Image default
Жамият

ОШИРИЛАЁТГАН НАРХЛАР АҲОЛИ УЧУН ҚАЙ ДАРАЖАДА МАҚБУЛ?

Электр энергияси ва табиий газ ҳаёт ва иқтисодиёт учун жуда зарур ресурслардир. Ҳар иккала ресурс бўйича юртимизда ислоҳотлар бошланиб, «ақлли» электрон ҳисоблаш тизими ҳам тадбиқ этилди. Тўлов тизимини амалга ошириш онлайн шаклга ўтган бўлиб, аҳоли учун бу вақт ва молиявий сарфдорликда қўл келмоқда.

Электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими тўловлар ундирилиши ошишига ва дебитор қарздорликлар қисқаришига сабаб бўлмоқда.
Шу ўринда электр энергияси ва газ таъминоти тўловининг 1 июлдан ошиши ва табақалаштирилган нормага ўтиши билан боғлиқ турли фикрлар юзага келмоқда. Хўш, аҳоли учун бу яхшими ё ёмон?
Келинг, буни таҳлил қилиб кўрамиз. Газ, электр ва бензин нархлари турли мамлалакатда ҳар хил, улар ўртасидаги фарқ ҳатто 10-20 баробарга ҳам етади. Шунингдек, турли мамлакатлардаги аҳолининг даромадлари орасида ҳам катта фарқ бор. Унинг ушбу хизмат ва маҳсулотлардан фойдалана олиш даражасини баҳолаш учун мазкур мамлакатларда табиий газ ва электр энергиясининг аҳоли учун ўртача ойлик иш ҳақини ҳисобга олган ҳолдаги мақбуллиги рейтинглари мавжуд. Европа мамлакатлари бўйича тузилган ана шундай рейтингларда электр энергияси ёки газнинг ҳозирги нарх-наводан келиб чиқиб, бир ойлик ўртача иш ҳақига неча м3 газ ёки қанча кВт электр энергиясини харид қилиш мумкинлиги ҳисобланади. Сўнгра аҳолининг ушбу маҳсулотлардан фойдалана олиш даражасига қараб, рейтинг тузилади. Мазкур рейтингда мамлакатнинг эгаллаган ўрни қанчалик юқори бўлса, ушбу мамлакат аҳолисининг электр энергияси ёки газдан фойдалана олиш даражаси ҳам шунча баланд бўлади.
Вазирликлар электр энергияси нархи арзонлиги бўйича Ўзбекистон Ливия, Ангола, Судан, Қирғизистон, Зимбабве ва Тожикистондан сўнг дунёда 7-ўринни эгаллашига эътибор қаратишган. (Қирғизистон ва Тожикистонда электр энергиясининг асосий қисми гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилади, шу сабабли унинг нархи арзонроқ).
Юртимизда мавжуд электр узатиш тармоқлари ва трансформаторларнинг асосий қисмининг қувват ўтказиш қобилияти пастлиги истеъмолчиларга электр энергиясини етарли ҳажмда етказиб бериш имкониятини бермаслиги ҳамда айрим ҳудудларда трансформаторларнинг юкланганлик даражаси белгиланган 80 фоизли техник меъёрдан юқорилиги аҳолини ва янги инвестиция лойиҳаларини электр энергияси билан тўлиқ таъминлаб беролмаслиги ҳамда ҳудудларда электр таъминотида авариялар сони ошиши хавфини келтириб чиқаришга омил бўлмоқда. Буларни бартараф этиш учун эса уларга катта миқдордаги молиявий маблағ даркор.
Шу муносабат билан 2021 йил ҳисоб палатаси 2022 йилда энергия ресурслари, жумладан, электр энергияси, табиий газ, иссиқ сув ва иссиқлик энергияси, совуқ сув ва канализация тарифлари нархлари оширилишини маълум қилган эди.
Куни кеча эса ҳукуматнинг ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисидаги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди (https://regulation.gov.uz/oz/d/61845). Қарор лойиҳасига кўра, жорий йил 1 июлдан бошлаб электр энергияси бўйича аҳоли учун 1 кВт соат электр энергияси истеъмоли ойига 250 кВт соатгача – 325 сўм (ҳозирда 295 сўм), 250 кВт соатдан юқори ҳар 1 кВт соат учун – 650 сўм этиб белгиланиши кўзда тутилмоқда.
