Image default
Таълим

ЎҚИТУВЧИНИНГ МУЛОҚОТГА КИРИШУВЧАНЛИГИ -МУВАФФАҚИЯТ ОМИЛИ

Мутахассисларнинг психологик компетентлиги масаласини тадқиқ этишга кейинги пайтларда қизиқиш анча кучайиб бормоқда. Албатта, психологик компетентликни тушуниш шахс фаолиятининг турли кўринишларини таҳлил этиш баробарида аниқлаштирилади, шунинг учун биз ушбу муаммога ўқитувчи фаолиятини ўрганиш мисолида мурожаат қилмоқчимиз.

Психология фанида шахс ривожи даражасининг у фаолият юритаётган, ҳаёт кечираётган муҳитга чамбарчас боғлиқлиги аллақачон ўз исботини топган. Компетентлик ривожи бир вақтнинг ўзида унинг турли кўринишлари, даражалари ва компонентлари уйғунлашуви, интеграциясини англатади. Инсоннинг ўз-ўзи, бошқалар, фаолият предмети ва атроф-олам билан компетенциявий ўзаро алоқаси модели шаклланади.
Ундан кейинги босқичда қуйидаги компонентлар ривожлантирилиб борилади: мулоқот ва фаолиятнинг компетенциявий усули; компетенциявий хулқ-атвор; инсоннинг шахс сифатидаги моҳиятини англатувчи компетентлик; субъектнинг компетенциявий ҳаёт тарзи.

Ўқитувчининг касбий педагогик фаолияти “ўқитувчи-ўқувчи” ўзаро алоқаси негизида олиб борилади, айнан шу жараёнда таълимий, тарбиявий, коррекцион, ривожлантирувчи ва шакллантирувчи мақсадлар амалга оширилади. Шунинг учун ўқитувчи касбий-психологик компетентлигини ўрганишда энг аввало, коммуникатив (мулоқот) компетентликка эътибор қаратилгани мақсадга мувофиқдир.
Коммуникатив мулоқот шахс хулқ-атворининг бошқалар тарафидан тўғри англаниши билан ҳам боғлиқдир. Инсон хатти-ҳаракатлари мазмунининг айнан мулоқот жараёнида ўзгаларга тўғри етказилиши шахсда ижтимоий шериклик субъекти сифатида қониқиш ҳиссини уйғотади. Пировардида, коммуникатив мулоқотнинг юқори даражаси жамиятда муваффақиятга эришишни таъминлайди, бу эса мос равишда кишининг ўзини ўзи ҳурмат қилиши даражасига ҳам таъсир қилади. Коммуникатив мулоқотнинг қуйи даражаси эса стрессга мойиллик, хавотирланиш, қўрқув каби ҳолатларнинг юзага келишига сабаб бўлади.
Ўқитувчининг касбий фаолиятида ўқувчига мулоқот шериги сифатида психологик жиҳатдан далда, мадад бериши дарс ва дарсдан ташқари вақтдаги педагогик муваффақиятнинг муҳим омилларидан ҳисобланади. Хуллас, компетенциявийлик кенг тушунча сифатида педагог, ўқитувчининг ўз профессионал, касбий вазифаларини бажаришга бўлган назарий ва амалий тайёрлигини, субъект сифатида ташқи олам, кишилар билан муносабатларини тўғри йўлга қўйишини англатар экан, таълим жараёнида мазкур хусусиятни қарор топтириш олдимизда турган муҳим вазифалардандир.

Моҳира Ахмедова,
22-мактаб психологи.

МАВЗУГА ОИД

ЖАРАНГЛАСИН ҚЎНҒИРОҚ, ИЛМ ЙЎЛИДА УЗОҚ

admin

ҒАЛВИР СУВДАН КЎТАРИЛДИ

admin

ФАН ОЙЛИГИ ФАНТАЗИЯЛАРИ

admin

ЎҚИТУВЧИЛАРНИНГ ОЙЛИГИНИ ЭМАС, САВИЯСИНИ ОШИРИШ КЕРАК

admin