Image default
Шеърий саҳифа

Уйғонмасак, уялгаймиз


Уйқу учун келмаганмиз бу дунёга,
Юзни чайинг тонглар сочган нур, зиёга,
Қалби уйғоқ мушаррафдир хуш дуога,
Вилоятим, аҳли Тошкент, ўтинчим бор,
Уйғоқ элни бандам дегай, Парвардигор.


Мудроқ одам муродига етган эмас,
Қут- барака кўчасидан ўтган эмас,
Юз йил яшаб бахт баридан тутган эмас,
Вилоятим, аҳли Тошкент, тўлғон энди,
Уйғонганлар сафига кир, уйғон энди!


Нурафшоннинг номидаги нуринг ҳаққи,
Олмалиқдан олаётган дуринг ҳаққи,
Бекободни пўлат қилган қўринг ҳаққи,
Чирчиқ билан яна юз бор қувон энди,
Қувончингни қўшиғидан уйғон энди!


Бўстонлиқдек жаннатмонанд гулзор бизда,
Паркент деса, узумига хумор бизда,
Оҳангарон тилдан тушмас алёр бизда,
Боғинг бевақт кўрмасин ҳеч хазон энди,
Деҳқон элим, боғбон элим, уйғон энди!


Тошкент отлиғ ўз мактабинг яратгандинг,
Ибрат тўккан изларингга қаратгандинг,
Пойтахт бўлиб шон-шуҳратинг таратгандинг,
Аслида-ку, Ватан учун – уммондайсан,
Нечун, ахир, шу қадрингда уйғонмагайсан?!


Уйғонишдан Худо ҳаққи уялма ҳеч,
Ўз орингдан ўзгасига суялма ҳеч,
Бугун уйғон, эрта албат бўлади кеч,
Уйғонганлар ичра ургин жавлон энди,
Шиддатингни шамолидан, уйғон энди!


Юртбошининг меҳри бизга дарёча бор,
Шу меҳрни – оқламоқни қил ихтиёр,
Вилоятим, аҳли Тошкент, айтгум такрор,
Бу даъватдан бўлмагин ҳеч ҳайрон энди,
Уйғонмасак, уялгаймиз, уйғон энди!


Маҳмуд ТОИР,
Ўзбекистон халқ шоири

МАВЗУГА ОИД

«XAFA QILIB QO’YMAYMAN»

admin

Navro`z muborak

admin

QALBIMNING QO’RISAN…

admin

MEHRIBONIM

admin