Olmaliq bugun

admin

Бугунги Олмалиқ

Таъкидлаш керакки, юртимизда ҳар бир вилоят, шаҳар, туман ва қишлоқнинг ўзига хос ўрни бор. Жумладан, Олмалиқ шаҳрининг мамлакатимиз тараққиётида салмоқли ўринга эга эканлиги нафақат юртимиз, балки бутун дунёга маълум. Бу ҳар биримизни қувонтиради, албатта. Биргина, саноат ишлаб чиқариш соҳасини оладиган бўлсак, Олмалиқ бу борада жаҳон бозоридан ишончли жой олган. Хусусан, мамлакатимиз саноатининг локомотивлари бўлган Олмалиқ кон-металлургия комбинати ҳамда “Амафос-Максам” акционерлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар экспортбоплиги ва рақобатбардошлилиги билан яққол ажралиб туради.

Бугунги кунда шаҳримиз инфратузилмаси бутунлай ўзгариб, замонавий қиёфага кириб бораётгани, мунтазам равишда бунёдкорлик ишларининг амалга оширилаётгани ҳар бир ҳамшаҳримизга ғурур ва ифтихор туйғусини бахш этади.

Статистика бу ҳақда…

Статистик маълумотларга қараганда, бугунги кунда шаҳримизда 130 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Шулардан 61526 нафари эркаклар,  66894 нафари эса аёллардир. Шаҳримиз аҳолисига оилавий поликлиника ва шифохоналарда 244 нафар шифокор тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда.

Шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Н.Қуддусов маълумотларига кўра, шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан бир қатор ишлар бажарилмоқда. Хусусан, 2017 йилда дастурга 50та лойиҳа киритилган. Уларнинг умумий қиймати 323 млрд. 669 млн. сўм бўлиб, шундан ўз маблағлари 146 млрд. 543 млн. сўм, банк  кредитлари 73 млрд. 156 млн. сўмни ҳамда хорижий инвестициялар 28 млн.100 минг долларни ташкил қилади. Энг муҳими, жами лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 634та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, дастурга саноат йўналиши бўйича 26та лойиҳа киритилган. Лойиҳаларнинг умумий қиймати 302 млрд. 738 млн. сўм бўлиб, шундан ўз маблағлари 136 млрд. 918 млн. сўмни, банк кредитлари 61 млрд. 850 млн. сўмни ҳамда хорижий инвестициялар 28 млн. 100 минг долларни ташкил этади. Жами лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 433та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Шу йилнинг июнь ҳолатига 8та 7 млрд. 236 млн. сўмлик инвестиция киритилган лойиҳалар амалга оширилди.  Натижада ишга туширилган корхоналарда 97та янги иш ўринлари яратилди.

Юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби шаҳримизда ҳам маҳаллийлаштириш дастури доирасида салмоқли ишлар амалга ошириляпти.  “Олмалиқ КМК” АЖ, “Аммафос-Максам” АЖ, “САРБОН ПОЛИМЕР” МЧЖ, “БИОПРОДУКТ Фармацевтикалс” каби корхоналар маҳаллийлаштириш дастурига киритилган. Ушбу корхоналарда жорий йилнинг январ, май ойларида жами 3 млрд. 4476 млн. сўмлик бутловчи қисмлар ишлаб чиқарилди. “Биопродукт фармацевтика” МЧЖда дастурга асосан 5,6 млн. долларлик узум данагидан шифобахш косметик мойи ишлаб чиқарилиши режалаштрилган. Бу маҳсулотлар хорижий давлатларга экспорт қилиниши кўзланиб, яқин кунларда ушбу корхона ишга туширилади.

Шунингдек, мазкур дастурга киритилган “Олмалиқ метал груп индустриус” МЧЖнинг сунъий рангли тошлар ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилиши режалаштирилган. Бу корхонада юртимиз мустақиллиги байрами арафасида 75та янги иш ўрни яратилади.

Яна бир муҳим янгилик. Қорақолпоғистон Республикасида етиштириладиган қизилмия ўсимлигидан косметик маҳсулот ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Айни пайтда ушбу корхонанинг қурилиш ишлари давом эттирилмоқда. Энг асосийси, бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар хорижга экспорт қилиниши кўзланган.

Кўриб турибмизки, шаҳримизнинг ўтган йиллар давомида қўлга киритган ютуқлари билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бинобарин, давлатимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат туфайли, шунингдек, шаҳримиз аҳолисининг астойдил меҳнати, саъй-ҳаркати ва ташаббускорлиги эвазига ана шундай марраларга эришилмоқда.

Бу эса Олмалиқ аҳлига келгусида янада улкан ютуқларни қўлга киритиш учун катта куч-ғайрат бахш этади, десак, янглишмаймиз.

Лобар Жалилова