Ўзим ҳам “Икки эшик ораси”ни ўқиш учун бериб тургандим. Орада фойдали айирбошлаш бўлганди. (кулади)
    “Ёш китобхон” танловининг Республика босқичига иккинчи уринишда чиққанман. Бунда мактабимиз етакчилари Акмал Расулов, Мираббос Холиқов, Муборак опа ва албатта, Орифжон устоз ёнимда туришган. Айниқса, икки устозимга – Муборак опа ва Ориф акага раҳмат айтаман: мени шўх-шаддод, қисман безори қиздан китобсевар қизга айлантирганлари учун!

Китобхон бўлишнинг ҳаётингиздаги плюсларини айтиб бера оласизми?

  • Нима десам экан, ҳозир ҳам ўзимни китобхон, деб ҳисобламайман. Ўзим учун ўқийман холос. Лекин бирон синф, маҳалла, шаҳар доирасида олсангиз, бошқаларнинг наздида китобхон бўлиб кўринишим мумкиндир.
    Оғир асарларни ўқиганимда ички дунёйимга қамалиб олардим. Китоблар кайфиятимга ҳатто тирик одамлардан кўра кўпроқ таъсир қилади. Энди бу жараённинг фойдали жиҳатларини санасак, мутолаа – аввало тафаккур кучини, фаросатни ўстиради. Тўғри жойда тўғри гапиришни ўргатади. Ҳатто гапиртирмайди ҳам (менга шуниси ёқади).
    Суқротда бир гап бор: “Қанча ўқиганим сари шунча билмаслигимни биляпман”. Китоб инсонларнинг кўнглини кўрсатади, киши билмаганлари кўп бўлгани сари янаям ўқишга шўнғийди. Бу энг зўр жараён.
    Яна мутолаа кишининг кўнглини ҳам нозик, ҳам қаттиқ қилиб қўяди. Муҳими, ҳақиқий ўқиган одам (Асқад Мухтор тили билан айтсак) ҳаётда “мўрт барг” бўлиб қолмайди.

2023 йилда стипендиант бўлдингиз, табриклайман, айни мана шу стипендиант бўлишингиз ҳаётингиздаги нимани ўзгартирди?

  • Катта раҳмат. Стипендиант бўлишни ҳали талаба бўлмасимдан аввал ният қилардим. Энди билсам, 4 йил ўқиб ҳам бундай имконият борлигини билмайдиган талабалар бор экан.
    2023 йил А.Навоий номидаги давлат стипендияси соҳибаси бўлдим. Ҳаётимда нима ўзгарди? Биринчи ўринда, одатий стипендиям миқдори анча ошди( ҳазил, албатта).
    Иккинчиси, магистратура учун грант ажратилиши бу — яхши имконият.
    Ҳозирча шу. Энг асосийси, ота-онам, устозларим, яқинларим хурсанд. Мен учун эса натижа эмас, шунгача босиб ўтилган йўл аҳамиятли. Стипендиант бўлиш осон эмас. 4 йил давомида интизомни сақлаб, баҳоларни “аъло” қилиш, мақолалар ёзиш, қўшимчасига танловларда иштирок этиш – бу ҳаммаси меҳнат, стипендиантлар рўйхати эълон қилинганда исм-фамилиямни кўриб, пешонамдан тер чиқиб кетгани эса рост.
  • Анқара сафаритасодифми ё..?
  • Анқара… Биласизми, Дилдора опа, Туркияга кетаётганимни эшитган яқинларим “Орзуйинг эди-я” деб такрор-такрор айтишди. Менимча, тасодиф эмас. Шу орзунинг амалга ошиши десак бўлар. Турк тили ва маданиятига жуда қизиқаман. Университетда ҳам турк устозларининг дарсларига қатнаб юрардим. Магистратурани ҳам Туркияда ўқийман деган вақтларим бўлган.
    Хориж пасспортини олишимга ҳам шу давлат туртки бўлган. Лекин вазият тақозоси билан паспорт олган йилим Туркияга боролмай қолганман. Илк хорижий сафарим 2023 йил ноябр ойида Тожикистонга бўлди. Бохтар университетида кунлик академик мобиллик асосида ўқишда бўлдик.
    Энди эса Анқара. Университетимизнинг туркий давлатлар олий таълим даргоҳлари билан алоқаси жуда яхши. Туркия бу рўйхатда энг олди қаторларда туради. Бу йил Навоий таваллудининг қисман Бурса шаҳрида нишонлангани ҳам бунга мисол.
    2–9-март кунлари Анқарада жойлашган Ғози университетида 72 соатлик академик алмашинув асосида ўқиб қайтдик. Ҳам саёҳат, ҳам зиёрат деганларидек, сафар жуда эсда қоларли таассуротларга бой ўтди.

Сафар сизга нимани ўргатди, нималарни режа қилдингиз-у, нималарни қилмаганингизга афсусландингиз?

  • Сафар нималарни ўргатди? Аввало молиявий мустақил бўлишни. Чунки сафарнинг деярли барча харажатлари талабаларнинг ўзидан бўлганди. Мен ҳам оиламга оғирлик тушмаслиги учун қўшимча ишлар қилиб, маблағ тўпладим ва эпладим чоғи.
    Анқарада ўзбек талабаларининг аҳиллиги жуда таъсир қилди. Улар бизни доимо қўллаб-қувватлашди, шаҳар айлантиришди, транспорт, дарслар борасида ёрдам беришди.
    Туркия таълим тизими ҳақида бироз бўлса-да тушунчага эга бўлиб қайтдик. Лекин бир нарсани англадимки, четда ўқиган ҳеч қайси талабага осон эмас экан. Хоҳ 100% лик грант билан кетинг, текин ётоқхонада туринг, сифатли таълим тизимида ўқинг, барибир уй соғинчи, оила даврасининг муҳитига етмайди. Шунинг учун ҳам айтишади-ку, бирон нарсага эришиш учун бошқасидан воз кечиш керак, деб.
    Шу ерда ширин суҳбатимизга якун ясадик, агар газета саҳифаларимиз етганида эди, бу қизнинг айтилмаган ва айтиши керак бўлган қизиқарли яна қанча гапларини оққа кўчирган бўлар эдик. Қисқа фурсатда, оддий мактаб ўқувчисининг китоб ўқиб, фикр-дунёси ўзгариб, бугун қандай қадамлар ташлаётгани сизга бир ибрат мактаби бўлади, деган умиддамиз.

Суҳбатдош
Дилдора Абдураҳмонова.

МАВЗУГА ОИД

ҲАРБИЙ ҲАЁТ САБОҚЛАРИ

admin

СИЗ ИЛА БОШЛАНУРБАҲОР НАФАСИ…

admin

LOTIN YOZUVIGA ASOSLANGAN O‘ZBEK ALIFBOSINI O‘RGANAMIZ BURCHAGI

admin

МЕНТАЛЧИЛАР ОЛИМПИАДАСИ

admin