(Табақалаштирилган нархларда 250 кВт.гача электр энергия ишлатадиган абонентлар учун қўшимча харажат ойига 7,5 минг сўмгачани, 300 кВт.с гача ишлатадиган абонентлар учун 25 минг сўмгачани ва 400 кВт.с гача электр энергия ишлатадиган абонентлар учун эса 61 минг сўмгачани ташкил этади).
Қарор лойиҳасида берилган суммаларни шаҳримиз мисолида ҳисоблаб кўрамиз. Шаҳар электр таъминоти масъуллари маълумотларига кўра, кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи аҳоли ойига ўртача 120 кВт ҳамда ҳовли уйда яшовчи аҳоли эса озроқ фарқ билан 130 кВт электр энергиясини сарф қилишар экан. Демак, лойиҳада кўрсатилган кВтдан кўп ишлатмасангиз, ортиқча тўловни амалга оширмайсиз ва сиз учун бу сумма катта кўрсаткични бермайди.
Табиий газ бўйича эса аҳоли учун 1 м3 табиий газ истеъмоли ойига иситиш мавсумида 700 м3 метргача – 410 сўм (ҳозирда 380 сўм), 700 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун –1 200 сўм, иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача – 410 сўм, 200 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1 200 сўм қилиб белгилаш назарда тутилган. (иситиш мавсумида 700 м3 гача табиий газ истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 21 минг сўмгача, 1000 м3 гача истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 267 минг сўмгачани ташкил этади. Шунингдек, иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 м3 гача табиий газ истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 6 минг сўмгача, 300 м3 гача истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 88 минг сўмгачани ташкил этади).
“Олмалиқшаҳаргаз” газ таъминоти бўлими маълумотларига кўра, кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи аҳоли ойига ўртача 60-70 куб метр, ҳовли уйда яшовчилар эса қиш мавсумида ўртача 800-900 куб метргача газ истеъмол қилишаркан. Демак, бу кўрсаткичлардан билиш мумкинки, лойиҳада кўрсатилган рақамлар натижасида аҳоли учун ижтимоий норма доирасидаги тарифларнинг арзонлиги таъминланади.
Тадбиркорлар бизнес энергия истеъмоли учун қимматроқ тўлашади. Аҳолига ижтимоий нормадан ташқари истеъмол электр учун 1 кВт соат – 650 сўм, газ эса, ҳар 1 м3 учун – 1 200 сўм. Бизнес электр учун ҳар кВт соат учун 600 сўмдан, газ учун эса ҳар м3 учун 1150 сўмгача тўлайди. Алоҳида истеъмолчилар — НКМК, ОКМК ва бюджет ташкилотлари учун тарифлар янада қимматроқ ўрнатилган.
Яна ҳам тушунарлироқ айтиладиган бўлса, бир пайтнинг ўзида 2−3 та кондиционер, биттадан ортиқ музлаткич, компьютер ва бошқа электр жиҳозларидан фойдаланувчи, яъни тўлов қобилияти юқори хонадонлар мос равишда кўпроқ электр энергиясини сарф қиладилар ва улар меъёрдан ошган ҳар кВт ёки куб учун белгиланган миқдордаги тўловни амалга оширадилар.
Умуман олганда амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар замирида энергетика соҳасидаги ислоҳотлар табиий газ ва электр энергия тарифларини ижтимоий адолат тамойиллари асосида белгилаш ҳамда аҳоли ва тадбиркорларимиз учун энергия таъминотининг узлуксизлиги ва кўламини кенгайтириш учун замин яратишдир. Шунингдек, ҳукуматнинг режаларига кўра, 2026 йилдан бошлаб электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг улгуржи бозорига ўтилади ҳамда нархлар эркин шаклланади.

Дилдора АБДУРАҲМОНОВА

МАВЗУГА ОИД

ИНСОН УЛУҒ, ҚАДРИ МУҚАДДАС!

admin

Тарғибот, таҳлил ва камчиликлар

admin

БАРЧА САЪЙИ-ҲАРАКАТЛАР — ИНСОН ҚАДРИ УЧУН

admin

ҲАРБИЙ ҚИСМДА БИР КУН

admin